ҲИЖРАТ
15 сентябр 2017 й.
2148 марта ўқилди.

ҲИЖРАТ

Ҳижрат - ушбу сўз бир жойдан иккинчи бир жойга кўчиш маъносини англатиб, истилоҳда эса Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам даврларидаги мусулмонларнинг Ҳабашистонга, сўнгра ўзлари бошчилигида Мадинага кўчиб ўтишларига айтилади.

Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васаллам даврида ҳижрат қилиниши – У зот бошчилигидаги мусулмонларнинг ўз ватанларига сиғмай, аниқроғи, имон-эътиқодлари ҳамда ҳаётлари хавф-хатарга рўбарў бўлганидан сўнг мажбурлик ва зарурият юзасидан ўз туғилиб ўсган шаҳарларини ташлаб чиққанлигидир.

Ҳижрат икки хил бўлади. Биринчиси: дин ва ҳаёт муҳофазаси йўлида амалга ошириладиган маконий ҳижрат бўлиб, унга тааллуқли бир қатор оят ва ҳадислар ворид бўлган. Мазкур манбаларда исломга нисбатан қарши турган маккаликлар томонидан мусулмонларни турли кўринишда азоблаш ҳамда уларни ўз танлаган эътиқодларидан воз кечтириш мақсадида жисмоний ва бошқа кўринишдаги зўрликлар ишлатганлиги баён қилиниб, динлари ва ҳаётларини сақлаш мақсадида тинч ва осойишта жойга кўчиш буюрилгани таъкидланади.

Аллоҳ таоло шундай дейди:

“Зулму қийноқларга дучор бўлганларидан сўнг Аллоҳ йўлида ҳижрат қилган зотларни албатта бу дунёда ҳам гўзал (гўшаларга) жойлаштирурмиз. Энди охират ажри-мукофоти янада каттароқ эканини (одамлар) билсалар эди!”. (Наҳл сураси 41-оят)

Пайғамбаримиз Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Тили ва қўлидан мусулмонлар саломат бўлган инсон ҳақиқий мусулмондир. Аллоҳ таоло қайтарган нарсаларни тарк (ҳижр) қилган инсон ҳақиқий муҳожирдир”, – дейдилар.

Байҳақий  раҳматуллоҳи алайҳдан Ибн Умар разияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда: “Ҳижратнинг энг афзали – Роббинг ёмон кўрган нарсани тарк этмоғингдир”, – дейилади.

Бугунги кунда ақидапараст гуруҳлар томонидан ҳижрат тушунчаси ўз мафкуравий қарашларига мос равишда талқин қилинмоқда. Бу кучлар дунёнинг нотинчлик ҳукм сурган ва ўзлари қўним топган минтақаларига таассубга берилган шахсларни бир жойга жамлаш ва шу орқали режалаштирилган геосиёсий мақсадлар йўлида ҳаракатланишмоқда. Хусусан, улар илм ва маърифатдан йироқ, жоҳил кимсаларни ўз атрофларига тўплашга интилиб, ислом диёри бўлган, азон айтиладиган, жума ва ҳайит намозлари ўқиладиган, хуллас, исломнинг беш арконлари эмин-эркин адо этилиб, мусулмончилик амалда бўлган ва улар тинчлик-хотиржамликда ҳаёт кечираётган Ватанини тарк этишга тарғиб қилинмоқда.

Ўз юртини ташлаб, ўзга юртларда сарсон-саргардон юриш, ўзи каби манқурт шахслар билан бирлашиб, киндик қони тўкилган юртига қарши қурол кўтариш айни ислом таълимотига зид ишдир.

Ибн Аббос разияллоҳу анҳу ухлаётганида ёстиғи тагидаги ҳамёнини ўғирлашади. Ўғри ушланиб, Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам олдига олиб борилганида, у ўз қилмишини шу маблағ эвазига ҳижрат қилмоқчи экани билан оқламоқчи бўлади. Расулуллоҳ соллолоҳу алайҳ эса унинг ишини қоралаб, Маккага қайтиб, ўз шаҳрида муқим яшашга буюриб: “Ҳижрат тўхтатилди!”, – дея таъкидлайдилар.

 

Волидаи Абдулазизхон

 жоме масжиди имом хатиби:   

   Қудратов Зариф

 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:33
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram