Ғазабланишдан эҳтиёт бўлинг
09 июн 2015 й.
«орқага
2619 марта ўқилди.
Ғазабланишдан эхтиёт бўлинг!
Ғазаб қалб конининг интиқом
талабида ғалаён қилишидир.
(Имом Ғаззолий)
Бугунги кунда жамиятимизда кенг тарқалган иллатлардан бири ғазабдир. Ғазабланиш, аччиқланиш маьносидаги ҳолатлар кишилар ўртасида кўпгина ёмонликларга, душманликларга сабаб бўлаётганлигини гувоҳи бўлиб турибмиз. Бунинг оқибатида салбий ҳолатлар, можаро ва жанжаллар, оилавий низолар ҳатто турмуш бузилиб, ўртада норасида гўдаклар тирик етим бўлиши каби фалокатлар содир бўлмоқда.
Эрталаб ишга шошилаётган оила бошлиғи йўлда бир оз ушланиб қолди ва ишга кечикиб келди. Бунинг оқибатада хўжайинидан яхшигина дакки, аччиқ сўзлар эшитиб кайфияти бузилди. Кун давомида қўли ишга хам бормади. Кечқурун тушкун холатда уйига қайтгач, аёлининг рўзғор камчиликларини бир-бир санай бошлади. Шунда, эрталабдан қаҳрини, ғазабини кимга тўкишини билмай турган эр, аёлини хақорат қила бошлади. Бу ёмон муомаладан карахт бўлган аёл ўз аламини болаларидан ола бошлади. Ниманидир баҳона килиб, уларни аямай савалади. Натижада ширин бир оилада файз, ҳаловат йуқолди. Бундай ходисаларни деярли ҳар куни эшитиб, гувоҳи бўлиб турибмиз. Гуёки хамма ғазабда, ҳамма ёкда ғазаб. Бу разолатдан, ахлоқий бузуқликдан қутулиш, нажот бормикан?
Бу иллатдан биз мусулмонларни фақатгина Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васалламнинг тавсияларига қулок солиб, амал қилишгина қуткара олади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Бир киши Пайғамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васалламга менга васият килинг деди. Ғазаб қилма – дедилар. Ҳалиги одам яна, менга васият қилинг, насиҳат қилинг – деди. Ғазаб қилма – дедилар. У саҳобий ўз сўзини бир неча бор такрорлади, Пайгамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам эса ғазаб қилма деб жавоб беравердилар. Абдуллох ибн Умар розияллоҳу анҳумо Расулуллох соллоллоҳу алайҳи васалламдан “Эй Аллохнинг Расули мени Аллоҳ азза ва жалланинг ғазабидан нима узоқлаштиради?”-деб сўради. Ғазаб қилма дедилар.
Пайгамбаримиз соллоллоҳу алайҳи васаллам бир куни ўз сафдошлари билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Суҳбатда қатнашаётганлардан бири Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга озор берди. Ҳазрати Абу Бакр эьтибор бермасдан жим ўтирар эдилар. Ҳалиги одам у кишига иккинчи марта озор берди, укиши яна жим ўтиравердилар. Учинчи марта қаттикқ озор берганида, Абу Бакр Сиддиқрозияллоҳу анҳунинг ғазаблари чикди-да унга жавоб қайтардилар. Шунда Расулуллох соллоллоҳу алайҳи васаллам бирдан ўринларидан туриб жўнаб қолдилар. Ҳазрати Абу Бакр ортларидан бориб: ”Мендан хафа бўлдингизми, эй Аллоҳнинг расули?” – деб сўраганларида. У зот: “Сен жим ўтирган вақтингда, сени хафа қилган одамнинг ёмон муомаласини билдириш учун осмондан фаришта тушган эди, аммо сен ҳам ғазабланиб унга жавоб қайтарганингда, фаришта кетиб ўрнига шайтон ўтириб олди. Шайтон ўтирган жойда, мен ўтира олмас эдим,- дедилар. Демак, қахр-ғазаб шунчалик ёмон нарса эканки, осмондан тушган фаришта ғазаб содир булганидан хафа бўлиб қайтиб кетса-ю, унинг ўрнини шайтон эгаллаб олса. Ғазаб офатидан Аллоҳ бизга паноҳ берсин!
Бухоро шаҳар,
”Хўжа Абдуллоҳ Сафедмўй”
Масжиди имом- хатиби:
Муқаддамов Ж.