ФАРЗАНДИНГИЗ – КЎЗГУДАГИ АКСИНГИЗ
09 март 2024 й.
309 марта ўқилди.

                                ФАРЗАНДИНГИЗ – КЎЗГУДАГИ АКСИНГИЗ
Ҳар бир оилада тарбия топиб, камолга етадиган фарзандлар, куни келиб ўз юртига қўшадиган муносиб ҳиссаси туфайли, ўз оиласидан бошланган кўникмалари, билимлари, энг аввало хулқ-атвори, одоб-ахлоқи, тарбияси  уларнинг ҳаётида беқиёс мукофот бўлиб хизмат қилади.
Қуш инида кўрганини қилади. Инсон боласи ҳам оила муҳитига мос равишда униб-ўсади. Ҳар бир оилада ота-она ва катталар фарзандлар учун ўрнак бўлмоғи лозим.  Барча ота-оналар ўз фарзандини келажакда ҳар томонлама  етук шахс, комил инсон бўлиб улғайишини истайди. Келажакда дунёга келадиган фарзандларга муносиб она танлаш ҳақида фарзанд ҳали туғилмасидан аввал қайғурилади. 
Оиша онамиз розияллоҳу анҳодан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Фарзандларингизга муносиб онани ихтиёр қилинглар”, деганлар. 
Яъники, ота кўп вақтини кўчада, ишда, умуман олганда уйдан йироқда ўтказади. Оилада фарзандлар ёнида кўп вақт  бўлиш оналар ҳиссасига тўғри келади. Қизларимиз, аёлларимиз, оналаримиз маънавияти юксак, гўзал ахлоқли, ҳусни хулқли бўлишса улардан тарбия топиб, вояга етадиган фарзандлар ҳам келажакда маънавиятли, юксак салоҳиятли, ақлли, зеҳнли, етти ўлчаб бир кесадиган, адолатли, оқилу доно бўлиб улғайишади. 
Бироқ фарзанд тарбиясида она тўлалигича масъул деган фикрдан йироқмиз. Шариатимиз таълимотига кўра, фарзандлар тарбиясида ота-она бирдек масъулдирлар. 
Оилада раҳбар ота бўлгани сабабли фарзандлар тарбияси борасида катта масъулият унинг зиммасида ҳам бўлади.  Ушбу сўзларимиз тасдиғи сифатида, Расули акрам  алайҳиссалоту васалламдан қуйидаги ҳадиси шарифни келтиришни лозим топдик: “Ҳеч бир ота ўз фарзандига одобдан кўра яхшироқ ҳадя беролмайди”- деб марҳамат қилганлар. (Термизий ривояти). 
Бундан келиб чиқадики, киши фарзандларини моддий томондан таъминлаб қўйганидек, маънавиятини ҳам бойитиб улғайтириши лозим. Оилага эътибор, одоб-ахлоқ, таълим-тарбия бериш ота-оналарнинг бурчларидир. 
“Бир болага етти маҳалла ота-она” деган нақл бошқа халқларда бўлмаса керак. Шу биргина нақлнинг ўзидан ҳам фарзанд тарбияси, оилапарварлик, биз учун нечоғлик аҳамиятли эканлигини кўриш мумкин. 
Кексалар кўчада ножўя иш  қилаётган болани олдидан ҳеч қачон бепарво ўтиб кетмаган. Фарзанд тарбияси жуда нозик масала. Сиз ўз фарзандингиз тарбияси борасида,  у нима қилиши кераклигини ва қандай бўлиши кераклигини  ўзингиз мисолингизда кўрсатиб борасиз. 
Фарзандларимиз кимлар билан дўстлашмоқда, қандай кишиларнинг суҳбатини тингламоқдалар, ижтимоий тармоқ оламидаги қизиқишлари нималардан иборат эканини мунтазам назоратда тутмоқ бугунги даврнинг долзарб талаби ҳисобланади.
Оилада ота-она ҳаракати, бамисоли болага кўзгу. Асабийлашманг, фарзандингизга хушмуомала ва гўзал амалда ўрнак бўлинг. Ишонинг, сизнинг ҳар бир ҳаракатингиз, забонингиздаги ҳар бир сўзингиз  фарзандингиз тарбиясида  катта аҳамият касб этади. 
Сўзимизни маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлонийнинг қуйидаги ҳикматлари билан якунлаймиз: “Тарбия биз учун ё ҳаёт, ё мамот, ё нажот, ё ҳалокат, ё саодат, ё фалокат масаласидир”.
Яратган Зот, тарбия борасида барчамизни собит қадамлардан қилсин! Фарзандларимизни гўзал ахлоқли бўлиб камол топмоғини, кўзимиз қувончи бўлиб, дунёю охиратда юзимизга нур улашгувчи кишилар бўлмоғини насиб қилсин! 
 


Ойнисо Йўлдошева,

 

Шофиркон туман Дўрман М.Ф.Й. отинойиси 



 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:35
Куёш: 07:15
Пешин: 13:10
Аср: 16:10
Шом: 17:45
Хуфтон: 19:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram