Ҳаё фақат яхшиликка етаклайди
03 декабр 2022 й.
280 марта ўқилди.

 Ҳаё фақат яхшиликка етаклайди

Аллоҳ инсонни яратар экан, уни фитратда яратди. Фитрат бу тоза инсоний хислатлар мажмуъаси. Бу кўпинча ёш болаларда яққол кўринади. Масалан: Самимият – ҳамма билан чин кўнгилдан гапириш, учраган кишига ишониш, ростгўйлик – бировни алдамасдан муносабат қилиш, соддалик – ўзини оддий тутиб, соф ҳолатда муомала қилиш, ҳаё – бирор бир ножўя гап ёки иш қилса, уялишлик ва ҳоказо...
 Бир қанча инсонни инсонийлигини сақлаб турувчи хислатлар борки, одамзоднинг хилқатига қўшиб яралган. Ҳаё шуларнинг сарасига киради. Ҳаё сўзи луғатда уятсизликнинг тескарисини англатади.
Ҳаё икки хил бўлади:
1.Нафсоний  
2.Иймоний 
Биринчиси нафсоний – барча инсоният яралганда унинг табиатида бор бўлган ҳаё. Унга мисол авратини кўрсатишдан уялиш ёки ножўя иш қилиб қўйганда юзнинг қизариши ва ҳоказо... Бу туғма ҳаё бўлиб, одамлар орасидаги бўладиган ҳаё.
Қуръони Каримда табиий ҳаё ҳақида зикр қилинади:
فَلَمَّا ذَاقَا الشَّجَرَةَ بَدَتْ لَهُمَا سَوْآتُهُمَا وَطَفِقَا يَخْصِفَانِ عَلَيْهِمَا مِن وَرَقِ الْجَنَّةِ
“Икковлари дарахтдан татиб кўришганида, авратлари ўзларига кўриниб қолди ва ўзларига жаннат баргларидан тўсиқ тўқий бошладилар.....”  
Одам алайҳиссалом ва Ҳавво онамизнинг авратлари фақатгина ўзларига кўринди холос. Шу ҳолатда ҳам дарҳол ўзлари уялиб, ҳаё қилиб, барглар билан авратларини тўсишга киришдилар.  Уларга ҳали бирор инсон аврат ҳақида, уялиш ва ҳаё ҳақида гапирмаган эди. Лекин, яратилиш табиатидаги ҳаё аталмиш сифат уларни беихтиёр ушбу ишни қилишга ундади. 
Иккинчиси иймоний – мусулмон Роббисини таниб, Ундан ҳаё қилиб таъқиқлаган ишларни қилмаслик, айниқса ўзи ёлғиз бўлган пайтда кўпроқ билинади. Иймоний ҳаё бу банда билан Аллоҳнинг орасидаги ҳаёдир.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абу Ҳурайра разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
عَنْ أَبِى هُرَيْرَةَ قَالَ قَالَ رَسُولُ اللَّهِ -صلى الله عليه وسلم- « الْحَيَاءُ مِنَ الإِيمَانِ وَالإِيمَانُ فِى الْجَنَّةِ وَالْبَذَاءُ مِنَ الْجَفَاءِ وَالْجَفَاءُ فِى النَّارِ ».
“Ҳаё иймондандир ва иймон соҳибини жаннатга киргизади. Беҳаёлик жафодир, яъни зулмдир ва зулм эгасини жаҳаннамга киргизади”.
Ҳаёнинг бундан кўра улуғ васфи бўлмаса керак. Ислом дини ҳаёни иймон даражасига кўтарган. Аллоҳ таоло ҳаёни иймонга боғлаб қўйгани бежизга эмас.  Чунки мусулмоннинг ҳаёси уни жаннатга етаклайди.
Ҳаё барча яхшиликларнинг асосидир. Унинг кетиши барча яхшиликларнинг кетишидир. Маъсиятлар аста – секин ҳаёни заифлаштириб бориб, бир йўла йўқ қилиб юбориши ҳам мумкин.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Абдуллоҳ ибн Масъуд разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам:
عَبْدِاللَّهِ بْنِ مَسْعُودٍ رضي الله عنه قَالَ - قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: "اسْتَحْيُوا مِنْ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ قَالَ قُلْنَا يَا رَسُولَ اللَّهِ إِنَّا نَسْتَحْيِي وَالْحَمْدُ لِلَّهِ قَالَ: "لَيْسَ ذَاكَ وَلَكِنَّ الِاسْتِحْيَاءَ مِنْ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ أَنْ تَحْفَظَ الرَّأْسَ وَمَا وَعَى وَالْبَطْنَ وَمَا حَوَى وَلْتَذْكُرْ الْمَوْتَ وَالْبِلَى وَمَنْ أَرَادَ الْآخِرَةَ تَرَكَ زِينَةَ الدُّنْيَا فَمَنْ فَعَلَ ذَلِكَ فَقَدْ اسْتَحْيَا مِنْ اللَّهِ حَقَّ الْحَيَاءِ"
«Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилинглар», дедилар.
«Эй Аллоҳнинг Расули! Биз, албатта, ҳаё қиламиз, алҳамду лиллаҳи», дедик.
«Ундоқ эмас. Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилиш бошни ва у ўз ичига олган нарсаларни, қоринни ва у ўз ичига олган нарсаларни сақламоғингдир. Ўлимни ва чиришни эсламоғингдир. Ким охиратни хоҳласа, дунё зийнатини тарк қилур. Ким ўшаларни қилса, Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилган бўлур», дедилар».
Бош ўз ичига олган нарсалар кўз, қулоқ, бурун, оғиз ва тил эканини билиб қўймоқ лозим. Ушбу нарсаларни ёмонликдан сақлаш ила Аллоҳдан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.
Қорин ўз ичига олган нарсалар жумласида озуқалар ва аврат ҳам бор. Демак, озуқанинг ҳалол бўлиши ва фаржни гуноҳдан сақлаш ила Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилишнинг баъзи шартлари юзага келар экан.
Демак, Аллоҳ таолодан ҳақиқий ҳаё қилиш У Зотнинг таълимотларига амал қилиб яшашдан иборатдир.
Психология фани мутахассислари ҳаё туйғуси ҳақида изланишлар олиб бориб, унинг тиббиётга ва психологияга оид янги фойдаларини аниқладилар.
Инсон миясида махсус марказлар бўлиб, улар ҳаё, уялиш пайтида янада яхшироқ ишлаб, мия ҳужайраларининг фаоллашишига ҳамда танадаги иммун тизимининг қуввати ошишига сабаб бўлади. Шундай қилиб, ҳаё инсонга фақат яхшилик келтиради. Ҳаёнинг тиббий ва психологик фойдалари кўплигини илм-фан таъкидламоқда.
Ҳақиқий ҳаёга ҳар бир ҳолатда Аллоҳ таолонинг кўриб турга¬нини билиш, гуноҳлардан узоқда бўлиш билан эришилади. Ҳаёли инсон бировга, гарчи у билмаса-да, кўрмаса-да, хиёнат қилмайди, обрўсини тўкмайди, зулм қилмайди, ҳақини топтамайди. Ичи билан таши бир бўлади. Биров бор пайтда бошқача, йўғида эса бошқача муомала қилмайди. Одамлар кўз ўнгида қилмаган гуноҳни Парвардигоридан қўрққани учун танҳолигида ҳам қилмайди. Шундай сифатга эга одамдa сaлoбaт пайдо бўлади. 
Жамол Мавлонов,
Бухоро шаҳар “Масжиди Калон” масжиди имом-хатиби

 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram