Ғайбнинг калити Ӯзининг ҳузурида
07 март 2022 й.
«орқага
655 марта ўқилди.
Ғайбнинг калити Ӯзининг ҳузурида
Fайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас. У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир. Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир. Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир. (Анфол сураси, 59-оят)
Ушбу ояти каримадан Аллоҳ таолонинг илми чексизлиги ва бу илм ўзига хос ягона васфга эга илм экани билиб олинади. Бу илмнинг бош сифатларидан бири:
«Fайбнинг калитлари Унинг ҳузурида бўлиб, уларни Унинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмас».
«Fайб»–инсондан ғойиб ҳодисалар, инсон сезги аъзолари билан ҳис эта олмайдиган, билиш имконлари билан идрок эта олмайдиган ҳодисалар. Инсон ўзининг нечоғли билимдонлиги билан ғурурланмасин, унинг билганидан билмагани кўп бўлиб қолаверади. Ўша ғойиб нарсаларни билишда инсоннинг бирдан-бир воситаси бор, у ҳам бўлса, илоҳий ваҳийдир. Қолган барчаси тахмин ва гумонлардан бошқа ҳеч нарса эмас.
Мўмин-мусулмонлар ғайбга иймон келтириш билан бошқалардан ажралиб турадилар. Чунки ақийда боби асосан ғайбга, яъни кўзи билан кўриб, қўли билан ушламаган нарсаларга ишонишдан иборатдир. Аллоҳга иймон келтириш ҳам ғайбга иймондир. Шунингдек, фаришталарга, илоҳий китобларга, Пайғамбарларга, қиёмат кунига, жаннатга, дўзахга, яхшию ёмон қадарнинг Аллоҳдан бўлишига иймон келтириш ҳам ғайбга ишонишдир.
Ушбулар ва бундан ташқари инсонни ҳар тарафдан ўраб турган, ўтмишни, ҳозирни ва келажакни илоҳий парда ортида тутиб турган сон-саноқсиз нарсалар ғайбиётдир.
Инсон ғайбни билиш борасида ғоят ожиздир. У биринчи инсон – Одам Атонинг қаерда ва қачон пайдо бўлганини билмайди. Билиши мумкин бўлган нарса – Қуръони Каримдаги маълумотлар. Бошқаси ҳаммаси тахмин, гумон, фараз ва ҳоказо. Ўзининг ўтмишини билмаган инсон учун ўтмишнинг асосий қисми ғайб бўлиши турган гап. Аллоҳ таоло эса ҳаммасини билади. Инсон ҳозирги лаҳзада ўз танасида кечаётган сонсиз-саноқсиз ўзгаришларни билмайди. Катта-катта ўзгаришларни билиши мумкин, аммо кўплаб нарсаларни умуман билмайди. Мисол учун, танасидаги ҳужайраларнинг ҳаракати унинг учун ғайбдир. Ўз танасини мукаммал билмаган инсон ҳозирги даврда борлиқда рўй бераётган ҳодисалардан қанчасини била олади? Ҳеч қанчасини билмайди. Аммо Аллоҳ таоло уларнинг ҳаммасини билади.
Инсон ҳатто ўз бошига келажакда қандай ҳодисалар келишини билмайди. Ўзига тегишли нарсаларни билмаганидан кейин, оламдаги бошқаларга алоқадор нарсаларни умуман билмайди. Аллоҳ таоло эса уларнинг ҳаммасини билгувчидир. Моддапарастлар илм номидан гапираётганларини даъво қиладилар, лекин ҳар бир илмий кашфиётнинг атрофини кўплаб ғайбиёт ўраб туришини унутиб қўядилар. Шунинг учун ҳам ҳар илмий кашфиётлари атрофида тахминлар ва фаразлар кўпаяди. Аллоҳ таоло эса ўша тахминларнинг ҳақиқатини билади. Fайбнинг калитлари Аллоҳ таолонинг Ўзидалиги шундадир. Бу калитни ҳатто Пайғамбарлар ҳам билмайдилар.
«У ердаги, қуруқлик ва денгиздаги нарсаларни биладир».
Яъни маконга тааллуқли ҳамма нарсаларни билади. Инсон уларнинг ҳаммасини билмайди. Ҳозирги кунда ҳам қуруқлик ва денгиздан инсон аввал билмаган янгидан-янги нарсалар пайдо бўлиб тургани шунга далолат қилади.
«Битта япроқ узилиб тушмайдики, магар уни ҳам биладир».
Демак, Аллоҳ борлиқдаги ҳар бир зарра ҳаракатини ҳам билади. Дунё миқёсида биргина япроқнинг узилиб тушиши сезиларли ҳодиса эмас. Аммо Аллоҳ таоло шу ҳодисани ҳам, ҳатто ундан ҳам дақиқ нарсаларгача яхши билади.
«Ер тубидаги бир дона дон борми, ҳўлу қуруқ борми, барчаси очиқ китобда бордир».
«Очиқ китоб»дан мурод – Лавҳул Маҳфуздир. Ер остида яширин турган бир дона дон бўлса ҳам, ҳўлу қуруқ бўлса ҳам билади дегани, унинг билмайдиган нарсаси йўқдир, деганидир. Бу таъриф фақат Аллоҳнинг Ўзигагина хосдир.
Чексиз ва шомил илмга эга бўлган Аллоҳ таоло, чексиз ва шомил қудратга ҳам эгадир.
Ромитан тумани “Хокимулломир” жомеъ
масжиди имом-хатиби Ғолиб домла Муротов