Умра ибодати – улуғ фазилат ва маънавий камолот сари йўл
30 июл 2026 й.
107 марта ўқилди.
Умра ибодати – улуғ фазилат ва маънавий камолот сари йўл
Ислом динида ҳаж ва умра ибодатлари алоҳида ўрин тутади. Қуръони каримда: «Ҳаж ва умрани Аллоҳ учун мукаммал адо этинг» (Бақара сураси, 196-оят), деб марҳамат қилинган. Ушбу оят мўминларни ибодатларни ихлос билан, белгиланган тартиб ва одобларига риоя этган ҳолда адо этишга чорлайди.
Ҳаж ибодати моддий ва жисмоний имкониятга эга бўлган ҳар бир мусулмон учун умрида бир марта фарз этилган. Умра эса аксарият уламолар наздида суннати муаккада бўлиб, уни адо этиш улуғ савоб ва фазилатга эга амаллардан ҳисобланади.
Ҳадиси шарифларда ҳам умранинг фазилати кенг баён қилинган. Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Бир умра билан кейинги умра орасидаги гуноҳларга каффорат бўлади. Мабрур ҳажнинг мукофоти эса фақат жаннатдир», деганлар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Шунингдек, яна бир ҳадисда: «Ҳаж ва умра қилувчилар Аллоҳнинг меҳмонларидир. Улар дуо қилсалар, дуолари ижобат қилинади, мағфират сўрасалар, гуноҳлари кечирилади» (Имом Ибн Можа ривояти), дея марҳамат қилинган.
Ҳаж ва умра сафарига отланишдан аввал ҳалол меҳнат билан ризқ топиш, ибодат харажатларини пок маблағ ҳисобидан амалга ошириш муҳимдир. Зеро, ибодатнинг мукаммаллиги ихлос ва ҳалоллик билан чамбарчас боғлиқ.
Муқаддас Макка ва Мадина зиёрати ҳар бир мусулмон қалбида унутилмас таассурот қолдиради. Каъбани тавоф қилиш, Масжидун Набавий ва Қубо масжидида ибодат қилиш, Бақиъ қабристонини зиёрат этиш инсоннинг маънавий оламини янада бойитади, Аллоҳга бўлган муҳаббат ва шукроналик туйғуларини мустаҳкамлайди.
Яратгандан барча мусулмонларга ҳаж ва умра ибодатларини адо этишни насиб этишини, ибодатларимизни Ўз даргоҳида мақбул айлашини, барчамизни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шафоатларига сазовор бандаларидан қилишини сўраб дуо қиламиз.
Ойнисо Йўлдошева,
Бухоро вилояти Шофиркон тумани Дўрмон МФЙ отинойиси.
«орқага















