РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲИ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МУАЗЗИНЛАРИ БИЛОЛ ҲАБАШИЙ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ
30 март 2019 й.
3253 марта ўқилди.

 

РАСУЛУЛЛОҲ САЛЛАЛЛОҲИ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МУАЗЗИНЛАРИ БИЛОЛ ҲАБАШИЙ РОЗИЯЛЛОҲУ АНҲУ


     Ҳазрати Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу илк иймон келтирган саҳобалардан. Асрлар ўтди, аммо у зотнинг  исмлари асло унутилмади. Минглаб, миллионлаб инсонлар, ўз болаларига Билол исмини шу инсон шарафига қўйганлар. Азон-и Муҳаммадия ўқилган масжидларда доим у зот эсга олинади. Билол розияллоху анху асли Ҳабашистондан бўлиб, оталарининг исми Рабоҳ оналари Ҳамома эди. Макка-и мукаррамада туғилди. Умайя ибн Халафнинг қули эди. Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳунинг шарофатлари билан озодликга эришиб Ислом динини қабул қилди. Қайта дунёга келгандек бўлиб, ҳаётларининг янги саҳифалари очилди. 
     Исломни қабул қилиб ягона Аллоҳга имон келтирганларини эшитган Умайя ибн Халаф дахшатга тушиб нима қилишини билолмай қолди. “Нега менинг рухсатимсиз у янги динни қабул қилади? Ўз–ўзидан қандай қилиб Исломни қабул қилганини эълон килади” дея ғазабланарди. Қалби тошдек қотган, зулумотлар ичида бўлган бириси сифатида иймонни мазасини қаердан ҳам биларди? Фақатгина бир иш қилиши мумкин, у ҳам бўлса, зулм эди. Умайя ҳазрати Билолни динидан қайтариш учун, бор кучи билан энг оғир жазоларни бера бошлади. Хориганча урарди. Ўзи ибодат қилган бутларни номини айттирмоқ учун қилган барча ишлари фойда бермади. Ниҳоят Макканинг шарафли инсонларидан Ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу, ҳазрати Билолни хўжайинидан сотиб олиб, озод этдилар. 
     Росулуллоҳ саллоллоху алайҳи васаллам Каъбани бутлардан тозалаганларидан сўнг ҳазрати Билол азон айтар эдилар. Муҳаббатлари чексизлигидан Пайғамбаримиз вафотларига дош бера олмай, Мадинани тарк этишга мажбур бўлди. Ҳазрати Абу Бакр разияллоҳу анҳу ҳазрати Билолга ёнларида қолишни айтганларида, Ҳазрати Билол - “Агар сиз мени Аллоҳнинг розилиги учун озод этган бўлсангиз, мени хохлаган томонга кетишимга рухсат беринг; ўз нафсингиз учун озод қилган бўлсангиз мени ёнингизда қолдиринг!” дедилар. Шунда ҳазрати Абу Бакр розияллоҳу анҳу у зотга: “Хохлаган томонга кетишингиз мумкин” деганларида Шом ва унинг атрофларига томон йўл олдилар. 
      Ҳижратнинг ўн олтинчи йилида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу Шом ва Фаластинга борганларида, Ҳазрати Билол кутиб олиш учун Жабияга (ўша ердаги макон номи) келдилар. Шу ердан халифа ҳазрати Умар билан бирга Қуддус томон йўл олдилар ва Қуддусни биргаликда фатҳ қилди. Росулуллоҳ саллоллоху алайҳи васалламнинг вафотларидан сўнг хеч азон айтмаган Ҳазрати Билолдан халифа Умар розияллоҳу анҳу азон айтишларини илтимос қилди. Халифанинг бу илтимоси рад этолмай хазрати Билол азон айтдилар. Азонни айтишлари билан халифа хазрати Умар розияллоху анху ва саҳобалар росулуллоҳ даврлари кўз олдиларига келди. У ерда бўлганлар, оламларга раҳмат қилиб юборилган зот билан бирга ўтказган кунларни ёд этиб кўз ёши тўкиб йиғлай бошладилар.
    Бир кечкурун ҳазрати Билол росулуллоҳни туш кўрдилар. Пайғамбаримиз худди хафа бўлгандек: “Эй Билол, бунчалик айрилиқ етмадими?  Келиб қабримни зиёрат қилмайсизми” дедилар. Юраклари тўхтаб қоладигандек бўлди. Ҳаяжон ва тер ичида уйғондилар. Дарҳол таёргарлик қўриб, эрта тонгда озғин ва узун бўйли туялари билан муборак Мадина-и Мунаввара томон йўл олдилар. Якка-ю ягона Хабибига яқинлашган сари Мадина ҳавосини ҳидлаб, тоғ-у тошларни силаб кўз ёши тўкар эдилар. Чўл-у биёбонларни  узоқ кезиб ниҳоят Мадинага етдилар. У кишини кўрган кишилар салом берар: “Қаранглар Росулуллоҳни муаззинлари Ҳазрати Билол келияптилар. Дунёда у киши каби азон ўқийдиган йўқ” дер эдилар. Аммо бу гапларнинг бирортасини эшитмас, йўлида давом этиб тўғри Росулуллоҳнинг қабрларига борардилар. Етиб келгач Қурьон Карим тиловат қилдилар ва ҳушдан кеттиб йиқилдилар.Ўзларига келганларида бошлари тепасида суюкли Пайғамбаримизнинг икки набиралари, ҳазрати Ҳасан ва ҳазрати Хусан розияллоҳу анҳулар ўтириб сочларини силар эдилар. Уларни кўргач бир-бирлари билан қучоқлашиб йиғлашдилар. “Болаларим! Сизлардан бобонгиз ҳазрати Росулуллоҳни ҳидлари келади” дедилар. Шунда ҳазрати Ҳасан: “Бобомиз ҳам сизни жуда яхши кўрардилар. Агар сиздан бобомиз Росулуллоҳ хурматлари учун бир нарса истасак қиласизми?” ҳазрати Билол таажжубланиб: “Бу қандай ҳол болам? Сиз бу қулингизга  нимани буюрсангиз қилади” деганларида. Ҳазрати Ҳасан: “Сиздан бир бор азон айтиб беришингизни истаймиз, орзуимиз шу эди” деди. Эртаси кун бомдод намозида Ҳазрати Билол розияллоху анху Масжид-и Набавияда сўнги азонларини ўқидилар.Бағрини Росулуллоҳни соғинчи, ҳасрат ўтида куйиб ёнаётган юрагидан чиқаётган азоннинг “Аллоҳу акбар Аллоҳу акбар” лафзини эшитган Мадина аҳли ўринларидан туриб ҳазрати Биололни овозларини таниб, масжид-и Набавий томон югуришди. “Ашҳаду анна Муҳаммадан Росулуллоҳ” деганларида ўзларини тута олмай аччиқ-аччиқ йиғлаб жуда машаққат билан азонни якунлади.  Мадина кўчалари аёл-эркак,  ёш-у қари ҳатто касаллар ҳам ўринларидан туриб масжид-и Набавий томон келиб Росулуллоҳни ҳаёт деб уйлашганди. Ушбу кунгидек азон бошқа айтилмади. Ҳазрати Билол ҳам бошка азон айтмадилар.
     Улар, мана шундай Росулуллоҳнинг ошиқлари эдилар. Мадина аҳлининг у зотга нисбатан муҳаббатлари чексиз, хотираларини қадрлаб, асрар ва умрларининг ҳар бир дақиқасини ғанимат билиб яшар эдилар. Хўш биз-чи азизлар...   

Нарзилло АХМЕДОВ 
       Мир Араб ўрта махсус ислом
       билим юрти мударриси 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:00
Куёш: 05:47
Пешин: 13:10
Аср: 18:00
Шом: 19:40
Хуфтон: 21:20
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram