Фарзандлар камолида дуонинг ўрни
06 март 2016 й.
5861 марта ўқилди.

 Фарзандлар камолида дуонинг ўрни.

      Никоҳ ўқитиб, турмуш қуриб, биргаликда ҳаёт кечираётган, фарзанд кўриш ниятида юрган ёш оилалар Аллоҳ таолодан солиҳ ва соғлом фарзанд тилаб дуода бўлишлари ва аҳли солиҳ, олимлардан дуо олишлари жуда ҳам муҳимдир. Бу дуо фарзандларимизни келажакда комил инсон бўлиб дунёга келишлари, вояга етишлари, ақлан, жисмонан ва руҳан  соғлом бўлиб туғилишлари учун жуда аҳамиятлидир.    Аллоҳ таоло Фурқон сурасида Ўзининг маҳбуб бандалари, тақводорлар қандай дуо қилишларини зикр қилиб, улар: “Эй Роббимиз, Ўзинг бизга жуфти ҳалолларимиздан ва зурриётларимиздан кўзимиз қувонадиган нарса ҳадя эт ҳамда бизларни тақводорларга йўлбошчи эт”, дейдиганлардир, дейди. Демак, мусулмон инсон Аллоҳ таолога дуо қилишида қараганда хурсанд қиладиган, илму-маърифати, одобу-ахлоқи, шарму-ҳаёси, дину-диёнати кўзни қувонтирадиган, солиҳ ва солиҳа фарзанд сўрашлиги лозим экан.
 
 Аллоҳ таоло Закариё алайҳиссоломни бефарзандлик мусибати билан имтиҳон қилганди. Аммо у зот ёшлари ўтиб, қариб  қолган чоғларида ҳам, одатда ва тажрибадан  фарзанд кўриш мумкин бўлмаган ёшларида ҳам  дуодан  тўхтамадилар, ҳар бир нарсага қодир бўлган Раззоқ Зотдан умид узмадилар.  
 
      Аллоҳ таоло Аъроф  сурасида Закариё алайҳиссаломни дуоларини марҳамат қилади: “ Эй Роббим, мени ёлғиз ташлаб қўйма, Сен Ўзинг ворислариниг яхшисисан”.       Оли  Имрон сурасида: “Шу чоғда Закариё Роббига дуо қилиб: “ Роббим, менга Ўз ҳузурингдан покиза зурриёт ҳадя эт. Албатта сен дуони эшитгувчи сан ” деди”, деб.
 
Етмиш йилларча қилинган дуонинг натижаси қандай бўлди? Аллоҳ таоло айтади: “ Бас, Биз уни ( дуосини ) қабул этдик...” У дуосида ёлғиз ташлаб қўймаслигимизни сўраган эди. Шунинг учун ҳам “ ... унга Яҳёни ҳадя қилдик...” деб. Демак, биз дуонинг барча одоб ва  қабул бўлиш шартларини бажариб Аллоҳ таолодан сўраймиз, аммо бесабрлик қилиб, қабул бўлмаяпди деб шошилмаймиз. Закариё алайҳиссалом сабр билан дуо қилишда давом этдилар, Аллоҳ таоло Яҳё исмли фарзандни берди. Ота-она бўлиш орзусида бўлган ҳар бир инсон Аллоҳ таолодан яхши фарзанд сўраб дуода бўлишлари ўтган буюк пайғамбарлардан бизларга меросдир.
 
  Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:  Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “ Сизнинг ҳар бирингиз онанинг қорнида бир юз йигирма кунлик бўлганида унинг ичига руҳ пуфланади ва тўрт калима: ризқи, ажали, амали ва бахтли ёки бахтсизлигини ёзишни, Аллоҳ таоло фариштага амр қилади ”. 
 
     Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом бу сўзлари, фарзанд онанинг вужудида шаклланиётганда, уни ҳаққига қиладиган хайрлик дуолар сабабидан, келажакда бахтлилардан бўлиб, ота-онанинг орзуйидагидек фарзанд бўлишини англатади.  Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир ота-она бу дақиқаларни, фарзанд камоли учун муҳим бўлган лаҳзаларни ўтказиб юбормаслигини хоҳлаяпдилар.   
  Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ота-она фарзандларини бахтлилардан бўлиши учун вақтни ғанимат билиб, ҳаққига чиройли дуода бўлишига ундамоқдалар.
      Салмон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз  соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилиб айтадилар: “Қазони фақатгина дуо рад қилади. Умрни фақатгина яхшилик зиёда қилади ”.    
 
      Аллоҳ таоло   қуръони карим Ғофир сурасида марҳамат қилади:  “Менга дуо  қилинглар қабул қилурман ”, деб. (60- оят.)
 
       Марям онамизнинг оналари хомиладорликларидан бошлаб доим дуо қилардилар. Фарзандни дунёга келтирганларидан кейин ҳам дуо қилиб: “ Албатта, мен Сендан унга ва унинг зурриётига шайтонир рожим шарридан паноҳ тиларман ”, деганлар. ( Оли Имрон. 36-оят) Қаранки, бир солиҳа, тақводор аёл фарзанди туғилиши биланоқ боласини ҳам ва ундан келажакда туғиладиган зурриётини ҳам шайтоннинг ёмонликларидан ҳимоя қилишини Аллоҳ таолодан  дуо қилиб сўраши, ўзларидан кейин келадиган барча муслима аёлларга ибрат мактаби бўлиб қолди. Натижада, чин ихлос, муҳаббат билан қилинган дуонинг шарофатидан Марям онамиз туғилдилар, у кишидан эса Исо алайҳиссалом туғилдилар. Бу вақтларни ёш келин-куёвларимиз, ота-оналик бахти остонасига турган болаларимиз  ғанимат билиб, келажакда туғиладиган  фарзандларини бахту саъодатини ўйлаб иш қилсалар яхши бўларди. Баъзида, ҳали туғилмаган боламизга деб, турли хил кийим-кечак, ҳар хил жиҳозлар, ўйинчоқлар олиш учун молимизни сарфлаятганда, боламизнинг икки дунёсини обод қиладиган, ҳақларига қилишимиз керак бўлган дуони, беришимиз лозим бўлган таълим-тарбия бор эканлигини ҳам эсдан чиқармаслигимиз лозим. Чунки бу моддий неъматларни боламиз туғилганидан кейин ҳам топа оламиз, лекин дуо қилиниши лозим бўлган вақтни тополмаймиз.
 
     Халқимизда“ Дуо билан эл- Ёмғир билан ер кўкаради”, деган мақол бежизга айтилмаган.
     Ота-онанинг қилаётган дуолари уларнинг фарзанд кўришни хоҳлаётганларидан дарак беради. Дуоларимизни фойдаси кўп ва зарур эканини замонавий илм ҳам тасдиқлади. Ирсиятни ўрганувчи олимлар илмий тадқиқотлар ўтказиб одамларнинг нима учун борган сари беоқибат, бераҳм бўлиб кетаётгани, оила аъзолари орасида ўзаро ҳурмат ва эъзоз йўқолиб бораётганинг сабабини топганларини эълон қилишди. Уларнинг айтишларича, мазкур нохушликларнинг сабаби ота ва оналар томонидан исталмаган фарзандларнинг дунёга келиши экан. Бу эса беоқибат инсонлар асосан зинодан ва фарзанд кўришни истамаган ота-оналардан туғилади деганидир. Ота-она фарзанд кўришни хоҳламай турганида руҳий ҳолати улардан пайдо бўлган ҳомилага ўтиши турган гап. Бу салбий ҳолат боланинг руҳига ҳам салбий таъсир қилиши аниқ. Шунинг учун ҳам динимиз ота-оналарга туғиладиган фарзандларини соғлом ва солиҳ бўлишини сўраб дуо қилишлари лозимлиги таъкидланади.
 
   Фарзандларимизнинг камоли учун аҳли илм, уламолардан ҳам дуо олиб туришимиз лозим. Имом Садидуддин Шерозий ўз устозларидан қуйидаги сатрларни ривоят қилган: “Ким фарзанди олим бўлишини истаса фақир олимларга ёрдам берсин, уларга иззат-икром кўрсатиб, хайр-эҳсон қилсин.  Агар фарзанди олим бўлмаса небараси олим бўлади” деганлар. 
 
         Ўтган аждодларимиз бу масалага катта аҳамият берганлар. Ривоят қилишларича  Имоми Аъзамнинг отаси Собитни болалик чоғида боболари Зутий ҳазрат Али розияллоҳу анҳу ҳузурларига олиб келиб, унинг ҳаққига дуо қилишларини сўрайди. Ҳазрат Али розияллоҳу анҳу Аллоҳ таоло бу боланинг ўзига ва зурриётига баракот берсин, деб дуо қиладилар. Аллоҳ таолонинг азалий иродаси ва ушбу дуо шарофатидан Собитнинг зурриётидан Имоми Аъзамдек машҳур мужтаҳид, муфаққиҳ, ҳанафий мазҳабимизнинг асосчиси, буюк олим дунёга келди. Абу Ҳанифа раҳимаҳуллоҳнинг минглаб талабалари орасидан қирққа яқини мужтаҳидлик мартабасига эришгани ҳам диққатга сазовордир.
 
 
«Соктари» жомеъ
масжиди имом хатиби:   
  Жасурбек Латипов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:30
Куёш: 05:14
Пешин: 13:10
Аср: 18:35
Шом: 20:20
Хуфтон: 21:50
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram