Ғийбатнинг зарарлари
18 март 2016 й.
3123 марта ўқилди.

 Ғийбатнинг зарарлари

"Ғийбат" сўзи луғавий маънода кишининг ортидан яхши ёки ёмон сўзлар билан эслашни ифодалайди, аммо урфда, асосан, ёмон сўз билан эслаш маъносида ишлатилади. Яъни, киши ўзи йўқлигида унинг моддий, баданий, маънавий-ахлоқий айблари ҳақида гапириш ғийбатдир. Ғийбат нафақат сўз билан, балки ёзув, имо-ишора ва тақлид каби ҳаракатлар билан ҳам бўлиши мумкин.
 Ғийбат қилиш нақадар ёмон иш экани ҳақида Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: "...бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилувчи ва раҳмли зотдир" .(Хужурот 12 оят)
 
Ғийбат қилиш ҳаром бўлгани каби уни тинглаш ҳам ҳаромдир. Уламолар бирор зарар туғилиш эҳтимоли бўлмаса, ғийбатдан қайтариш, бунинг имкони бўлмаса, ғийбат бўлаётган ўтиришни тарк этиш, бу ҳам мумкин бўлмаса, ғийбатга қарши норозилик кайфиятида бошқа нарсалар билан машғул бўлиш керак, дейишган. 
 
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: "Эй тили билан имон келтириб, дилида имон келтирмаганлар, мусулмонларни ғийбат қилманглар ва уларнинг камчиликларини қидирманглар. Ким уларнинг камчилигини қидирса, Аллоҳ таоло ўша одамнинг камчилигини қидиради. Аллоҳ кимнинг камчилигини қидирса, уни уйидан шарманда қилган ҳолида чиқаради", деганлар .
 
Бахиллик, ёмон гумон қи¬лиш, бировдан камчилик қидириш, бировни айблаш, ҳақоратлаш ёки унинг камчиликларини сўзлаш кабиларни динимиз қаттиқ қоралайди. 
Расулуллоҳдан соллаллоҳу алайҳи ва саллам айтдилар: «Ғийбат зинодан ҳам ёмонроқдир". Саҳобалар ҳайратланиб: "Қандай қилиб, ё Расулуллоҳ?" деб сўрашди. У киши: "Киши зино қилиб, сўнгра тавба қилса, Аллоҳ унинг тавбасини қабул қилади. Ғийбатчини ғийбат қилинган кимса кечирмагунича, Аллоҳ унинг гуноҳини кечирмайди», деб жавоб қилдилар. 
 
 Ғийбатнинг таърифи ҳақида шундай ҳадис ривоят қилинган: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат нима эканлигини биласизлар-ми?” - дедилар. Саҳобалар: “Аллоҳ ва Расули билгувчироқ-дир”, - деб жавоб бердилар. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Ғийбат бир биродарингни орқасидан ўзи эшитса ёмон кўрадиган сифат билан гапиришингдир”, - дедилар. Шунда улардан бири: “Агар биродаримда мен айтган ўша сифат бор бўлса ҳам ғийбат бўладими?” - деб сўради. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам эса: “Унда бор айбни айтган бўлсанг ғийбат қилган бўласан. Агар сен айтган сифат унда бўлмаса, бўҳтон қилган бўласан”, - деб жавоб бердилар. Демак, бировнинг айбини ошкор қилувчи сўзни тўғри бўлса ҳам айтиш жоиз эмас экан. Чунки ғийбат бўлади. Агар ёлғон бўлса, туҳмат ва бўхтон бўлгани учун гуноҳи ҳам икки ҳисса бўлади.
 
Инсонларнинг обрў иззатларини сақлаш учун ислом дини ғийбатни ҳаром қилди. Чунки ғийбат одамларнинг яширин айбларини ошкор қилиш ва уларнинг обрўларини тўкишдан иборатдир. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам видолашув ҳажидаги хутбаларида ҳам буни алоҳида таъкидлаб, шундай деганлар: “Албатта, сизларнинг қонларингиз, молларингиз ва обрўларингиз бир-бирларингизга ҳаромдир. Шу ойда, шу шаҳарда бу арафа кунининг ҳурматини сақлагандек, уларнинг ҳам ҳурматини сақланглар!”. Демак, бировнинг молини зулм билан ейиш қандай ёмон иш бўлса, унинг обрўсига тажовуз қилиш ҳам шундай манфур амаллардандир.
 
Аллоҳ таоло ғийбатнинг ҳақиқий моҳиятини Қуръони каримда баён қилиб инсонларга хитобан айтадики: (Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманглар ва бирингиз бирингизни ғийбат қилмасин! Сизлардан бирор киши ўлган биродарининг гўштини ейишни хоҳлайдими?! Уни ёмон кўрасиз-ку, ахир! Аллоҳдан қўрқингиз! Албатта, Аллоҳ тавбаларни қабул қилгувчи ва раҳмли зотдир”. 
 
Қуръони каримда ҳеч бир гуноҳ бунчалик ёмон ташбеҳ билан зикр қилинмаган. Биламизки, инсон ҳеч қачон ўлимтик ҳайвон гўштини емайди. Агар гўшт инсонники бўлса, бутунлай ундан жирканади. Ўз туғишган биродарининг ўлган ҳолатида гўштини ейиш эса, умуман инсониятга номуносиб ва ақлдан узоқ ишдир. Ғийбат шундай қабиҳ ҳолатга қиёсланди. Виждони бор, ақли соғлом ва иймонли ҳар қандай кишининг қалбини ларзага келтиради. Бундай мудҳиш гуноҳнинг жазоси ҳам шубҳасиз даҳшатлидир. Бунга Анас ибн Молик разияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадис ҳам мисол бўла олади: “Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам Меърож кечасида бир қавмнинг олдидан ўтдилар. Уларнинг тирноқлари қўрғошиндан бўлиб ўзларининг юзларини ва кўкракларини тирнаётган эдилар. Буни кўриб ажабланган Расуллуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: “Эй Жаброил  алайҳиссалом, булар ким?” - деб сўрадилар. Жаброил алайҳиссалом: “Булар одамларнинг гўштини ейдиган ва уларнинг обрўларини тўкадиган кишилар”,-деб жавоб бердилар. 
 
Ғийбат сўзларга қулоқ солиб турган киши ҳам ғийбатчининг гуноҳига шерик бўлади. Зеро, ҳадисларда ғийбат эшитувчи ҳам ғийбатчиларнинг бири эканлиги баён қилинган. Шунинг учун ҳар бир мусулмон бошқа мусулмон биродарининг обрўсини ҳимоя қилиши ва ғийбатни тўхтатишга ҳаракат қилиши лозим. Бунинг фазилати ҳақида кўплаб ҳадислар ворид бўлган. Жумладан: Абу Дардо разияллоҳҳу анҳу ривоят қиладилар: Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Кимки бир биродарининг обрўсини ҳимоя қилса, қиёмат кунида Аллоҳ таоло унинг юзидан дўзахни даф қилади” . Демак, ғийбатчиларни тўхтатиб, мусулмон биродарини ҳимоя қилишнинг мукофоти жаннат бўлса, суҳбатга қўшилиб, ғийбатга шерик бўлишнинг оқибати аламли азобдир. Ривоятларда келтирилишича, Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаламга ушбу сўзларни ваҳий қилди: “Кимки ғийбатдан тавба қилган ҳолда вафот этган бўлса, ўша одам жаннатга энг охири кирувчи кишидир. Кимки ғийбатда давом этиб (тавба қилмасдан) вафот этган бўлса, ўша одам дўзахга биринчи кирувчи кишидир”.
Ҳазрат Умар розияллоҳу анҳу: “Аллоҳни зикр қилинглар, чунки бу даводир. Лекин одамларни зикр қилиб гапиришдан сақланинглар, чунки бу дарддир”, - деганлар.
Уламолар баъзи ҳолатларда зарурат туғилганда, агар сўралса одамларнинг айбини гапириш мумкин дейдилар. Масалан:
 
1. Мазлум киши золим устидан шикоят қилиб, унинг айбини гапириши ғийбат эмас.
 
2. Бир одамни тўғри йўлга солиш ва ёмон ишдан қайтариш мақсадида бошқалардан ёрдам ва маслаҳат сўраш ҳам ғийбат бўлмайди.
 
3. Бирор кимса ҳақида сўралганда ўша киши ҳақида тўғри тавсиф бериш мақсадида ҳам жоиз (яъни, уй олишда қўшнилар ҳақида, оила қуришда йигит ёки қиз ҳақида сўралса, уларнинг камчиликларини айтиш мумкин).
 
4. Олим кишилардан фатво сўраш ниятида гапиришнинг ҳам зарари йўқ. (Яъни, “фалончи менга шундай муомала қилди, мен нима қилишим керак?” каби саволларни бериш мумкин).
 
5. Гуноҳни ошкора қиладиган ва шу гуноҳи билан мақтаниб юрадиган одамнинг айбини гапириш ҳам ғийбат ҳисобланмайди.
 
Шундай бўлса ҳам, ғийбатдан сақланиш фойдалироқдир. Ғийбатнинг каффорати икки қисмдир. Афсус-надомат ва тавба қилса, Аллоҳнинг ҳаққини адо қилган бўлади. Кейин эса ғийбат қилинган одамни кўрганда ундан кечирим сўраши шарт. У кишининг ҳаққига доимо истиғфор айтиб юриши лозим бўлади. Чунки бу муомала охиратга қолса, оқибати оғир бўлади. Зеро, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам бизларни мана шу нарсадан огоҳлантириб шундай деганлар: “Кимнинг зиммасида бир биродарининг обрўси ёки молига тегишли бирор ҳаққи бўлса, динор ва дирҳамлар ўтмайдиган (қиёмат) куни келишидан олдин ҳаққини адо қилсин. Чунки у кунда бунинг ҳасаноти ҳақдорга олиб берилади. Агар ҳасанотлари бўлмаса, биродарининг гуноҳлари унинг гуноҳларига қўшиб қўйилади” (Муттафақун алайҳ).
 
Аллоҳ таоло барчамизни ғийбатдан ва унинг ёмон оқибатларидан асрасин.
 
Вобкент туман бош имом хатиби 
 Ғ. Очилов
 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram