ҲАЁ – МЎМИНЛИК ПАРДАСИ
16 январ 2026 й.
354 марта ўқилди.

 ҲАЁ – МЎМИНЛИК ПАРДАСИ

Муқаддас Ислом дини барча мўмин-мусулмонларни гўзал ахлоқ билан безанишга, инсоний фазилатларни ҳаёт тарзига айлантиришга ва ёмон хулқ-атворлардан узоқ бўлишга даъват этади. Аллоҳ таоло яратган махлуқотлар ичида инсон зоти нафақат сўзи, балки одоби, хулқи ва муомаласи билан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши лозим.
Ислом ахлоқининг энг юксак ва энг нозик фазилатларидан бири – ҳаёдир. Бу ҳақда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қилганлар: «Албатта, ҳар бир диннинг ўзига хос хулқи бўлади. Исломнинг хулқи эса – ҳаёдир».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам ниҳоятда ҳаёли зот эдилар. Улар ҳаё борасида умматлари учун энг гўзал намуна бўлдилар. Саҳобаи киромларни ҳам ҳаёли бўлишга чорлар, ҳаёли инсонларга бериладиган юксак мақом ва фазилатларни баён қилиб, уларни бу хислатга қизиқтирар эдилар.
Абу Саъид Худрий розияллоҳу анҳу шундай деганлар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаё бобида чимилдиқдаги келиндан ҳам ҳаёлироқ эдилар. Қачон у зот ёқтирмайдиган бирор нарсани кўрсалар, бу ҳолат юзларида дарҳол билинар эди».
Ҳаё инсонни гўзал қилиб кўрсатадиган маънавий зийнатдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси нарсада фаҳш (беҳаёлик) бўлса, уни хунуклаштиради. Қайси нарсада ҳаё бўлса, уни зийнатлайди», деб марҳамат қилганлар.
Ҳаё – иймоннинг бир бўлагидир. Инсонда ҳаё қанчалик кучли бўлса, унинг иймони ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади. Шунингдек, иймон кучли бўлса, ҳаё ҳам ўз-ўзидан намоён бўлади. Бежизга халқимиз: «Иймонсизда ҳаё бўлмайди, ҳаёсизда иймон бўлмайди»,
деб айтмаган.
Чинакам ҳаёли инсон танбеҳ ёки дакки эшитса, уялиб, қилган ишидан пушаймон бўлади, ўз хатосини англаб, тўғри хулоса чиқаради. Аксинча, танбеҳни қабул қилмай, яхшилик истаб огоҳлантирган кишига сўз қайтариш, беодоблик қилиш ҳаёсизлик аломатидир.
Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу шундай деганлар: «Ким ҳаё либосини кийса, одамлар унинг айбини кўрмайди».
Ҳақиқий ҳаё – фақат ташқи кўриниш ёки сўздагина эмас, балки қалб ва фикр поклиги билан намоён бўлади. Ҳадисларда келганидек, ҳақиқий ҳаё: фикрни поклаш, нафсни тийиш, парҳезкор бўлиш, ўлим ва охиратни доимо ёдда тутиш билан камол топади.
Кимки шу нарсаларга доим эътибор берса, у Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё билан уялган банда ҳисобланади.
Ҳаё инсонни ҳаётда тўғри йўлга бошлайдиган маънавий нурдир. Уни мустаҳкам тутган инсон адашмайди, ҳақ йўлдан чиқмайди. Ҳаёли одамлар орасида обрў-эътибор қозонади, ўз қадр-қимматини сақлайди ва фаришталарнинг эътиборига сазовор бўлади.
Ҳаёнинг чегараси йўқ. Унинг ҳар қандай кўриниши хайрли ва мақбулдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаёнинг ҳаммаси хайрлидир», деб марҳамат қилганлар (Имом Бухорий ривояти).
Ҳаё – иймонимизнинг таянчи, хулқимизнинг зийнати, шахсиятимизнинг муҳофазасидир. Шунинг учун ҳаёни қўлдан бой бермайлик. Оилада ҳам, жамоат ичида ҳам, кўча-куйда ҳам, ҳатто ёлғиз қолганимизда ҳам Аллоҳ таолодан ҳаё қилайлик. Ибо-ҳаёли инсонларни ҳурмат қилайлик, уларни қўллаб-қувватлайлик ва бу фазилатни ёш авлодга ўргатайлик.
Аллоҳ таоло барчамизни ҳаё зийнати билан безасин, ҳаёли, иболи ва солиҳ бандаларидан қилсин. Омин.
Фарҳод Жумаев,
Бухоро шаҳар “Дилкушо” жомеъ 
масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:44
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram