Солиҳ фарзанд сўраш дуоси
27 декабр 2022 й.
1099 марта ўқилди.
Солиҳ фарзанд сўраш дуоси
Фарзанд туғилган хонадон албатта, баракага тўлади. Зеро, Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан қилинган ривоятда: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Абдуллоҳ ибн Аббос, боласи йўқ уйнинг баракаси ҳам бўлмайди,” – деб, умматларини фарзандли бўлишга ҳамда унга эътиборли бўлишга тарғиб қиладилар. Аллоҳ кимга хоҳласа қиз фарзанд кимга ўғил ато этади. Баъзисига бермай имтиҳон қилади.
Синов фақатгина бало билан бўлмас экан. У гоҳида неъмат бериш ила ҳам бўлар экан.
Бало билан синалгандаги муваффақият сабрдадир.
Неъмат билан синалгандаги муваффақият эса шукрдадир.
Агар уйлана олмаётган бўлсанг бу синовдир. Аллоҳ нима қимоқчи эканингни билмоқчи. Аллоҳ сенга яхши завжа бергунича сабр қиласанми ёки фаҳш ишларга бош суқасанми? Агар фарзандинг бўлмаса бу сен учун синов.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни бир аъробийнинг олдидан ўтиб қолдилар. Унинг туяси қўтир касаллиги билан касалланган экан. Аъробий эса қўлини осмонга кўтариб туясига шифо беришини сўраб Аллоҳга дуо қилар эди. Умар розияллоҳу анҳу анҳу унга:
“Дуойингни озроқ мой билан қўллаб юбор!”, дедилар.
Аллоҳ таоло бу дунёни сабабият қонуни асосида яратган. Ким бир нарса истаса шу йўлдан бориши лозим.
Гоҳида эса ҳаракат қилсанг ҳам муваффақиятга эриша олмайсан.
Уйлансангда фарзанд кўра олмайсан. Чунки қадари илоҳий доимо устун туради.
Фарзанд кўриши кечикаётгангаларга, Аллоҳдан умид ила дуо қилиб, мудом ҳаракатда бўлаётган инсон. Қуйидаги дуони ихтиёрий (нафл) намозларнинг саждасида (тахминан) 40 марта ўқиса. Агар таҳажжуд намозида бўлса, яна яхши:
((رَبِّ لَا تَذَرْنِي فَرْدًا وَأَنْتَ خَيْرُ الْوَارِثِينَ))
"Робби лаа тазарний фардав-ва-анта хойрул ваарисийн!"
«Эй Роббим, мени ёлғиз ҳолда ташлаб қўйма (яъни, менга Ўз даргоҳингдин бир меросхўр фарзанд ато эт), Ўзинг энг яхши Ворисдирсан (яъни, барча махлуқотлар ўлиб кетганидан кейин ҳам боқий қолувчи Зот)».
("Анбиё" сураси, 89- оят)
Бу дуо Қуръонда келган, Закариё алайҳиссаломнинг Аллоҳдан фарзанд сўраб ўқиган дуоларидир. Дарҳақиқат, Аллоҳ Таъоло Закариё алайҳиссаломга ворис қилиб Яҳё алайҳиссаломни берган эди.
Демак биз ҳам сабр қилиб шаръий йўллар билан даволанмоғимиз лозим. Ношаръий йўллардан узоқ турмоғимиз лозим. Шошқалоқлик қилиб Жин, жодугар, дажжоллар, қабристонлар ва бошқаларга югурмаслик лозим.
Закарийё алайҳис саломга фарзанд берилиш кечикканида хушхабарни меҳробда эшитган эдилар. Биз саждада сўрайдиган меҳробда муждаланадиган умматмиз!
Неъмат берилса шукр қиламиз! Агар берилмаса сабр қиламиз!
Аллоҳ берса сеники бўлмаган хазинадан беради. Агар бермаса сеники бўлмаган нарсани бермайди.
Аллоҳ берса бир ҳикмат учун беради, ман қилса бир ҳикмат учун ман қилади.
Даволанинг. Биз даволанишга амр қилинган умматмиз. Табибнинг ҳузурига бориш Аллоҳга бўлган таваккулимизга зарар бермайди. Бу Аллоҳнинг қадаридир. Хоҳласа табибнинг қўли билан сенга шифо беради. Хоҳламаса дунёнинг энг зўр табиблари ҳам йиғилиб келиб ҳеч нарса қила олишмайди. Аммо биз сабабларни тутишга мажбурмиз.
Имом Нававий раҳимаҳуллоҳ уйланмади. У зотдан дуо қилиб турадиган фарзанд қолмади. Аммо унинг " Арбаъин", " Риёзус солиҳин" асарларини билмайдиган инсон йўқ.
Шофиркон туман "Шайх Дарвеш" масжиди
имом-хатиби Жамолов Азизжон
имом-хатиби Жамолов Азизжон
«орқага