РӮЗАДОРГА ИФТОР ҚИЛИБ БЕРИШНИНГ ФАЗИЛАТИ.
04 апрел 2023 й.
342 марта ўқилди.

РӮЗАДОРГА  ИФТОР ҚИЛИБ БЕРИШНИНГ  ФАЗИЛАТИ.

Рўзадорга ифтор қилиб берган одамга ўша рўзадорнинг ажрича ажр берилади, лекин рўзадорнинг ажридан эмас, алоҳида ажр, алоҳида савоб берилади. Бу гапни эшитган саҳобалар Рамазонни сабрсизлик билан кутишди. Айниқса ким биринчи ифторлик дастурхонини ёзади, бу шарафга ким эга бўлади деб кутишди. Шунинг учун бу ифторлик ҳақида ровийлар батафсил ҳикоя қилиб беришган. 
Ислом тарихидаги илк ифторлик дастурхонини ёзиш шарафи ансорий саҳобалардан бири, Мадинада арабларнинг икки улуғ қабиласи – Авс ва Хазражнинг раиси Саъд ибн Убода розияллоҳу анҳуга насиб қилди. Бу дастурхонга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳамда кўплаб саҳобалар ташриф буюрдилар. Ушбу ифторлик дастурхонига нималар қўйилгани ҳам ровийлар томонидан аниқ ва тиниқ ривоят баён қилинган. Теридан қилинган бу дастурхонда ҳўл ва қуруқ хурмо, бир оз қотган нон, бироз гўшт ва терига ёпишган сариёғ қўйилган. 
Ваҳоланки қабила раисининг дастурхони энг тўкин дастурхон бўлиши керак эди. Аммо ўша давр ҳаёти шундай эди, содда давр эди. Энг бой одамларнинг дастурхони шу бўлган, гўшт қўйилган, нон қўйилган. Бой эмасларнинг дастурхонида эса гўшт билан нон ҳам бўлмаган, қуруқ хурмо ёки ҳўл хурмо бўлган, қотган нон, бироз сариёғ ва сув бўлган, холос. Пайғамбар алайҳиссалом ўша ифторлик сўнгида дуо қилганлар. Ислом уммати қарийб 15 асрдан бери ана шу муборак дуони ўқийди. Ҳар йили Рамазон келганида биз бу дуони эслаймиз, қайта-қайта дуо қиламиз. Ифторлик дуолари қаторида бундан бошқа дуолар ҳам ривоят қилинган, аммо бу энг машҳуридир. 
Дуонинг маъноси шундай: «Таомингизни энг яхши одамлар ейишди, ҳузурингизда рўзадорлар ифтор қилишди, малоикалар сизнинг ҳаққингизга саловатлар айтишди». Пайғамбар алайҳиссалом ифторлик дастурхони ёзган одамнинг ҳаққига ана шундай дуо қилганлар. Демак, энг яхши дастурхон – ифторлик дастурхони экан. Энг яхши одамлар ўша дастурхонга келган рўзадорлар экан. Ифторлик ёзган одамга бу ажру мукофотлардан ташқари малоикаларнинг салавотига ҳам сазовор бўлар экан. Фаришталар унинг ҳаққига салавот айтиб туришар экан. 
Ҳадиснинг матнида кўплик эмас, бирлик шакли келганидан яна шундай фойда олиш мумкин эканки, биргина одамга, битта рўзадорга ифтор қилиб берса ҳам шу ажру савобларга эга бўлинар экан. Битта одамнинг ифторлиги шунча даражада бўлса, энди юзлаб одамларга ифтор беришнинг мукофоти қандай бўлишини ўзимиз тасаввур қилиб олаверайлик. Айниқса бундай ифторлик дастурхонини маҳаллалардаги ногиронлиги бор шахслар, боқувчисини йӯқотган, кам таьминланган оилаларнинг хонадонларига бориб ташкил этсак мақсадга мувофиқ бӯлади ҳамда ӯксик  қалбларни хурсанд қилган бӯламиз, уларнинг хонадонларига файз - барака киришига сабабчи бӯламиз, бу амалларимиз билан иншоаллоҳ Аллоҳ наздида ҳам улуғ ажрларга, савобларга эга бӯламиз. Аллоҳ ҳаммаларимиз мана шундай хайрли, савоб ишларда мусобақа қиладиганлардан қилсин, зеро бу Рамазон ойи яхшиликларда мусобақалашадиган ойдир! Алҳамдулиллаҳ!
 
Ғолиб Очилов
Вобкент тумани “Анжир Фағнавий” жомеь масжиди имом-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:31
Пешин: 13:10
Аср: 18:30
Шом: 20:15
Хуфтон: 21:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram