«Хаё- кўнгил зийнати»
13 апрел 2017 й.
«орқага
3197 марта ўқилди.
«Хаё- кўнгил зийнати»
Ҳамюртимиз Ал-Бухорийнинг «Ал- Жомиъ ас сахих» китобида «Агар сўрсалар пўсти иймон нимадур?» Жавоб: «Шармдур» Ли- қавлиҳи алайҳиссалом:- «Ал- ҳаё минал иймон», яъни «Ҳаё ва шарм иймондандир».
Ҳаё- бу уят, яъни уятли амалларни қилишдан уялишдир. Инсон аввало Аллоҳдан уялиши, ота-онасидан, юрти, халқидан уялиши ва энг асосийси, ўз виждонидан уялиши лозимдир. Ҳаё- Аллоҳ таолло сифатларидан бўлиб, бу сифат билан сифатланган кишидан ҳеч қандай ёвуз иллатлар чиқмайди. Ҳаё- иймон дарахтининг илдизидир. Демак, ҳаёли киши хоҳ у аёл бўлсин, хоҳ эркак бўлсин ундайлар жамиятимизнинг равнақ топишига юртимизнинг янада гуллаб яшнашига, ўзларининг илмлари билан, касб-ҳунарлари билан катта ҳисса қўшадилар. Ундай инсонлар оиласига ҳамма ҳавас назари билан қарайди ва жамиятда ўз обру-эътиборига эга бўладилар. Ҳаё- бу пайғамбарлар, солиҳлар ва солиҳалар сифатларидандурки, эркакларда ҳаё яхши хислат бўлса, аёлларда бунданда чиройлироқ бўлур. Ҳаёли киши хунук нарсани ҳам чиройли қилади. Ҳаёсиз бўлса, чиройли нарсани ҳам хунук қилади. Шунга кўра динимизда одамларнинг маънавий қиймати, улар эга бўлган ҳаё ва ахлоқига қараб белгиланади. Бу эса, ҳадиси шарифда қуйидагича ифодаланади. «Оллоҳ таоллога бандаларининг энг севимлиси, ахлоқи энг гўзал бўлганидир».
Ҳаёнинг бутун вужуди яхшиликдир. Ҳаё- доим яхшиликни келтиради, ҳаё- иймондандир.
Ривоят.
Боязид Бастомий ёмғирли бир кунда жума намозини ўқиш учун уйларидан чиқдилар. Сел йўлларни лой қилган эди. Ёмғир тингунга қадар бир ҳовли девори ёнида паналаб турдилар ва девор тошларига оёқ кийимларини суриб лойдан тозаладилар. Бироз юриб бир мажусийнинг деворини лой қилиб қўйганлари кўнгилларига келди ва «Уни рози қилмасдан туриб қандай жума намозини ўқийман, бу ҳолда Оллоҳ ҳузурида қандай тураман?»- дея ўйладилар ва ортларига қайтиб мажусий эшигини қоқдилар. Мажусий эшикни очиб келинг деди. У зот: «Сиздан узр сўрайман» дедилар, маъжусий ҳайрон бўлиб, «Не учун» деди. У зот «Бироз аввал беихтиёр оёқ кийимларимнинг лойини сизнинг деворингизга тозалаб, деворингизни доғ қилдим, бу яхши эмас, шиддатли ёмғир назокатни эсдан чиқарди, узр» дедилар. Маьжусий ҳайратланиб: «э, майли, зарари йўқ» деб узрларини қабул қилди. Бундан кўринадики, ҳаёли кишида назокат, ибо, шарм, гўзаллик, нафосат, эзгулик, одоб ва жами гўзал ахлоқлар мужассамдир.
Биз бугунги ёшларга ҳам «ҳаё»даги бор фазилатларни тарбиялашимиз зарур. Чунки бу фазилат ватанимиз ва жамиятимиз равнақи учун жуда зарур. Зеро: - собиқ Президентимиз Ислом Каримов ўзларининг «Ўзбекистон ХХI аср бўсағасида» асарида «Фарзандларимиз, келажак авлодлар биздан шу ўлкани, шу муқаддас заминни яна ҳам бой, кучли ва қудратли қабул қилиб олишлари учун, биз буюк аждодларимизга нисбаттан қандай миннатдорчилик туйғуларини ҳис этаётган бўлсак, ўғил-қизларимиз, келажак авлодлар ҳам бизга нисбаттан шундай миннатдорчилик туйғуларини ҳис этишлари учун лозим бўлган ҳамма ишни қилиш – бизнинг фуқаролик бурчимиздир»-деб таъкидлаганлар.
Акобирова Дилбар,
Бухоро шаҳридаги 23-МФЙ фаоли.