Тушда очилган кўз
24 март 2016 й.
«орқага
2449 марта ўқилди.
Тушда очилган кўз
Пайғамбар алайҳис саломдан ҳаётлик даврларида юзлаб, балки минглаб мўъжиза содир бўлган. Аллоҳ таоло шулар билан у зотни қўллаб-қувватлаган, мусулмонлар сафини кенгайтирган, айрим муаммоларни бартараф этган.
Мўъжизалардан: ойнинг ёрилиши, оз таомнинг кўпайиши, набототларнинг тилга кириб сўзлаши...
Ҳабибимиз вафот этган бўлсаларда, олам аҳлини лол қолдирувчи мўъжизалари Қиёматга қадар боқийлигига аҳли сунна вал жамоада бирдек эътиқод қилинади.
Ҳофиз ибн Ҳажар Асқалонийнинг “Таҳзиб ат-Таҳзиб” асарларида зикр этилади: «Ҳофиз, илм талабида юрт кезган аллома Яъқуб ибн Суфён Форисий Фасавий (ҳижрий 200–277 йиллар) айтганлар: “Узлуксиз 30 йил илмий сафарда бўлдим. Ҳаммалари сиқа саналган мингдан зиёд шайхга шогирд тушдим. Бир сафар озуқам бутунлай тугади, ейиш-ичишга ҳеч вақом қолмади. Аллоҳга таваккул қилиб, кечаларни ўқиш, кундузларни ёзиш билан ўтказдим.
Қиш тунларининг бирида нохосдан кўзимга муздек сув томиб, батамом кўрмай қолдим. Табибларнинг муолажалари фойда бермади. Юртимдан олисдалигим, илм олишдан айрилганимга узоқ йиғладим. Кунларни шу аснода дуою илтижода ўтказардим. Қўлимдан бошқа ҳеч нарса келмасди.
Тушимга пайғамбар алайҳис салом кириб: “Эй Яъқуб, нега йиғлаяпсан?” – деб сўрадилар. У зотга ҳолатимни сўзлаб бердим. “Яқинроқ кел”, – дедилар. Ёнларига бордим. Муборак қўллари билан кўзларимни силаб қўйдилар. Қувонганимдан уйғониб кетдим. Кўзим олдингиданда чароғон эди. Шукронасига аввалгиларданда кўпроқ ёзиб, ўқийдиган бўлдим».
Ўқиб ўтганингиз денгиздан томчи холос. Аллоҳ таолонинг сўнгги пайғамбари – хотамун набиййиннинг ўлмас мўъжизалари қиёматга қадар умматга хайрихоҳлик қилишда давом этаверади.
Эркин ҚУДРАТОВ
Мир Араб ўрта махсус ислом
билим юрти мударриси