ҲАЖНИНГ ОДОБЛАРИ
17 июн 2023 й.
345 марта ўқилди.

ҲАЖНИНГ ОДОБЛАРИ

1. Ҳаж қилмоқчи бўлган одам, аввало, Аллоҳ таолога астойдил тавба қилсин. Гуноҳларини тарк эта туриб, аввал содир бўлганларига надомат қилиб, бундан сўнг такрорламасликка азму қарор қилсин.

2. Кимга зулм етказган, кимни хафа қилган ёки кимнинг кўнглини қолдирган бўлса, улардан узр сўрасин.

3. Энг муҳим жиҳатлардан бири қилаётган ҳаж ибодатидан Аллоҳ таолонинг розилигини ва охиратининг ободлигини кўзласин. Дунё ва риёкорлик, унинг зийнатларини, ном чиқариш, фахрланиш каби нарсаларни зинҳор ва зинҳор хаёлига келтирмасин. Акс ҳолда, барча қилган саъй-ҳаракатлари беҳуда, бефойда кетади.

4. Ота-оналари тирик бўлишса, уларнинг розиликларини олсин, дуоларини сўрасин.

5. Ҳаж сафари билан овора бўлиб, бошқа ибодатларга эътиборсизлик қилмасин. Айниқса, намозга эҳтиёт бўлсин, чунки намоз зарурлиги жиҳатидан ҳаждан ҳам эътиборлидир.

6. Сафар чоғида доимо Аллоҳ таолони зикр этсин, дуолар қилсин, истиғфорлар айтсин. Қуръони Каримни тиловат қилсин. Тилини бўлмағур гаплардан, беҳуда сўзлардан, ёлғон, ғийбат, чақимчилик, сўкиш каби бузуқликлардан тийилсин. Қўлидан келганича одамларга яхшилик қилиш пайидан бўлсин.

7. Ўтган уламоларимизнинг энг муҳим насиҳатларидан бири шуки, ҳожилар ҳаж давомида қалбни машғул қилувчи, хаёлни олиб қочувчи тижоратдан тижоратдан холи бўлишлари керак. Ўзларини хор тутсинлар, зебу зийнатга эътибор бермасинлар.

Чунки Пайғамбаримиз алайҳиссалом шундай қилганлар. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят килинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Арафа куни Аллоҳ осмонга тушади ва улар билан фаришталарга мақтаниб: «Бандаларимга каранглар! Турли жойлардан сочлари тўзиган, чангга ботган ҳолда қуёшда ҳузуримга келдилар. Сизлар гувоҳ бўлинглар, мен уларнинг гуноҳларини кечдим...», дейди». Ибн Ҳузайма ривоят қилган.

8. Ҳажга қилинадиган сарф-харажат ҳалолдан бўлиши шарт.

9. Исроф ва зиқналикдан четланган ҳолда, ўртача йўл тутиб, чин кўнгилдан зоди роҳила (йўл озиғи) ва таомини бемалол қилишга этибор қаратсин. Ҳаж йўлида еб-ичиш учун сарфланган ҳар бир сўмга етти юз баробар савоб берилади.

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумо: «Сафарда озиқ-овқатнинг яхши бўлиши кишининг карамидандир. Ҳожиларнинг афзали нияти холисроқ, нафақаси покроқ ва ишончи комилроқ бўлганидир», дер эдилар.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳажжи мабрурнинг бошқа жаннатдан мукофоти йўқ», дедилар». «Эй Аллоҳнинг Набийи, ҳажжи мабрур нима?» дейишди. «Таом бериш ва саломни ёйиш», дедилар». Аҳмад ва Ҳоким ривоят қилишган.

10. Шаҳвоний нарсалар, фисқ-фужур ва жанжалга йўл қўймаслик. Аллоҳ таоло буни Қуръони Каримда таъкидлаган. Бу борадаги шаҳвоний нарсалар арабчада «рафас» дейилади ва барча шармсиз гап-сўз ҳамда хатти-ҳаракатларни ўз ичига олади. Аёлларга хушомад гапларни айтиш, шаҳвоний гап, ишора ва ҳаракатлар қилиш каби нарсалар рафасга киради. Фисқ эса, Аллоҳнинг ҳар бир тоатидан чиқишдир. Жанжал маълум ва машҳур нарса. Ҳаж қилувчи киши мазкур нарсалардан алоҳида эҳтиёт бўлиши лозим.

11. Бақувват, юрса қийналмайдиган кишиларнинг пиёда ҳаж қилишлари афзал. Бемор, қари ва узрли кишиларнинг эса ибодатларига нуқсон етмаслиги учун улов миниб ҳаж қилганлари афзал.

12. Ўзига вожиб бўлмаса ҳам, ҳожи жонлиқ сўйиб, қурбат ҳосил этишга ҳаракат қилсин. Қиладиган қурбонлиги семиз бўлишига эътибор берсин. Қурбонлик вожиб бўлса, ўзи бўлса, ўзи емасин. Агар қурбонлик ихтиёрий бўлса, ўзи ҳам ва чиройли есин.

Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоху алайҳи васалламдан «Ҳажнинг қай амали афзал?» деб сўрашди. «Талбиянинг баланд айтилиши ва қурбонлик сўйилиши», дедилар». Термизий ривоят қилган.

Қилган сарф-харажати, сўйган қурбонлиги, ўзига етган машаққат ва қийинчиликларни бағрикенглик билан қабул қилсин. Уларга чин қалбдан хурсанд бўлсин. Мана шу ҳолати ҳажининг қабул бўлгани аломатидир. Ҳаж йўлида етган ҳар бир машаққат Аллоҳ таолонинг йўлида нафақа қилганнинг ўрнига ўтади.

Ҳажнинг қабул бўлгани аломатларидан яна бири, аввалги маъсиятларни тарк қилиб, ёмон дўстлар ўрнига яхши дўстлар беҳуда орттириш, ғафлат ва мажлислар ўрнига зикр ва илм мажлисларида иштирок этадиган бўлишдир.
 

"Мўминнинг умр сафари" китобидан.

Манба: Mehrob.uz
 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram