ФИРҚАБОЗЛИК— ЗАЛОЛАТДИР
20 август 2022 й.
833 марта ўқилди.
ФИРҚАБОЗЛИК— ЗАЛОЛАТДИР.
Ислом дини ўз номи билан тинчлик, бирдамлик, ҳамжиҳатлик динидир. Адоват, ихтилоф ва тарафкашликнинг ҳар қандай кўриниши динимизга бегонадир. Шундай экан, Аллоҳ таоло ўз бандаларини бирликка ва ҳамкорликка чақириб, ўрталарида низо чиқариб фирқаларга бўлинишларидан қайтаради. Бу ҳақда Аллоҳ таоло ўзининг ояти муборакасида: "Ҳаммаларингиз Аллоҳнинг аркони Қуръонни маҳкам тутинг ва фирқаларга бўлинманг" деб марҳамат қилди. (Оли Имрон сураси, 103-оят).
Аввалда ўтган дин кишилари фирқаларга бўлиниб, ўзаро ихтилоф ва адоватлар чиқарганлари учун ҳам, Аллоҳ бизларни ўшаларга ўхшаб қолмаслигимизга амр қилиб, Ўзининг оятида шундай марҳамат қилади: “Хужжатлар келганидан кейин ҳам бўлиниб, ўзаро ихтилофга берилган кимсаларга ўхшамангиз! Ана ўшаларга улкан азоб бордир”, деб марҳамат қилди. (Оли Имрон сураси, 105-оят).
Пайғамбаримиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам кўплаб хадисларида биз умматларини биродар бўлиб яшашга буюрганлар. Видолашув ҳажида қилган хутбаларида мусулмонларни бир - бирлари билан дўсту биродар бўлиб яшашга ундаб, ўзаро адоват қилмасликка, бир-бирларига қарши қурол кўтармасликка васият қилганлар. Агар бизлар ўзларимизни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг чин умматлари деб билсак, Жаноб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларидан четга чиқмаслигимиз лозим. Шояд, шунда У зотнинг шафоатларидан насибадор бўлсак. Маълумки, ҳозирги кунда диёримизга кириб келган Ҳизбут-таҳрир ва шу каби баъзи бузғунчи оқимлар таъсирига тушиб қолган кишилар билиб ёки билмасдан мусулмонлар ўртасида ихтилоф чиқаришга сабаб бўлмоқдалар. Шуниси ачинарлики бу тоифа кишиларнинг кўтариб чиқаётган масалалари мусулмонлар ўртасини бузишга арзимайдиган ишлардир. Суннат ёки мустаҳаб амалларни қиламан деб, фарз ёки вожиб амални тарк қилиш гуноҳдир. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда: “Айтинг Эй аҳли китоблар Динингизда ҳаддан ошмангиз ва олдиндан адашган ва кўпларни адаштирган ҳамда тўғри йўлдан чалғиганларнинг ҳавойи нафсларига эргашмангиз” деб марҳамат қилди. (Моида сураси, 77-оят).
Ушбу оятда яҳудийлар Исо алайҳиссаломни отасиз туғилгани учун валади зино, яъни ҳаромдан бўлган бола деб, насронийлар эса "Исо худонинг ўғли" деб ҳаддан ошганлари баён қилинмоқда. Дарҳақиқат, инсон ўз ақлига суяниб дин кўрсатмаларида ўзининг ҳаво-ю нафсига мувофиқ иш тутадиган бўлса, сўзсиз адашиб тўғри йўлдан чиқиб кетади.
Оиша розияллоҳу анҳу онамиздан ривоят килишган хадисда айтилишича: “Баъзи саҳобалар у кишидан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатлари ҳақида сўрашган. Оиша розияллоҳу анҳу онамиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кундалик ибодатларини баён қилиб берганлар. Шунда улар ўз ибодатларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ибодатларидан оз деб ўйладилар ва бирлари. Мен ҳар куни рўза тутаман, ҳеч қачон оғиз очмайман, деса иккинчилари. Мен ҳар кечани бедор, ибодат билан ўтказаман, деди. Бу гаплардан хабар топган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яъни, нима бўлибдики, баъзи кишилар фалон, ишларни қиламан деб айтишибди. Мен эса рўза ҳам тутаман, оғиз ҳам очаман, кечаси ухлайман ҳам, намоз ҳам ўқийман, аёлларга ўйланаман ҳам. Кимда ким менинг суннатимни қилишдан юз ўгирса у бизлардан эмас”, - деб марҳамат қилдилар. (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоят қилганлар).
Юқоридаги оят ва ҳадисдан кўринадики, Ислом дини ўрта ва мўътадил диндир. Унда на чуқур кетиш ва на сусткашлик қилиш тўғри эмас. Ҳизбут-таҳрир ва бошқа оқимларнинг таълимотида ҳаётнинг ижтимоий ва моддий жиҳатларига асосий эътибор қаратилиб, маънавий, ахлоқий ва руҳий жиҳатларига нисбатан эътиборнинг суст эканлигини кўриш мумкин.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биз мусулмонларга ҳаётда адашмаслик учун нима иш қилишимиз лозимлигини ўргатганлар: "Мен сизларга иккита нарсани қолдирдим. Модомики, сизлар шу иккисини маҳкам тутар экансизлар, ҳеч қачон адашмайсизлар. Улар, Аллоҳнинг китоби ва пайғамбарнинг суннатидир", - деб марҳамат қилдилар. (Имом Молик ривояти).
Ҳақиқий маънодаги мусулмонларнинг энг яхши сифатларидан бири, амри маъруф ва наҳйи мункар қилиш, яъни, яхшиликка буюриш ва ёмонликдан қайтаришдир. Бу амал, айниқса, кўз ўнгимизда Ислом дини таълимотларига қарши тажовуз қилинаётганида ёки шариат ҳаром қилган ишлар амалга оширилаётганда ҳар бир мусулмон учун фарз бўлади. Аллоҳ розилиги учун қилинган ҳар бир амалнинг савоби қай даражада улуғлиги ҳаммага маълум.
Аллоҳ таоло барчаларимизнинг қалбларимизни бирлаштириб, Ўзининг тўғри йўлидан юришга муваффақ айласин. Адашган кишиларга тавфиқу ҳидоят насиб қилсин!
Бухоро шаҳар "Имом Ғаззолий" жомеъ масжид
имом-хатиби Рўзиев Абдуғани.
«орқага