Илм олиш ҳақида
26 феврал 2016 й.
14137 марта ўқилди.
Илм олиш ҳақида
Билим олиш — миллий ғурурни шакллантириш йўналишларидан бири. Чунки инсон камолотида билим эгаллаш улкан вазифалардан бири ҳисобланади.
Президентимиз «Юксак маънавият енгилмас куч» асарида айтганидек, «шуни унутмаслигимиз керакки, келажагимиз пойдевори билим даргоҳларида яратилади, бошқача айтганда, халқимизнинг эртанги куни қандай бўлиши фарзандларимизнинг бугун қандай таълим ва тарбия олишига боғлиқ».
Билим олган киши ҳар томонлама ривожланган одобли, ахлоқли, камтарин, комил инсон бўлади. Ўша комил инсон, унинг олган билими ҳаёт йўлларида таянч, ёлғиз дамларида йўлдош, бахтиёр дақиқаларида раҳбар, қайғули дамларида мададкор бўлади. Билим инсонни ақл-идрокли, билимдон, ҳунарманд, иродали, эътиқодли қилади.
Йигитликда йиғ илмнинг махзани
Қариликчоғи харж қилғил ани.
(А.Навоий)
Илмдан бир шуьла тушган он
Шунда билурсанким, илм бепоён.
(Фирдавсий)
Лекин ўзи билимли бўлиб комиллик даражасига эришмаган жоҳил, очкўз,нодон, босқинчи, талончи ва тамагир инсонлар ҳақида тарихда мисоллар кўп.
Жаҳон маданияти цивилизациясига ўз ҳиссасини қўшган Ўрта Осиёлик алломалар, ислом оламидаги буюк зотлар билим олиш масаласига жиддий эътибор бериб қараганлар. Комил инсонни тарбиялашнинг бирдан-бир йўли ана шу билимда, деб билганлар.
«Қурьон» инсонни ақлни ишлатишга чақиради. Унда ақл инсонга берилган Аллоҳни буюк неъмат, деб таърифланади. Ақлни ишлатмаслик ёмон оқибатлари хусусида сўз юритилади. Исломда билим, ақл инсон камолотининг асосий мезонларидан ҳисобланади.
«Қурьон»да дунёвий илмларлардан тиббиёт, руҳшунослик, география, социология ҳамда диний илмларни ўрганиш тарғиб этилган. Чунки ислом динининг асосий мақсади омонлик, кишиларга ёмонликнинг хунук оқибатларини тушунтириш ҳамда уларни доимо тўғри йўлда юришга чақиришдан иборатдир.
Ҳадиси шарифда: «Кимки дунёни хоҳласа, илм олсин, кимки охиратни хоҳласа, ҳам илм олсин», —деб айтилган.
Аслида, ҳадислар ўз моҳиятига кўра «Қурьон»дан кейин иккинчи манба, энг мўътабар ҳикматлар мажмуасидир. Ҳадисларда илм поклик, ҳалоллик, кишиларни яхшилик сари бошловчи тариқасида талқин қилинади.
Илм — бу ҳикмат, поклик рамзи, илмсизлик жоҳилликдир.
Илм олийжаноб ва савоб иш. Ҳаттоки, илм олиш ибодат,тақводан афзал.Чунки илм диннинг асосини, устунини ташкил этади. Илм ҳикмат, илм фазилат, илм диннинг ривожини, унинг тарқалишини таъминлайди. Илмни ўқиш, такролаш, ёзиш билан мустаҳкамлаш, чуқурлаштириш лозим. Илм янгиланиб турмаса, фойдасиз бўлиб қолади.
Умуман, исломда илм-фанни эгаллаш, маърифатли бўлиш жуда савобли иш экани таъкидланади. Ҳадисларда «садақанинг афзали мўмин киши илм ўрганиб, сўнг бошқа мўминларга ҳам ўргатишидир», дейилади.
Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Наср Форобий, Беруний, Ибн Сино, Имом ал-Бухорий, Имом ат-Термизий, Абу Язид Тайфур ал-Бистомий, Имом Ғаззолий, Маҳмуд Кошғарий, Юсуф Хосҳожиб, Аҳмад Яссавий, Юсуф Ҳамадоний, Хожа Абдулхолиқ Ғиждувоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Мирзо Улуғбек, Али Қушчи, Бобур Мирзо, Алишер Навоий, Беҳбудий, Мунаввар қори каби улуғ зотлар ҳаёт тарзи, илм учун фидойилиги, эътиқодининг поклиги билан барчага ибрат бўлганлигини билиб олиш мумкин. Демак, диний ва дунёвий маърифатни жам қилган, ана шу ҳар икки илмни эгаллаган кишининг икки дунёси ободдир.
Мустақиллик туфайли фарзандларимизни дунёвий билимлар билан бир қаторда, Имом Бухорий тўплаган ҳадислар, Нақшбанд таълимоти, Термизий ўгитлари, Яссавий ҳикматлари, Имом Ғаззолийнинг дин ва дунё ҳақидаги қарашлари, Юсуф Ҳамадонийнинг тасаввуфи, Имом Мотуридийнинг ҳидоят каломи, Ғиждувонийнинг таълим-тарбияга оид ўгитлари асосида тарбия қилиш имконига эга бўлдик.
Демак, илм ҳаёт ва турмушда орттирилган тажрибаларнинг амалий ва умумий — назарий натижасидир. Инсон илм туфайли ҳар қандай қийинчиликдан осон чиқиб кетиши мумкин.
«Қурьони карим» ва ҳадиси шарифларда билим эгаллаш — жамиятга ва ўзига фойда келтирувчи шахс бўлиб етишишда муҳим омил, деб қайд қилинган. Ислом динида:
«Билимнинг офати унутишдир. Уни унга аҳл бўлмаган кишига гапириш эса уни зое қилишдир». Аллоҳ таоло ҳаммамизни илмига амал киладиган бандалар килсин.
Мир Араб мадрасаси
мударриси : Н.Ахмедов
«орқага