ФАЗИЛАТ ИЛМДА
14 октябр 2021 й.
607 марта ўқилди.

 
ФАЗИЛАТ ИЛМДА

Илм Аллоҳ таолонинг бандаларига ўзининг раҳмат хазийналаридан очиб берган катта бир инъомларидан. Ислом илм дини бўлгани учун Қуръони Каримдаги илк нозил бўлган оятнинг биринчи сўзи илмлар калити бўлмиш “ўқиш”га буюради. Аллоҳ таоло айтади: “Ўқи! (Бутун борлиқни) Яратган Зот бўлмиш Раббинг номи билан. У инсонни алақ (лахта қон) дан яратди. Ўқи! Раббинг карамли зотдир. У инсонга қалам билан (ёзишни) ўргатди. Инсонга билмаган нарсасини ўргатди” (Алақ сураси, 1–5-оятлар). Оятларнинг ушбу тарзда баён этилишида бир қанча ҳикмат бор.
Инсон дунёда яшар экан, ўз ҳаётини гўзал ўтказишга ҳаракат қилади. Турмушининг фаровон бўлиши, жамиятнинг тараққий этиши эса фақат илм-фан билан бўлади. Қаерда илм-фан ривож топса, ўша ерда тарақиёт бор. Илм-фаннинг ривожи эса илм эгалари – олимлар билан бўлади.
Дунёдаги ҳар бир соҳанинг, ҳар бир ишнинг ўз илми мавжуд. Киши ўз ишининг билимдони бўлиши учун ўша соҳанинг илмини эгаллаши шарт. Илмсиз инсон мевасиз дарахт кабидир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам илмни имоннинг мевасига қиёслаб шундай марҳамат қилганлар: “Имон яланғоч бир нарса бўлса, унинг либоси тақво, зийнати ҳаё, меваси эса илмдир”.
Ватандошимиз Абу Лайс Самарқандий раҳматуллоҳи алайҳ айтадилар: “Таълим олувчи муҳтож бўладиган нарсанинг энг аввали – олган илмидан фойдаланиши ва ўзидан у таълим олаётган кишига фойдали бўлиши учун ниятини тўғрилаб олишдир. Агар ниятини тўғри қилмоқчи бўлса, у тўрт нарсани қасд қилиши лозим. Зеро, Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладиларки: “Амаллар ниятга қараб мақбул бўлади”.
1. Илм олиш билан билимсизлик ва жоҳилликдан халос бўлишни ният қилиш. Аллоҳ таоло “Зумар” сурасининг 9-оятида айтади: “...Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!..”.
2. Ҳосил қилган илми билан халққа, ўзи яшаб турган жамиятга наф келтиришни ният қилиш. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Инсонларнинг энг яхшиси инсонларга фойдаси кўпроқ тегадиганидир”, - деб марҳамат қилганлар.
3. Таълим олиш билан илм-у фанни камолотга, тараққиётга етказишни ният қилиш, чунки инсонлар илм ҳосил қилишга бепарво бўлсалар, уларнинг ўртасидан илм кўтарилиб зое бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда: “Илм ўрталарингиздан кўтарилиб, зое бўлишидан олдин илмни ўрганинглар”, - деб марҳамат қилганлар.
4. Таълим олиш билан бирга ҳосил қилган илмга амал қилишни ният қилиш, аксини эмас. Бамисоли илмсиз амал бекор бўлганидек, амалсиз сабабни талаб қилиш беҳуда ишдир. Илм амал учун сабабдир. Амалсиз илм уволдир, илмсиз амал залолатдир. Таълим-тарбия олувчи ҳар бир толиб ўз ҳаракатида Аллоҳ таолонинг розилигини, охират савобини талаб қилиши, дунё орзу-ҳавасини истамаслиги лозим. Бу ҳақда Аллоҳ таоло айтади: “Кимки, охират экинини (савобини) истар экан, Биз унга экини (ҳосили)ни зиёда қилурмиз. Кимки дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандан берурмиз ва унинг учун охиратда насиба (савоб) бўлмас”. (Шууро сураси, 20-оят).
Динимизнинг илмга бўлган муносабати қисқача қуйидагилардан иборат:
– Қуръони Карим ва ҳадиси шарифларда илмга турли йўллар билан даъват қилинган;
– Аллоҳ таоло Ўз Китобида илм аҳлларини мақтаган;
– Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уламолар қадрини кўтариб, уларни пайғамбарларнинг меросхўрлари деб атаганлар;
– у зот саҳобалардан баъзиларини бошқа қавмларнинг тилларини ўрганиш учун юборганлар ва илмга эътиборни амалда кўрсатиб ҳам берганлар;
– Аллоҳ таоло илм йўлидагиларга катта ажр-савоб ваъда қилган;
– илмни яширганларни охиратда улкан азоб борлигидан огоҳлантирган;
– соғлом ақл қабул қиладиган фойдали илмларга тарғиб қилиб, коҳинлик, мунажжимлик, сеҳр каби зарар келтирувчи бемаъниликлардан одамларнинг ақлини ҳимоя қилиб, тўғри йўналиш берган;
– инсонга ақлини ишлатишга, фикр юритишга, ер-у осмон ва ўзи ҳақида тафаккур қилишга чақирган ва айнан мана шу тафаккур турли асрлар ва даврларда ихтиролар калити бўлиб хизмат қилган.

Шофиркон туман “Искогаре” жомеъ масжид

имом - хатиби Т.Назаров 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram