Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ким ҳақли
11 феврал 2023 й.
349 марта ўқилди.

Қуръон ва ҳадисдан ҳукм олишга ким ҳақли
Ушбу мавзуни ёритишимиздан мақсад, ҳозирги кунда баъзилар ўзича оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариб, нотўғри фатволар бериб, ўзини ва ўзгаларни адаштирмоқда. Аслида, Қуръони карим ва ҳадиси шарифдан ҳукм олиш ёки масала чиқариш ҳар кимнинг ҳам қўлидан келмайди. Бу масъулиятли ишни ижтиҳод (оят ва ҳадислардан ҳукм чиқариш) даражасига етган мужтаҳид зотларгина амалга оширишлари мумкин. "Нурул-анвор" китобода Қуръон ва ҳадисдан ҳукм чиқариш учун қуйидаги шартлар мавжудлиги баён қилинган: "Ижтиҳод қилишнинг шарти Қуръони каримни луғавий ва шаръий маъноларини пухта билиш, ҳадис ва унинг етиб келиш йўларини ҳамда қиёснинг турларини чуқур англаб етиш". Қуръони каримни билиш дегани Қуръоннинг маъноларини қисқача тушуниш эмас, балки Қуръони каримга доир барча илмларни чуқур билиш ва бу соҳада моҳир бўлиш керак. Яъни, носих (ўзидан олдинги оятнинг ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган) оятлар ҳақидаги илм, мутлақ (умумий маънода келган) ва муқайяд (махсус бир маънода келган) оятлар ҳақидаги илм, сабаби нузул-оятларнинг тушиш сабабларига доир илм, араб тили, усулул фиқҳ, балоғат ва фасоҳот фанларида моҳир бўлиши ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши керак. 
Ҳадис илмини билиш дегани "саҳиҳ", "ҳасан" ва "заиф" ҳадисларни билиш, ҳадис ровийларнинг тарихини билиш, носих (ўзидан олдинги ҳадиснинг  ҳукмини бекор қилувчи) ва мансух (ҳукми тўхтатилган) ҳадисларни билиш ва бунга доир зарурий илмларни ўзида ҳосил қилган бўлиши зарур.             Қиёс йўлларини яҳши билиш дегани оят ёки ҳадис ёхуд ижмода далили келган масаланинг иллати (сабаб) шаръий ҳукми бўйича далил келмаган масалада топилиб, унга тенглаштиришдир. Қиёс қилишнинг бир қанча шартлари ва қонун-қоидалари бор. Қиёс қилувчи киши мана шу илмларнинг барчасини билиши лозим. 
Афсуслар бўлсинки, барча етук олимлар эьтироф қилиб турган мазҳабдан баъзи юртдошларимиз юз ўгириб, "Мен Қуръон ва ҳадисдан ўзим ҳукм оламан" дея катта хато қилмоқдалар. Сабаби, киши Қуръони карим таржимасини ўзини билиши ёки бир нечта ҳадислардан хабардор бўлишини ўзи ҳукм чиқаришга кифоя қилмайди. Юқорида санаганимиздек, ҳукм чиқариш учун кўплаб илмлардан хабардор бўлиб уларни пухта ўзлаштириш лозим. Сабаби, илмсиз фатво бериш шариатимиз кўрсатмаларига кўра ҳаром ҳисобланади. Чунки илмсиз фатво бериш Аллоҳ ва Унинг Расули номидан ёлғон гапиришдир. Илмсиз фатво бериш бошқаларни адаштиришдир. Инсонларни адаштириш, залолатга бошлаш, бу эса катта гуноҳдир. Бу ҳақда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: "Ким илмсиз фатво берса, унинг гуноҳи фатво берган кишига бўлади. Ким ўз биродарига тўғри йўл бошқа томонда эканини билиб туриб, иккинчи бир йўлга ишора қилса, унга хиёнат қилибди" (Имом Абу Довуд ривояти). 
Шуни ҳам унутмаслик керакки, диндан беҳабар бўла туриб диний саволларга жавоб беришга журъат қилиш жуда катта хатар ҳисобланади. Бу ҳақда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: "Фатвога журъатли бўлганларингиз дўзахга жўръатли бўлганингиздир", деганлар (Имом Дорамий ривояти). 
Шундай экан, диний саволга жавоб беришни ўз мутахассисларига топшириш мақсадга мувофиқдир.
“Хокимулломир” жомеъ масжиди имом-хатиби Ғолиб Муротов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:36
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram