ИСЛОМДА ИЛМ
17 сентябр 2023 й.
396 марта ўқилди.
ИСЛОМДА ИЛМ
Исломда илм талаб қилиш ҳар бир мусулмон учун бешикдан то қабргача фарз қилинган. Фарз Аллоҳнинг қатъий амри бўлиб, уни бажариш ҳар бир мўмин учун мажбурийдир. Ҳар бир мусулмон ўзига керакли, ҳаёти учун зарур бўлган илмни, дину-диёнатни, ҳалол-ҳаромни ўрганиши фарзи айндир. Яъни, шу ишни қилиши шарт, қилмаган одам гуноҳкор бўлади.
Мусулмонлар жамоаси учун керакли бўлган ҳунар ва илмларни талаб қилиш эса фарзи кифоядир. Ҳаётнинг ҳар бир соҳасида етарли мутахасисларни тайёрлаб олиш Ислом жамиятининг барча аъзоларига фарз бўлади.
Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким илм талаб қилиш йўлига тушса, Аллоҳ унга жаннатнинг йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўядилар. Олимга осмондаги, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Олимнинг обиддан фарқи худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динорни ҳам, дирҳамни ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар илмни мерос қолдирганлар. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди”- деб марҳамат қилганлар. (Абу Довуд ва Термизий ривояти)
Илмга бундан ортиқ тарғиб бўлмаса керак. Ҳар бир инсоннинг олий мақсади – Жаннат. Жаннатга эришиш учун ҳар қандай қийинчиликларга тайёр туради. Илм талаб қилиш эса жаннат йўлига тушишнинг боши экан. Илм йўлидан борган киши ниҳоят жаннатнинг эшиги олдидан чиқади, иншааллоҳ!
Фарҳод Турсунов
Бухоро шаҳар “Шоҳ Аҳсавий”
жомеъ масжиди имом-хатиби
«орқага