Ҳайит арафасида силаи-раҳм
27 июл 2020 й.
1053 марта ўқилди.
Ҳайит арафасида силаи-раҳм
Азизлар! Ўзбекистон мусулмонлари идораси Бухоро вилояти вакиллиги ва барча аҳли илм устозлар номидан сизларни меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат байрами бўлган Қурбон ҳайити билан чин қалбдан табриклаймиз.
Ҳаммамизга маълумки бутун дунё қаторида биз ҳам мусибатли кунларни бошимиздан кечирмоқдамиз. Шу касаллик, карантин сабаб ихлосманд халқимиз Аллоҳ таоло учун дунёнинг энг афзал кунлари бўлган Зулҳижжа ойининг ўн кунлигида ҳам ибодат ва тоатларини оилалари билан хонадонларида бажариб келмоқдалар. Куни кеча юртбошимиз Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгашининг фатвоси ва тавсиясига кўра, 2020-йил 31-июл “ Қурбон ҳайити” кунига тўғри келиши муносабати билан қарор қабул қилдилар. Қарорда меҳр-оқибат, эзгулик ва саховат байрами “Қурбон ҳайити”ни карантин қоидалари асосида нишонлашни айтдилар. Яқинлашиб келаётган бу байрам муносабати билан ораларимизда сақланиб қолган гуноҳ ва камчиликларимизни тузатиш вақти келиб, ўтиб кетганлигини эслатиб ўтишни жоиз деб топдим. У ҳам бўлса, кишиларнинг яқин қариндошлари ва мусулмон дўстлари билан силаи-раҳм алоқаларини узиб қўйганликларидир.
Исломда қариндош, дўстлар билан бўладиган алоқа муҳим ҳисобланади. Ва бу алоқаларни боғлашлик вожиб бўлиб, уни узишлик ҳаром ҳисобланади. Исломий адабиётда “Сила” сўзи “ боғлаш”- “ улаш”, деган маънони билдиради. “Раҳм” сўзи эса аёлнинг хомиладорлик вақтидаги бола сақланиб турадиган аъзоси “қорин”, деган маънони билдиради. Силаи-раҳм бирикмаси “бачадондошлик алоқасини боғлаш”, “ қориндошлик алоқасини боғлаш” деган маънони билдиради. Бизнинг орамизда “қариндошлик алоқасини боғлашлик”, “бир қориндан туғилганлар” маънолари кенг тарқалган. Силаи-раҳм қариндошларга боғланиш, уларга раҳм-шафқат кўрсатиш, яхшилик қилиш, муҳтожларига ёрдам кўрсатиш, ҳолларидан хабардор бўлиб туриш ҳисобланади.
Кулайб ибн Манфаъадан ривоят қилинади: “Бобом: “Ё Расулуллоҳ, кимга яхшилик қилай?”- деди. “Онангга, отангга, опа-синглингга, ака-укангга ва улардан кейин келадиган яқинларингга вожиб ҳақдир ва силаи- раҳмдир”,- дедилар. Бухорий «Адаб»да ривоят қилган. Демак, ота-онага, опа-сингилга, ака-укага ва улардан кейин келадиган яқинларга силаи-раҳм, яхшилик қилиш, ёрдам ва нафақа бериш вожиб амал ҳисобланади.
Силаи-раҳм хусусида инсонлар уч тоифага бўлинади:
1. Ҳақиқатда силаи-раҳм қиладиганлар. (Бахтлилар. Ҳеч ким ундан хабар олмаса ҳам, келмаса ҳам у ҳаммадан хабар олади, боради.)
2. Ҳисоб-китобни жойига қўядиганлар. (Бахтдан ҳам бадбахтликдан ҳам мосуво бўлганлар. Агар ундан хабар олинса у ҳам хабар олади. Агар биров келмаса у ҳам бормайди. Яъни “ Бор товоғим кел товоғим”, “ Сиздан угина, биздан бугина” қабилида амал қиладиганлар.)
3. Алоқани узадиганлар. (Бадбахтлар. Улардан биров хабар олса ҳам, у бировлардан хабар олмайди. Биров яқинлашишни хохласа, у узоқлашади.) Абу Айюб Ансорийдан ривоят қилинади: “Бир Аъробий Набий алайҳиссаломнинг йўлларини тўсиб чиқиб: “Менга жаннатга яқинлаштирадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амалнинг хабарини беринг”, - деди. “Аллоҳга ибодат қиласан, Унга ҳеч нарсани шерик қилмайсан. Намозни адо қиласан. Закотни берасан. Силаи-раҳм қиласан”,- дедилар. (Имом Бухорий ривояти). Бу ҳадисда силаи-раҳм қилишлик - қариндошлар билан алоқани яхшилаш иймон, намоз ва закот каби Исломнинг асосий рукнлари билан бир даражага қўйилмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам бу мавзу жуда муҳимлигини ҳадиси шарифлари таъкидлайдилар: яъни: “…ва ким Аллоҳга ва охират кунига имон келтирган бўлса, қариндошлик алоқаларини боғласин…” Имом Бухорий ва Имом Муслим Абу Ҳурайрадан ривоят қилишган.
Абу Айюб ал-Ансорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Мусулмон кишига ўз биродарини уч кечадан ортиқ гаплашмай ташлаб қўйиши, учрашсалар униси у ёққа юз ўгириб, буниси бу ёққа юз ўгириши ҳалол бўлмайди. Уларнинг энг яхшиси саломни аввал берганидир”. (Бухорий ва Муслим ривояти).
Мусибатли кунларда арзимас сабаблар билан орамизда келишмовчиликлар юзага келган бўлса бир-биримиздан узр сўраб, орамизни ислоҳ қилайлик. Зеро, қайси бир халқнинг, қавмнинг орасида шундай инсонлар бўлса, у қавмнинг дуолари ҳам қабул бўлмайди. Аллоҳ таолонинг раҳмати у миллатни бошига тушмайди.
Абдуллоҳ ибн Абу Авфодан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ алайҳиссалом: “Албатта қариндошлик алоқасини узувчи бор қавмга раҳмат тушмайди”,-дедилар”. (“Одоблар хазинаси” китобидан).
Ҳайит кунлари келмасиданоқ ўртамиздаги низоларга чек қўяйлик. Ҳайит кунлари қиладиган қурбонликларимиздан эҳсон қилишни биринчи навбатда ўша аразлаб, орамизни тузатган ота-она, ака-ука, опа-сингил, аммамиз, амакимиз, холамиз, тоғамиз, дўстимиз ё қўшнимиздир шулардан бошлайлик. Ота- оналаримиз, аҳли аёлимиз ва фарзандларимизга ҳайит куни ҳадялар бериб, у кунни хурсандчилик билан ўтказайлик. Эҳсонимиз бўлмаса хафа бўлмайлик. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Яхши сўз садақадир”,-дедилар”. (Имом Бухорий ривояти). Улуғларимиз: “Совға қиммат эмас, эътибор қиммат дейишган”. Бир бор телефон орқали саломатмисиз, тинчмисиз деб қўйсангиз тамом. Шу сўз ҳам яқинларимиз кўнглининг кўтарилишига кифоя қилади. Шоядки, Аллоҳ таоло шу амалларимиздан рози бўлиб бошимиздаги вабо, касалликларни кўтарса. Фазилатли кунларда яхшиларимизнинг қилган дуоларини қабул қилиб яна илгаригиданда кўпроқ раҳматини миллатимиз бошига тўкиб солса.
Аллоҳ таоло барчамизни силаи-раҳм қилувчилардан қилсин. Қариндошларимиз билан алоқаларимизни мустаҳкам қилсин. Ҳаммангизга яқинлашиб келаётган “ Қурбон ҳайити”ни Роббим муборак қилсин.
Шофиркон туман бош имом-хатиби Жасурбек Латипов
«орқага