Рамазон Ҳайитининг фазилати
03 июл 2016 й.
«орқага
2990 марта ўқилди.
Рамазон Ҳайитининг фазилати.
Абдуллоҳ ибни масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қиладилар “Мўъмин бандалар Рамазон ойининг рўзасини бутун тутиб, ҳайит куни намозгоҳга йўл олганда, Аллоҳ таоло фаришталарга :Эй фаришталар, бировни хизматини адо этган киши хизмат хаққини талаб этади. Бандаларим менинг хизматимни адо этиб, ҳакларини олиш учун намозгоҳга бормоқдалар. Сизлар гувоҳ бўлинг гуноҳларини мағфират килдим”, дейди. Шунда фаришталар: “Эй Муҳаммад умматлари, энди уйларингизга боринглар, Аллоҳ таоло гуноҳларингизни кечирди”, деб нидо киладилар. “Эй бандаларим мен учун рўза тутдингиз, менинг фармоним билан оғиз очиб, ифтор қилдингиз энди шод бўлинг сизни мағфират этдим” -дейди Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло.
Анас ибни Молик розияллоҳу анҳу ривоятларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Кимки фитр садақасини ҳайитдан олдин адо этмаса, унинг рўзаси ер билан осмон орасида муаллақ ҳолда колади. Фитр садақани бергандан кейин Аллоҳ таоло унинг рўзасига икки қанот бериб, рўзаси парвоз қилиб еттинчи осмонгача боради ва аршдаги қандилга қўниб, ўз эгасидан розилигини изҳор этади: деб марҳамат килган эканлар.
Бошфа бир ривоятда ҳазрати Усмон бинни Аффон розияллоҳу анҳу бир марта фитр садакасини ҳайитдан олдин беришни унутганлар. Ҳайит намозидан кейин эсларига тушиб бир қулни озод қилганлар, сўнгра Расулуллоҳ ҳузурларига келиб: Эй Расулуллоҳ фитр садақасини ҳайитдан олдин беришни унутган эканман, шуни ўрнига бир қулни озод қилдим” дедилар. Шунда эй Усмон юзта қулни озод этганни савоби, фитр садақасини ҳайитдан илгари берганликнинг савобига тенг бўлмайди”, деганлар. Демак азизлар ҳар-бир нарсани ўз ўрни ва вақти бор экан имкон борича вақтида адо қилайлик.
Ваҳҳоб ибни Мунаббаҳ розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: “Ҳайит кунида шайтон овозини борича қичқириб фарйод қилади. Барча шайтонлар унинг атрофига йиғилиб: “Эй сардоримиз нимага бундай дод фарёд қиляпсан деб сўрайдилар. Шунда шайтон, бугун Муҳаммад уммати мағфират этилди. Агар сизлар ҳаракат қилиб уларни нафс шаҳвати ва шаробхўрликка машғул қилсангиз Аллоҳ таоло уларни азобга дучор қилган бўларди” деб айтар экан.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ҳайит куни фитр садақаси ва хайрли амалларингиз, намоз ва закот тасбех ва таҳлилларингиз учун Аллоҳ таоло гунохларингизни мағфират этади ва дуоларингиз қабул бўлади, сизларга раҳмат назари билан қарайди” деган эканлар.
Ҳайит кунида барча киши биродарларига раҳмат назари билан қарашлиги ва албатта ота оналарни хурсанд қилиб уларни дуосини олишлик ва етимларнинг холидан хабар олишлик ва уларни кўнглини олишлик билан ҳар бир мусулмонман деган киши килишлиги шарт бўлган ишлардан. Шу ўринда машҳур бир ҳикояни эслаб ўтамиз. Анас ибни Молик розияллоҳу анҳу Расул акрам соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят киладилар. Ҳайит куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам минбарга чикдилар. Болалар ўйин кулгу билан машғул эдилар. Фақат кир усти жулдирли бир бола четда ўтириб йиғларди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй бола бугун ҳайит ҳамма болалар ўйнаб кулиб юрибди сен нега йиғлайсан деб сўрадилар. У бола деди: “Отам ғазотга бориб ҳалок бўлди, онам бошқа бир эрга тегди, ўгай отам менг тегишли ашёларни олиб мени уйдан ҳайдаб солди. Ҳозир мени кийишга на кийимим на обу овқатим на ётишга жойим бор. Ҳамма болаларни ота онаси бор уларни чиройли кийинтириб байрам хурсандчилигини қиляпти мени ҳам отам тирик бўлганида эди чиройли кийим олиб бериб хурсанд қилган бўлар эди” деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам боланинг қўлидан ушлаб “Эй бола мен отанг бўлсам Ойша онанг бўлса рози булармидинг”, деб сўрадилар. Бола “Албатта рози булардим”, деди Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам болани уйга олиб бордилар ювинтириб чиройли кийимларни кийгизиб қорнини тўйдириб болалар олдига олиб чиқиб ўйнатдилар. Бола хурсанд бўлиб болалар билан бирга ўйнаб кулиб юрди. Шунда болалар сўрашди “Ҳозир хафа бўлиб йиғлаб тургандинг энди хурсандсан” деб сурашди. Шунда бола Расулуллоҳ отам бўлса Ойша онам бўлса мен хурсанд бўлмай ким хурсанд бўлсин деб кулиб юрди.
Барчамизни Аллохим фитр ҳайит байрамларини соғ саломат ўтказмоқлигимизни насиб қилсин. Юртимизни тинчлигига кўз тегмасин, келгуси ҳайитларга ҳам соғ саломат оилаларимиз билан етказсин. Омин.
Хўжа-Пешку жомеъ масжиди Имом-Хатиби. Бокулов Азизбек.