Ҳалол савдо – барака калити
26 март 2018 й.
2356 марта ўқилди.

Ҳалол савдо – барака калити.

 

            Ҳар бир инсон турмауш тақозоси ила ҳаётида доимий равишда молиявий муомалаларга дуч келади ва бу муомалаларда иштирок этади.

            Молиявий муомалаларда асосан ҳалол ва ҳаром масаласи жуда зарур ҳисобланади. Айниқса, бозор муомалаларида бу ишга катта аҳамият бериш лозим. Савдогар фойда кўришга умид қилгани ҳолда, куйиб қолишни ҳам бўйнига олиб иш бошлайди. Ҳаражат қилиб одамларга керакли нарсаларни олиб келади. Мазкур, сабабларга кўра, тижорат билан шуғулланиш инсон учун ҳалол қилинган.

            Энг муҳими, бу муомалалар ризқнинг ҳалол ва баракали бўлиши таъминланади. У дунёда шунга яраша ажру савоб, мақому мартабага эришилади.

            Ҳадиси шарифдан: Расулуллоҳ (с.а.в.): “Ростгўй, омонатли тожир набийлар, сиддиқ ва шаҳидлар билан биргадир”, дедилар.

            Аллоҳга шукрки, халқимиз орасида бозорларимизни тўлдириб, халқимизни оғирини енгил қилиб, ўз касбига ҳалол ёндашадиган, меҳнатсевар, ҳаромдан ҳазар қиладиган, бошқалар ҳаққига ҳиёнат қилишга худодан қўрқадиган, тақводор, яхшилик қилувчи, ростгўй савдо ходимларимиз бор. Аслида, ҳар бир тожир ушбу сифатларга эга бўлиши билан қуйидаги 3 сифатга эга бўлишга уринмоғи керак:

1.      Аллоҳ таолодан қўрқиш ва унга тақво қилиш,

2.      Яхшилик қилиш,

3.      Ростгўй бўлиш.

Ушбу сифатлари бўлган одамгина тижоратда фожирлик, алдамчилик, ҳаромхўрлик қилмайди. Охиратда улуғ даражага эришади.

Минг афсуслар бўлсинки, тожирлик номига доғ тушириб фирибгарлик, алдамчилик, тарозидан уришлик, ҳаромхўрлик билан кун кўрадиганлар ҳам йўқ эмас. Аллоҳ таоло Қуръони каримда: “Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг” дейди. (Барака сураси. 188-оят) Имом Қуртубий: “Оятдаги” “ботил йўл билан емаслик” ка ҳаромнинг барча турлари: қимор, алдамчилик, ҳаром нарсаларни сотиб мол топиш, ҳаром касбларни қилиб мол топиш ва бошқалар киради” деганлар.

Тарозидан ва ўлчовдан уриб қолиш мутлақо ҳаромдир. Аллоҳ таоло мутаффифун сурасида марҳамат қилади: “...Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга, улар одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар. Ва агар уларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар” (1-3 оятлар).

“Вайл” сўзининг икки хил маъноси бор, бири “Вой бўлсин”, иккинчиси эса дўзахнинг номларидан бири “Вайл” яъни “Ўлчовдан уриб қолувчиларга Вайл дўзахи бўлсин” деганидир.

Аслида бу икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: “Вайл”га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам “Вайл” га тушади. Аллоҳ таоло Қуръони каримда ушбу масалани кўп сураларда зикр қилган. Хусусан, Шуайб Алайҳиссалом қиссасида у зотнинг қавмларининг энг катта айби ўчовда бировнинг ҳаққидан уриб қолиш экани такрор-такрор таъкидланган. Ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда Аллоҳ таоло ўша қавмни мазкур айби учун ҳалок қилгани ҳам такрорланган. Ўлчовда бировнинг ҳаққини уриб қолган қавмни юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўладилар, молларига талофот етади.

Улар савдо ишларини ҳалоллик, поклик  билан қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар, кўп фойда топар эдилар, аммо, “улар” очкўз, ебтўймас шахсларга айланиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушган фойдани еб тўймасдай ўлчовдан олиб қолиб – ялаб тўймоқчи бўладилар. Улар балки бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай, қутулиб кетарлар. Аммо, охиратда бировни ҳаққини еганга, дўзахга тушиб, азобга гирифтор бўлиб, ҳолига вой бўлишини, ўйлаб кўрмайдиларми?!

Инсонларнинг барчаси учун мазкур иқтисодий муаммолар одоби уларнинг барчаларини яратган, уларга ризқ бераётган ва охиратда ҳар бирларини ҳисоб-китоб қилиб, қилмишига яраша жазо ёки мукофот берадиган зот-Аллоҳ таоло томонидан жорий қилингандагина айни адолатли бўлади, бировга заррача зулум қилинмайди. Ана ўша илоҳий кўрсатмаларга амал қилиш орқали тинчлик ва омонлик билан муродга етади.            

 

 


 

 

 

 

 

Луқмон Исоев - Бухоро вилояти Шофиркон тумани

“Саййид Ато” жомеъ масжиди имом-ҳатиби.

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram