Ҳаром луқманинг заралари
26 апрел 2017 й.
«орқага
2348 марта ўқилди.
Ҳаром луқманинг заралари
Аллоҳ таоло бандаларга бу дунёни имтиҳон майдони қилиб, ҳалол ва ҳаром нарсаларни яратиб қўйди. Парвардигорнинг раҳмати кенг бўлганлиги учун ҳаром нарсаларни жуда оз яратди. Шунинг учун Ўзининг китобида уларни ҳаммасини зикр қилиб, уларга яқинлашмасликни ҳам огоҳлантириб қўйди. Ҳаром нарсаларнинг бадалига инсон учун ўнлаб ҳалол нарсаларни таклиф қилди. Шунинг учун бизлар, муҳтарам жамоат, берилган ақл неъматини ишлатиб, бу дунёдаги ҳалол билан ҳаром ризқнинг фарқига бориб, покиза емишдан тановвул қилайлик. Аллоҳ таборак ва таоло Ўзининг китобида марҳамат қилиб айтади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُواْ كُلُواْ مِن طَيِّبَاتِ مَا رَزَقْنَاكُمْ وَاشْكُرُواْ لِلّهِ إِن كُنتُمْ إِيَّاهُ تَعْبُدُونَ
“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳгагина ибодат қилувчи бўлсангиз, сизларга Биз ризқ қилиб берган покиза (ҳалол) нарсалардан еб, Унга шукр қилингиз!”
عَنْ عَبْدِ اللَّهِ، أَنّ النَّبِيَّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ، قَالَ:طَلَبُ الْحَلالِ فَرِيضَةٌ بَعْدَ الْفَرِيضَةِ.
“Ҳалол ризқни талаб қилишлик фарз амалларидан кейин турувчи фарздир”.
Дарҳақиқат, ҳар бир банда мўмин ҳаётгузаронлик қилиши учун Аллоҳ таоло яратган ҳалол нарсаларни яхшилаб билиши, касбидаги, ишидаги муомалаларда, олди-бердиларда, қайси ҳолатлари ҳалолу қайсиниси ҳаром эканлигини ўрганиб билиши фарз.
Ҳадисда Пайғамбар с.а.в. :“Ҳалол ҳам маълум, ҳаром ҳам маълум. Унинг орасида шубҳалар мавжуд, кўпчилик унга парво қилмайди. Кимики шубҳалардан сақланса, дини ва обрўйини сақлабди. Кимики шубҳаларга парво қилмаса, албатта, ҳаромга йўлиқади. Худди қўйларини жар ёқасида боқаётган чўпонга ўхшайди, бир кунмас, бир кун албатта улардан биттаси тушади. Ҳар бир подшоҳнинг чегарси бўлгани каби, огоҳ бўлингким, Аллоҳ таолонинг чегараси ҳаромгачадир. Билингким, инсонда бир гўшт парча бор агар у соғлом бўлса, бутун аъзои бадан соғлом бўлади. Агар у бузилса, бутун аъзои бадан бузилади. У ҳам бўлса, қалбдир”, дедилар.
Зунун Мисрий: “Агар қалбинг юмшашни истсанг, тез-тез рўза тут. Шунда ҳам юмшамаса, кўпроқ намоз ўқи. Агар шунда ҳам юмшамаса, етимларга меҳрибонлик қил”- дейдилар.
Алиййул Ҳаввос р.а. дейдилар: “Ҳаром еб ибодат қилган кимса, айниган тухумни босиб ётган кабутарга ўхшайди. Айниган тухум босган кабутар нафсини қийнасада, аммо бирорта полопон чиқара олмайди.
Ҳаром ейишнинг зарарларидан бири: ҳаром оловга айланади, фикрлаш қобилиятини, зикр лаззатини кеткизади, ихлосни куйдиради, қалб кўзини кўр қилади, ҳикмат ва маърифатуллоҳ ҳаловатидан тўсиб қўяди, ғафлат ва унутиш балосига гирифтор қилади, банданинг гуноҳ қилишига асосий сабаб ҳам ҳаром ёйишидадир, иймонни заифлаштириб бораверади-да, охир оқибат иймондан айиради”.
Демак ушбу ҳикматлардан билиниб турибдики, ҳаром луқма зарардан ўзга нарса эмас. Шу сабаб Аллоҳ бутун бир башарият аҳлига ҳалони буюриб, ҳаромни қатъий қайтариқлар ила тақиқлаб қўйди. Бизлар банда сифатида Аллоҳнинг амрига бўйин сунмоқлигимиз, ҳалоллик сари танпилмоқлигимиз, ҳаромдан йироқлашмоқлигимиз шарт бўлади.
Хўжа Ориф Мохи Тобон жомеъ масжиди
имом-хатиби Жўраев Жонибек