Фолбинларга ишонманг
27 май 2022 й.
Бухоро туман «Имом Бухорий» жомеъ масжид
имом-хатиби Абдурахмон Бакоев
«орқага
638 марта ўқилди.
Фолбинларга ишонманг
Парвардигори олам ўзининг илми азалийси билан ҳамма воқеа ва ҳодисаларни олдиндан билади. Лекин Ўзининг ҳикмати билан бандаларини имтиҳон қилиш учун ғайбий ишларни ва келажакда бўладиган воқеаларни сир тутади. Ислом ақидасидек очиқ, аниқ ва равшан ақидани англамаслик ҳар бир инсон, ҳар бир жамият учун жуда ҳам хавфлидир. Фолбинларнинг олдига борган кишилар турли мақсад билан боришади, уларнинг аксари ўз келажакларини билишга қизиқадилар. Аммо оддий бир фаросат билан ўйлаб кўришмайдики, бораётган жойларида ўтирган одам худди ўзлари каби бир одам. Агар фолбин бўлиб, келажакни билса, нима учун турли конларни топиб, лотореяларни ўйнаб бойиб кетмаган? Нима учун камбағал ва хор бўлиб яшамоқда? Fайбни биладиган одамга ярашадими бу ҳолат?! Бутун оламларни яратган Аллоҳ таолонинг илм ва қудрати чексиздир. Ҳеч бир сифатда унинг мисли ва ўхшаши йўқдир.
Аллоҳ таоло марҳамат қиладики: “Айтинг: «Аллоҳдан бошқа осмонлар ва Ердаги бирор кимса ғайбни билмас». Улар қачон қайта тирилишларини ҳам сеза олмаслар”. (Намл сураси, 65-оят)
Бошқа бир оятда: “Ғайб (яширин сирлар) калитлари Унинг ҳузуридадир. Уларни Ундан ўзга билмас. Яна, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни (ҳам) билур. Бирор япроқ (узилиб) тушса (ҳам) уни билур. Ер зулматлари (қаъри)даги уруғ бўлмасин, ҳўлу қуруқ бўлмасин, (ҳаммаси) аниқ Китоб (Лавҳул-Маҳфуз)да (ёзилган)дир”. (Анъом сураси, 59-оят)
Инсон билиб-билмай гуноҳга қўл уради. Агар ақли етса, иймони бўлса, Аллоҳдан қўрқса, гуноҳи учун тавба қилади ва қайтиб бу гуноҳга қўл урмайди. Аммо тескариси бўлса, Аллоҳнинг ғазабига учрайди, бу дунёда ҳам, у дунёда ҳам. Аммо шундай гуноҳи кабиралар бор-ки, у ширкка олиб бориши ва кишининг икки дунёсини куйдириб юбориши мумкин. Ана шундай гуноҳлардан фолбинлик, фолга ишониш, сеҳр-жоду ва мунажжимлик гапимизга мисол бўла олади.
Бу мавзу ҳақидаги муборак ҳадиси шарифларда шундай дейилади: Ойша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Фаришталар ер юзида содир бўладиган нарсалар ҳақида булутлар орасида гаплашганларида, жинлар уларнинг битта сўзларини эшитадилар ва уни фолбинларнинг қулоқларига келиб (идишга сув қуйгандек) қуйиб кетадилар ва у сўзга жинлар юзта ёлғонни қўшадилар».
Бундан кўриниб турибдики, фолбинлар жин ва шайтонлар билан алоқа қилишади. Уларнинг ёлғон-яшиқ гапларини кўпиртириб, устига минг ёлғонни қўшиб одамларга етказишади. Бу ишларнинг турган-битгани гуноҳи азимдир. Кўпчилик хонадонларга эътибор бериб қаралса, дарвозаларнинг тепасига исириқ осиб қўйишганининг, болаларга кўз тегмасин деб кўзмунчоқ ёки тумор тақиб қўйишганининг гувоҳи бўламиз. Бунинг иллат ва гуноҳ эканлиги юқоридаги ҳадисда келтирилмоқда. Агар киши ўша туморга ишониб қолса, Аллоҳ ундан юз ўгирар экан. Аллоҳ юз ўгирган банданинг на ҳаётида, на турмушида ва на охиратида яхшилик бўлмайди. Аксинча, хорлик ва азоб ичида қолади.
Кейинги вақтларда келажакдан башорат берувчилар, инсонни тақдири ҳақида хабар қилувчилар сони кўпайиб бормоқда. Башорат қилишнинг ҳам турли йўллари бўлиб, уларга: кафтга, юлдузларга, расмга, қартага, қаҳва қуйқасига, сувга ва бошқа нарсаларга қараб инсонларнинг тақдиридан хабар беришади. Башоратчиларнинг ўзларини эса: фолбин, коҳин, ромчи, мунажжим, арроф ва бошқа номлар билан номланади. Аллоҳ таоло бутун борлиқни яратар экан, жами маҳлуқот-у мавжудотларининг ҳолатини, келажагини, тақдирини Ўзининг буюк илми ила тақдирга битик қилди. Шунингдек, ғайб илми, эртанги кун ҳолати, келажакдаги бўладиган ишларни билиш фақат Аллоҳгагина хосдир.
Бухоро туман «Имом Бухорий» жомеъ масжид
имом-хатиби Абдурахмон Бакоев