ИФТОРГА КИМ ТАКЛИФ ҚИЛИНАДИ
02 март 2026 й.
239 марта ўқилди.

ИФТОРГА КИМ ТАКЛИФ ҚИЛИНАДИ
Рамазон ойи ойлар ичида энг баракотли ой ҳисобланади. Қолган ойларда бажариладиган мубоҳ (оддий) амаллар, бу ойда ибодат ўрнига ўтади. Масалан оддий эрталабки нонушта ёки кечки овқатланишимиз ҳеч қандай ажрга эга эмас, балки инсоний эҳтиёжлардан ҳисобланади. Аммо мана шу амаллар муборак ойда Аллоҳ наздида эътиборли ва ажрли бўлади.
Муттафақун алайҳ бўлган ҳадисда: Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عن أنس بن مالك رضي الله عنه قال: قال النبي صلى الله عليه وسلم: "تسحَّروا؛ فإن في السُّحورِ بركةً"
“Саҳарлик қилинглар, саҳарликда барака бор”.
Имом Термизий келтирган ҳадисда: Зайд ибн Холид ал Жуҳаний розийаллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг шундай деганларини ривоят қилади:
عَنْ زَيْدِ بن خَالِدٍ الْجُهَنِيِّ ، قَالَ : قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ : مَنْ فَطَّرَ صَائِمًا كُتِبَ لَهُ مِثْلُ أَجْرِهِ فِي أَنَّهُ لا يَنْقُصُ مِنْ أَجْرِ الصَّائِمِ شَيْءٌ  .
“Ким рўзадорни ифтор қилдирса, унга рўзадорнинг ажрича ажр бўлур. Шу билан бирга рўзадорнинг ажридан ҳеч бир нарса кам бўлмас”
Муборак ҳадислардан маълум бўляптики, Рамазон ойида бомдод киришидан олдин нонушта қилиб олишимизда барака бор экан ва қуёш ботгандан сўнг овқатланишимизда савоб бор.
Кимнинг имконияти бўлса, рўзадорларга холис ифтор қилиб берса, чексиз ажрга эга бўлади. Демакким, ибодат қилган бўлади. чунки ажр бериладиган ҳар бир амал ибодат ҳисобланади.
Ифтордорлик бошқа кунлардагидек дастурхон ёзиб меҳмон чақириб зиёфат бериш дегани. Катта тўйдан бошлаб, ҳаттоинки икки киши учрашиб, чой ичиши ҳам зиёфат дейилади. Булар ниятга қараб ажралади. Аммо ифтордорлик эса фақат рўзадор кишига зиёфат бериш дегани. Юқоридаги зиёфатларга ҳар ким ҳам келавериши мумкин. Бироқ ифторга фақат рўза тутган киши келади.  
Ифтордорлигимиз ибодат экан, ифтор дастурхонига кимни чақиришмиз керак? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам насиҳатларига қулоқ тутинг.
 Имом Аҳмад келтирган ҳадисда: Абу Саъидил Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ أَبِى سَعِيدٍ الْخُدْرِىِّ عَنِ النَّبِىِّ -صلى الله عليه وسلم- قَالَ « فَأَطْعِمُوا طَعَامَكُمُ الأَتْقِيَاءَ وَأَوْلُوا مَعْرُوفَكُمُ الْمُؤْمِنِينَ ».
“Таомларингизни тақводорларга берингиз, марҳаматингизни мўминларга қилингиз”
1. "Таомингизни тақводорларга едиринг" Бу ерда гап нафақат оч қолганни тўйдириш, балки эҳсоннинг самараси ҳақида кетмоқда. Агар тақводор инсон сизнинг таомингизни еса, ундан олган қуввати билан Аллоҳга ибодат қилади. Демак, сиз билвосита ўша ибодатга шерик бўласиз. Бу худди рўзадорга ифторлик берган киши унинг ажрига шерик бўлишига ўхшайди.
2. "Яхшилигингизни мўминларга қаратинг" Бу ердаги "маъруф" сўзи кенг маъноли бўлиб, унга моддий ёрдам, ширин сўз, маслаҳат ва қўллаб-қувватлаш киради. Исломда мўминлар бир-бирларига нисбатан худди бир бинонинг ғиштларидек ёки бир таннинг аъзоларидек бўлишлари ирода қилинади.
Имом Абу Довуд келтирган ҳадисда: Абу Саъидил Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
عَنْ أَبِي سَعِيدٍ الْخُدْرِيِّ رَضِيَ اللَّهُ عَنْهُ، أَنَّهُ سَمِعَ رَسُولَ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ: "لَا تُصَاحِبْ إِلَّا مُؤْمِنًا، وَلَا يَأْكُلْ طَعَامَكَ إِلَّا تَقِيٌّ"
 «Фақат мўмин билан ҳамсуҳбат бўл (дўстлаш) ва таомингни фақат тақводор есин».
Фақиҳлар айтадиларки, агар инсон бировнинг фосиқлигини, берган таомидан олган қувватини гуноҳ ишларга (масалан, зўравонлик, қиморбозлик ёки зулмга) сарфлашини аниқ билса, унга таом бериши макруҳ ҳисобланади. Тақводорга бериш эса — ибодатга кафилдир.
Зеро Аллоҳ таоло Моида сурасининг 2-оятида марҳамат қилади:
وَتَعَاوَنُوا عَلَى الْبِرِّ وَالتَّقْوَى وَلَا تَعَاوَنُوا عَلَى الْإِثْمِ وَالْعُدْوَانِ وَاتَّقُوا اللَّهَ إِنَّ اللَّهَ شَدِيدُ الْعِقَابِ
“Яхшилик йўлида ва тақво қилишда ёрдамчи бўлинглар, аммо гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг, Аллоҳдан қўрқинг, чунки Аллоҳнинг азоби қаттиқдир”
Ибн Обидин таъкидлайдиларки, агар бир киши бошқа бировнинг ҳаром ишни қилишини аниқ билса ва унга ўша ишда ёрдам берадиган нарсани тақдим қилса, бу иш "маъсиятга сабаб бўлиш" ҳукмига киради ва макруҳ саналади.
Аллоҳ таоло Тавба сурасининг 119-оятида шундай марҳамат қилади:
يَا أَيُّهَا الَّذِينَ آمَنُوا اتَّقُوا اللَّهَ وَكُونُوا مَعَ الصَّادِقِينَ
«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга тақво қилинглар ва содиқлар (солиҳлар) билан бирга бўлинглар!»
Уламолар айтадики, Аллоҳ тақвога буюриб, кетидан содиқлар билан бирга бўлишни зикр қилди. Бу эса тақвога эришишнинг энг асосий йўли — солиҳлар билан бирга бўлиш эканига ишорадир.
Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳимаҳуллоҳ айтади: "Ҳолати сени Аллоҳга яқинлаштирмайдиган ва сўзи сени Аллоҳга йўлламайдиган киши билан ҳамсуҳбат бўлма".
Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтади: "Биз учун биродарларимиз (солиҳ дўстларимиз) оиламиздан кўра суюклироқдир. Чунки оиламиз бизга дунёни эслатади, биродарларимиз эса охиратни эслатади".
Имом Шавконий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Солиҳ зотларнинг мажлисида ўтирганлар, улар билан ажрда баробардир. Чунки солиҳ зотларнинг баракоти туфайли уларга Аллоҳнинг фазли ёғилади”.
Солиҳларнинг мажлиси доимо манфаатли бўлади.  Унинг фойдаси бўлмаганда ҳам зарари бўлмайди. Солиҳлар суҳбатида инсон камчиликларини билади, яхшилик қилишга иштиёқи ошади, дунё ғамини унутади. Ёмон хулқли одамлар билан суҳбат қуриш эса, одамни ёмонликка шерик қилади, гуноҳ-маъсиятга бошлайди. 
Ифтор дастурхонларимиз ибодатга сабабчи бўлиши учун солиҳ биродарларимиз бўлсин. Солиҳ инсонларни таомлантириш орқали банда ўз нафсини "машҳурлик" ёки "риё"дан ҳимоя қилади. Чунки тақводор инсон сизни мақтамайди, балки Аллоҳга ҳамд айтади.
“Масжиди Калон” жоме 
масжидининг имом хатиби
Жамол Мавлонов
 

 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:15
Куёш: 05:56
Пешин: 13:10
Аср: 17:50
Шом: 19:30
Хуфтон: 21:05
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram