ҲАЙИТ КЕЧАСИ
09 апрел 2024 й.
924 марта ўқилди.

 
ҲАЙИТ КЕЧАСИ 

Аллоҳ таоло баъзи кечаларни баъзисидан афзал, қадрли қилиб қўйган. Қадр кечаси, Бароат кечаси, Меърож кечаси, икки ҳайит кечалари ана шулар жумласидандир. Бу кечаларни бедор ўтказиш, ибодат қилиш борасида ҳадиси шарифларда айтиб ўтилган.
Жумладан Пайғамбар алайҳиссалом икки ҳайит кечасини савоб умидида бедор ўтказган бандаларнинг қалби ҳеч қачон ўлмаслигини баён қилиб ўтганлар.

عَنْ أَبِي أُمَامَةَ رضي الله عنه عَنْ النَّبِيِّ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ قَامَ لَيْلَتَيْ الْعِيدَيْنِ مُحْتَسِبًا لِلَّهِ لَمْ يَمُتْ قَلْبُهُ يَوْمَ تَمُوتُ الْقُلُوبُ.

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким икки ийд кечасини савоб талаб қилган ҳолда бедор ўтказса, қалблар ўладиган кунда унинг қалби ўлмайди», дедилар» (Ибн Можа ривояти).

Демак, эртага Рамазон ҳайити ёки Қурбон ҳайити деган кечаларда солиҳ амаллар ва нафл ибодатлар қилиш ғоятда фазилатлидир.
Пайғамбар алайҳиссаломдан ўрнак олган саҳобаи киромлар ва уларнинг йўлини тутган тобеъинлар бу кунларни жуда ғанимат билишган. Ҳайит кечаларини бошқа кечаларга қараганда кўпроқ ибодат билан ўтказишга ҳаракат қилишган.
Машҳур тобеъин Саъийд ибн Жубайр раҳматуллоҳи алайҳи Зулҳижжа ойининг аввалги ўн кунида, хусусан ҳайит кечасида солиҳ амаллар ва ибодатга худди Рамазон ойининг охирги ўн кунлиги ва қадр кечасидек қаттиқ киришар эканлар.
Дарҳақиқат, бу тунлар Аллоҳ таолонинг ҳузурида энг улуғ ва энг маҳбуб тунлардан саналади. Ҳамма ҳам унинг қадрига етавермайди. Фақат Аллоҳни севган, Пайғамбарга эргашган, савоб умидида, жаннат илинжида бўлган солиҳ бандалар уни ғанимат биладилар, ибодатга шошиладилар, ўзлигини яна қайта ўнглаб оладилар. 
Азизлар, биз ҳам қимматли вақтимизни беҳуда нарсаларга сарфламасдан, уни ибодатга, тиловатга йўналтирайлик. Хусусан, дуолар тезроқ мустажоб бўладиган улуғ кунлар ва фазилатли тунларнинг баракасидан бенасиб қолиб кетмайлик. Ҳам ўзимиз ибодат қилайлик, ҳам оила аъзоларимизнинг савоб тўплашларига замин яратиб берайлик. Вақтни қуруқ ўтказишдан, ажр-мукофотлардан айрилиб қолишдан ўта-ўта ҳушёр бўлайлик. 
 

ЭРКИН ҚУДРАТУЛЛОҲ 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:59
Пешин: 13:10
Аср: 16:20
Шом: 17:55
Хуфтон: 19:35
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram