Илм бойликдир
15 март 2018 й.
2103 марта ўқилди.

                                       Бисмиллаҳир роҳманир  роҳим
Ислом дини инсонларни илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Ислом диничалик илмни шарафлаган, улуғлаган дин  йӯқ. Илм одам фарзандини бу дунёда азиз, охиратда даражасини юқорига кӯтарувчи улуғ бир неъмат бӯлиб ҳисобланади. Аллоҳ таоло Одам (а.с.)ни илм туфайли фаришталардан мартабаларини баланд қилиб қӯйди. Демак,инсон манфаатли илм соҳиби бӯлса, даражаси фаришталардан юқори бӯлар экан. Қуръони карим оятларида: "Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этган зотларни( баланд) даражаларга кӯтарур"-деб марҳамат қилган. (Мужодала,11 оят).
Инсон ҳаёти давомида илму маърифати билан жамият аъзолари ӯртасида қадр-қимматга эга бӯлади. Муборак динимиз кӯрсатмаси ва Пайғамбар (с.а.в.)нинг ҳадисларида илм талаб қилишликка буюрилган. "Илм ӯрганишга интилиш ва уни талаб қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва муслимага фарздир"-деб Расулуллоҳ таъкидлаганлар. (Ибн Можа ривояти). Дарҳақиқат илм олиш,уни талабида бӯлиш барча мусулмонларга фарз қилинган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:"Ким илм талаб қилиш йӯлига юрса, Аллоҳ  таоло унга жаннат йӯлини осон қилиб қӯяди..."-деб марҳамат қилдилар. (Абу Довуд, Термизий ривояти). Ҳадисда айтилганидек, инсон илм олиш йӯлида қанча ҳаракатда бӯлса, жаннатга кириши шунчалик осон бӯлади. Маълумки илм талаб қилишлик ибодат, илм истаб қилинган ҳар бир ҳаракат савобдир.
Талаби илм баъзи ӯтган гуноҳларнинг ювилишига сабаб бӯлади. Пайғамбар (с.а.в.)"Ким талаби илм қилса,ӯтган нарсалари (гуноҳлари)га каффорот бӯлур", деб марҳамат қилганлар. (Термизий ривояти) Толиби илм қалбини поклаб, илмга муҳаббат қӯйсагина илм олиши учун ӯзига кенг йӯл очган бӯлади.
Илм олишни ният қилган ҳар бир киши илм мажлисларини излаши,уларнинг самарасидан фойдаланиши лозим.
Расулуллоҳ (с.а.в.):"Жаннат боғлари ёнидан ӯтсангиз, сайил қилинг",дедилар. "Эй Аллоҳнинг Расули, жаннат боғлари нимадир?"дейишди. "Илм мажлислари", дедилар". (Табароний равояти) Илмли кишининг йӯли доимо чароғон бӯлиб, у ҳамма ерда ҳам қадрланади. Зеро, илм ақл чироғи деб бежизга  айтилмаган.
Абдуллоҳ ибн Аббос (р.а.) шундай деганлар: "Сулаймон (а.с.)га илм, мол-дунё ва подшоҳликдан биронтасини танлашлик ихтиёри берилганда, у Зот илмни танладилар. Натижада, Аллоҳ таоло у Зотга илм билан бирга мол-дунё ва подшоҳликни ҳам қӯшиб берди".
Ҳаким зотлар: "Илм ӯрганинг, зеро, у фақирлигингизда давлат, бойлигингизда зийнат бӯлади",-деганлар. Ҳозирги фаровон, тинч-омон ва тӯкин-сочин ҳаётимиз қадрига етиб, шукрона қилиб яшашлигимиз лозим.Ёшларимиз таълим олишлари учун юртимизда барча шароитлар муҳайё қилинган.Улар учун мактаб, коллеж, лицейлар замон талабига мос равишда қуриб берилган.Улардан фақатгина илм олишлари ва келажакда етук инсон бӯлишлари, илмга бепарво бӯлмасликлари талаб этилади.Аллоҳ таоло барчаларимизни фойдали илмлар соҳиби бӯлишга муваффақ айласин.

 


Бухоро шаҳар  Сайфиддин Бохарзий
 масжиди имом хатиби
Камолов Равшан.

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram