ҚУРЪОН ВА ҲАДИС МАЪНОЛАРИНИ АЙТАВЕРИШНИНГ ХАТАРИ
26 январ 2024 й.
150 марта ўқилди.

 ҚУРЪОН ВА ҲАДИС МАЪНОЛАРИНИ АЙТАВЕРИШНИНГ ХАТАРИ

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг кўпгина саҳобалари ҳадис ривоят қилаверишни ёқтирмаганлар. Улар амалга кўпроқ эътибор қаратганлар. Жумладан, Абу Бакр ас-Сиддиқ розияллоҳу анҳу ва Умар ибн ал-Хаттоб розияллоҳу анҳудан оз ҳадис ривоятлари етиб келганлигининг бирдан-бир сабаби ҳам шудир. У зотлар ҳадис айтишдан кўра эшитишни мақбул санаганлар, билган ҳадисларини ҳам айтмасдан бошқаларнинг айтганига эътибор қаратиб ўтирганлар. 
Чунки, Расулулулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан қуйидагича ривоятлар етиб келган:
اتقوا الحديث عني إلا ما علمتم فمن كذب علي متعمدا فليتبوأ مقعده من النار ومن قال في القرآن برأيه فليتبوأ مقعده من النار
“Мендан ҳадис айтишдан қўрқинглар, тақво қилинглар! Фақат билганларингизни айтсангизгина майли. Кимки менинг номимга ёлғон ҳадис айтса, жойини дўзахдан тайёрлайверсин! Кимки Қуръонни ўз фикрича айтса, бас, жойини дўзахдан ҳозирлайверсин!” (Термизий, 4/2951; Аҳмад, 1/2675, 2976, 3025; Абу Яъло, 4/2338; 5/2721).  
Имом Насоий раҳимаҳуллоҳ ривоятида мазкур ҳадис матни бу тарзда келтирилган:
من قال في القرآن برأيه أو بما لا يعلم فليتبوأ مقعده من النار
            “Кимки Қуръонга ўз фикрига ёки билмаган нарсасига асосланиб тафсир айтса, бас, жойини дўзахдан тайёрлайверсин!” (Насоий, 4/8085).
من قال في القرآن بغير علم فليتبوأ مقعده من النار 
“Кимки Қуръонга илмсиз маъно айтса, жойини дўзахдан ҳозирласин!” (Термизий, 4/2950; Насоий, 4/8084; Табароний, 12/12392; Баззор, 2/4757, 5083; Ибн Абу Шайба, 6/30101; Имом ат-Термизий уни ҳасан-саҳиҳ, деган).
Саҳобалардан Абдуллоҳ ибн аз-Зубайр розияллоҳу анҳу ҳадис айтмас эканлар. Ундан: “Сиздан фалончи, фалончиларга ўхшаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳадисларини айтганингизни эшитмадим, бунинг сабаби нима?”, деб сўралибди. Шуда ул зот: “Тўғри, мен мусулмон бўлганимдан бери Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ажралган эмасман. Бироқ, ул зоти шарифнинг: “Кимки менинг номимдан ёлғон ҳадис айтса, жойини дўзахдан ҳозирласин!”, деганларини ҳам эшитганман”, деганлар (Али ал-қори. ал-Асрор ал-марфуъа фи-л-ахбор ал-мавзуъа. – Байрут: ал-Мактабат ал-исломий, 1986. – Б. 40).
Юқорида келтирилган учта ҳадис саксон нафардан ортиқ саҳобалардан ривоят қилинган бўлиб, уларда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга нисбатан ёлғон тўқиш, у зотга сохта ҳадисларни нисбат қилишнинг хатари баён қилинган. Бу ҳолат ҳадиснинг маъносини айтишда ҳам рўй беради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари хато таржима қилиниши ёки хато тушунилиши мумкин. Натижада мусулмонларга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳадислари нотўғри талқин қилинган ҳолда етказилади. Бу ҳам ул зоти шарифга нисбатан ёлғон тўқиш бўлиб, мазкур ҳадислардаги ваъидга мубтало бўлинади. 
Тобеъинлар ва табъа тобеъинлар Қуръонни тафсир қилишдан қанчалик қўрқсалар, ҳадисни шарҳлашдан ҳам шунчалик қўрқар эдилар (Доримий, 1/438). 
Муфассирлар султони бўлмиш буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу илмсиз равишда Қуръон маъноларидан гапирганни жуда ёмон кўрар эдилар (Ҳоким, 8/8803).
Зотан, қуйидагича хитоблар қилинган: 
من قال في القرآن برأيه فأصاب فقد أخطأ
“Кимки Қуръонга ўз фикрича тафсир айтса, тўғри айтган бўлса-да хато айтибди!” (Термизий, 4/2952; Абу Довуд, 3/3654; Насоий, 4/8086).
Мазкур ҳадиснинг бошқа ривоятида бундай дейилган: ومن قالَ بِرأْيِهِ فأَخطأ، فقَد كَفَر – "Кимки Қуръонни ўз раъйича тафсир қилиб, хато қилса, муҳаққақки, у кофир бўлибди!" ("Жомеъ ал-усул", 1/469).
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам саҳоба Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуни Яманга юбораётганларида, уни тўхтатиб, бундай насиҳат қилганлар:
لا تصيبن شيئا بغير علم فانه غلول ومن يغلل يأت بما غل يوم القيامة لهذا دعوتك فامض لعملك
“Илмсиз бирор нарсага ҳукм чиқара кўрма, илмсиз фатво берма! Чунки, бу бир кишандир. Кимки кишанга ёпишса, қиёматда кишанланган ҳолда қолади. Сени шунга чақиргандим, энди эса ишга кириш!” (Табароний, 20/259; Баззор, 1/2673).
Бу хилдаги фатво масъулияти ва хатаридан имом бўлиш лавозими ҳам қутқара олмайди. Буюк саҳоба Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу бундай деганлар:
إن من أشد الناس عذابا يوم القيامة إمام مضل يضل الناس بغير علم
“Қиёмат кунида одамлар ичида энг қаттиқ азобга қоладигани илмсиз равишда одамларни адаштирадиган, залолатга кетган имомдир!” (Табароний, 10/10497; Абдурраззоқ, 10/19487).
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:30
Куёш: 07:27
Пешин: 13:10
Аср: 16:55
Шом: 18:35
Хуфтон: 20:10
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram