ФИТНА - ОҒИР ГУНОҲ
10 декабр 2024 й.
173 марта ўқилди.

ФИТНА - ОҒИР ГУНОҲ 
Бу-фитнадир. 
Фитна-илмсизлик натижасида келиб чиқади. Инсон ва жамият учун  кўgлаб кўнгилсизлик, нотинчликларни  келиб чиқишига сабаб бўлади. 
Фитна – ёлғонга, миш-мишга таянади. У оятларни таъвил қилиш, ҳадисларни нотўғри талқин этиш натижасидир. У васваса, нафс балоси оқибати бўлиб, миллий, диний қадриятлар асосини вайрон қилишдир. 
Аллоҳ таоло айтади: «Эй иймон келтирганлар! Агар фосиқ хабар келтирса, аниқлаб кўринглар, билмасдан бир қавмга мусибат етказиб қўйиб, қилганингизга надомат чекиб қолманглар» (Ҳужурот сураси, 6-оят).
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан эса қуйидаги кўрсатма етарли ўгитдир: Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Кишининг ёлғончи бўлишига эшитган нарсасини гапиравериши кифоя қилади».
Ислом таълимотида аҳоли осуда ҳаёт кечириб турган жамиятда ҳаловат ва тинчликка раҳна соладиган ҳар қандай фитна ҳаракатлари одамларнинг қонини тўкишдан ҳам оғир гуноҳ саналади. Бу ҳақида Қуръони каримда қуйидагича таъкидланган: “… Фитна қотилликдан ҳам ашаддийроқдир. …” (“Бақара” сураси, 191-оят); “Фитна эса қотилликдан ҳам каттароқ (гуноҳ)дир.” (“Бақара” сураси, 217-оят). Мусулмонларга фитна тарқалганда барчани қамраб олиши ҳақида огоҳлантирилиб, ундан сақланишга буюрилган. 
Айни пайтда Исломга қалби терс бўлган, чин иймондан бебаҳра кимсалар фитнага тушади, бу нарса уларга тайёр баҳона бўлади, қалбдаги нафратлари, шайтоний туйғулари мавж уради. 
Фитна сабаб ҳар ким ўзининг асл қиёфасини намойиш этади. Чинакам иймонга эга бўлганлар кимлару, қалбида куфр яшириниб ётганлар кимлар – ҳаммаси равшан бўлади. Ҳақиқий халқпарвар, ватансевар, иймонли кишилар кимлар-у, мансабпараст, худбинлар ким – ҳаммаси сув бетига чиқади. Мўминлар ўз йўлларида собит бўладилар ва юз бераётган воқеа-ҳодисаларни Роббимиз тарафидан бир синов деб қабул қиладилар.
Мусулмонлар фитналардан огоҳлантирилиб қуйидаги ҳадис келтирилади: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳу ривоят қиладилар: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деб марҳамат қилдилар: Яқинда фитналар бўлади. Унда ўтирган киши тик тургандан яхшидир. Тик турувчи юрган кишидан яхшидир. Юрувчи эса унда югурувчи (яъни югириши сабабли фитнани алангалантириб юборувчи) кишидан яхшироқдир. Ким фитнага қарши турса, фитна ҳам унга қаршилик қилур. Ким (фитнанинг ёмонлигидан) паноҳ топса, (ўша ерга) қочсин (Имом Бухорий ривояти).
Мўмин киши ҳар қандай оғир бўлмасин фитнадан қочиши керак. Зотан Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан қочишни иложини топган одам қочсин, деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам фитнадан сақлашини сўраб Аллоҳга дуо қилгани ҳақида саҳиҳ ривоятлар бор. Шу суннатга кўра биз ҳам фитнадан сақлашини сўраймиз. Аллоҳ таоло юртимизни, халқимизни, ҳар биримизни фитна ва фитначилик балосидан асрасин. 
Луқмон Исоев,
Шофиркон туман Саид Ато жомеъ масжиди имом-хатиби 
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:40
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram