НАЖОТ ИЛМДА
22 июл 2021 й.
145 марта ўқилди.

 НАЖОТ ИЛМДА

Ислом дини инсонларни илм олишга, маърифатли бўлишга тарғиб қилувчи диндир. Ҳакимлар: “Илм ўрганинг, зеро у фақирликда давлат, бойликда зийнатдир” – деганлар.
Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб, мусулмончиликда дунёвий фанларнинг ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса, диний илмлар ҳам, дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб, уларни бир-биридан ажратиш мумкин эмас.
“Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир” – деганлар. Бундан ҳам диний, ҳам дунёвий илмларни талаб қилиш фарзлиги маълум бўлади.
Қуръони каримнинг илк нозил бўлган каломи ҳам айнан ўқишга тарғиб қилиш билан бошлангани бежиз эмас. Ҳадиси шарифда бешикдан қабргача илм ўрганишга буюрилган. Ҳар бир муслим ва муслима учун илм ўрганиш фарздир. Башариятга илм фарз қилинган, илмсиз киши қаттиқ гуноҳкор бўлади. Бу эса ҳар бир инсон ҳамиша илм олишга интилиши зарурлигини тақозо этади.
Илмнинг аввали одоб, одоб эса амалий илмдир. Ўнг билан чапнинг фарқига етган фарзандига ота-она одоб таълимини бериши вожибдир. Бошқа зарур илмни ҳам шу пайтдан ўргатиб бориш ота-онанинг зиммасидаги мажбурият.
Аввало, ота-она оилада китоб ўқиётганини, илм-маърифатни қадрлашини фарзандларимиз кўриб, гувоҳи бўлиб улғайиши керак. Уларнинг қўлидан етаклаб, китоб дўконларига олиб бориш, у ердаги минглаб китобларни кўрсатиш, айримларини олиб бериш билан китобхонликка рағбатини уйғотиш зарур. Ота-она китобга эътиборсиз бўлса, болани илмга ўргатиш амримаҳол.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам ўз чиқишларида “Сайёрамизнинг эртанги куни, фаровонлиги фарзандларимиз қандай инсон бўлиб камолга етиши билан боғлиқ. Бизнинг асосий вазифамиз – ёшларнинг ўз салоҳиятини намоён қилиши учун зарур шароитлар яратишдан иборат”, дея бот-бот таъкидлаб келади.
Юқорида айтиб ўтганимиздай, ҳадиси шарифда бешикдан қабргача илм олишга буюрилганмиз. Ҳатто Қуръоннинг бирон ҳарфини танимаган киши ҳам уни қўлига олиб, варақлаб кўрса, ниятига яраша савоб топаверади, дейишган уламолар. Илм учун кўнгил пок, ният холис бўлиши керак (Навоий ҳазратлари айтганларидек, «Илмни ким воситаи жоҳ этар, Ўзинию элини гумроҳ этар»). Кўзини, оғзини ҳаромдан сақлай олган, қалбини кир, адоват каби барча ёмонликлардан асрай олган киши илмни тез ўргана олади. Ёшим ўтиб қолди, деб илмни тарк қилиш бу — жаҳолат.
Имом Шофеъий роҳматуллоҳи алайҳи: « Агар дунёда азиз бўлишни истасанг, илм ўрган. Агар охиратда шараф топишни истасанг, илм ўрган. Агар ҳар иккисига эришишни кўзласанг, илм ўрган! », деганлар.
Яратган илм неъматини орамиздан кўтармасин!
Нодир домла Асадов
“Пойи остона” масжиди имоми-хатиби 
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:35
Куёш: 07:15
Пешин: 13:10
Аср: 16:10
Шом: 17:45
Хуфтон: 19:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram