Фазилатда тенгсиз ой
11 апрел 2022 й.
633 марта ўқилди.

Фазилатда тенгсиз ой

Инсонлар, замон ва маконларнинг баъзиларининг баъзиларидан фазилатли бўлиши Аллоҳ таолониниг ҳикматидир. Тақводор бетақводан, олим жоҳилдан, доно нодондан, сабрли бесабрдан, қувватли мўмин заиф мўминдан афзалдир. Шунингдек, Каъба ва Масжиди набавийдаги намоз бошқа масжиддаги намоздан фазилатлидир. Жумаладан,  Рамазон барча ойлар ичида фазилатда тенгсиздир.
 Рамазон қамарий йилнинг тўққизинчи ойидир. Рамазон арабча “рамзо” сўзидан олинган бўлиб, ёмғир маъносини англатади. Ёмғир ер юзи ғуборини ювганидек, Рамазон бандалар гуноҳларини ювиб, қалбларини поклайди. Бу ойда солиҳ амаллар гуноҳларга каффорат бўлгани учун ҳам шундай номланган.
Имом Мужоҳид (раҳматуллоҳи алайҳи) айтади: “Рамазон Аллоҳ таолонинг исмидир. Рамазон ойи Аллоҳ ойи деган маънони англатади”. Бу борада Набий (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Рамазон деманглар. Чунки Рамазон Аллоҳ таолонинг исмларидан биридир. Рамазон ойи денглар”, дедилар (Байҳақий ривояти).
Рўза биздан олдинги умматларга ҳам фарз бўлган қадимий ибодатдир.  Аллоҳ таоло рўзани фарз қилиш билан Рамазон ойини шарафлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Аллоҳ таоло Рамазон рўзасини фарз қилди. Мен унинг кечаларида ибодат қилишни суннат қилдим. Рамазон рўзасини тутиб, тунида қоим бўлган одам онадан туғилган кундаги каби гуноҳдан фориғ бўлади”, дедилар.
Шунингдек, бу ойда пайғамбар (алайҳимуссалом)ларга илоҳий китоблар туширилган. Восила (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): “Иброҳим (алайҳис салом)нинг саҳифалари Рамазоннниг биринчи, Таврот олтинчи, Инжил ўн учинчи тунида нозил қилинди. Аллоҳ таоло Қуръони каримни Рамазоннинг йигирма тўртинчи тунида нозил қилди”, дедилар. Саҳифалар, Таврот, Инжил ва Забур каби илоҳий китоблар пайғамбар (алайҳимуссалом)ларга тўлиқ бир тўплам ҳолида туширилди. Қуръони карим Рамазон ойи Қадр кечасида дунё осмонидаги Байтул иззага тўлиқ-мукаммал қилиб туширилди. Сўнгра Муҳаммад (соллалоҳу алайҳи васаллам)га бўлак-бўлак қилиб нозил қилинди. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:
“Албатта, Биз уни (Қуръонни «Лавҳул-маҳфуз»дан биринчи осмонга) Қадр кечасида нозил қилдик” (Қадр, 1).    
 “…албатта, Биз уни муборак кечада нозил қилдик” (Духон, 3).
Рамазон ойларнинг яхшисидир. Унинг биринчи туни Рамазон тунларининг энг афзали бўлиб, унда барча мусулмонларга рўза фарз бўлади, жаннат эшиклари очилади, дўзах эшиклари ёпилади, шайтонлар ва исёнкор жинлар кишанланади, Аллоҳ таоло бандаларига тоат-ибодатни осон қилиб, раҳматини ёғдиради. Бу ҳақида Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз (соллалоҳу алайҳи ва саллам): “Рамазоннинг биринчи туни бўлса, шайтон ва жинлар кишанланади, дўзах эшиклари ёпилиб, қайта очилмас, жаннат эшиклари очилади ва қайта ёпилмас. Ҳар тунда бир жарчи “Эй яхшиликни истовчи унга интилгин, эй ёмонлик хоҳловчи ундан тўхтагин,  ҳар кимса Аллоҳ изни билан дўзахдан озод бўлур”, деб нидо қилади”, дедилар” (Имом Аҳмад, Байҳақий).
 


Ромитан тумани "Хокимулломир" жомеъ масжиди
имом-хатиби Ғолиб Муротов. 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram