ГЎЗАЛЛИК ИЛМУ МАЪРИФАТДА
Жаноби пайғамбаримиз Мухаммад алайҳи салом айтадилар; «Ҳар бир мусулмоннинг илм талаб қилиши фарздир». Аллоҳ Азза ва Жалла маҳлуқотларидан инсонгагина илмни раво кўрди ҳеч қайси маҳлуққа берилмаган маърифат неъматни одам болаларига насиб этди. Илмга қизиқтириш борасида Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади «Сен: “Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлармиди?!” – деб айт. Албатта ақл эгаларигина эсларлар».
“Зумар” сураси 9-оят.
Бошқа бир оятда илмли кишилар Аллоҳнинг ҳузурида бошқалардан кўра юқори даражада туришлари очиқ-ойдин айтилган: “Аллоҳ сизлардан иймон келтирганларнинг ва илм берилганларнинг даражаларини кўтарадир”.
“Мужодара сураси 11- оят”.
Шу ерда яна бир масалага ойдинлик киритмоқ лозим. Ислом “Илм” деганда баьзи кишилар калта ўйлагандек, фақат диний илмларнигина эмас, балки барча илмларни кўзда тутади.Демак мусулмонлар учун дунёвий илмларни-да мукаммал эгаллаш фарздир. Илм эгаллаш инсоний бурч, юксак масьулиятдир.Илм Аллоҳни таниш, ўзликни англаш, дунёни идрок этишнинг муҳим бир воситасидир.Шунингдек, давлат қудрати ва мамлакат тараққиёти асосида ҳам илм ётади.
Илм олиш муддати бешикдан қабрга қадар, деб белгиланган.
Демак одам боласи она қорнидан туғилганидан вафот қилгунича илм олмоққа мажбур.
Қуръони Каримнинг 752-ўрнида “Илм” калимасининг зикр этилиши бу мажбуриятни бажармоқ ғоятда зарур эканини англатади. Имом Аҳмад таъкидлаганларидай, “Илм инсон учун нон ва туздек зарурдир” Имом Раббоний айтганларидек : “Илм ҳамма муҳтож бўладиган озуқадир”. Ҳозирги давр баъзи бир илм истагувчиларнинг илм олмоқликдан мақсадлари остида шухратпарастлик, амалпарастлик, мол- дунёпарастлик ётади.Албатта, бундай ният билан охират мартабасини топиб бўлмайди.
Шундай экан, фарзандларимизни Аллоҳ розилиги учун илм олишга ва илмларига амал қилиб, халқ хизматини бажариб, элнинг дуосига етишишга ундашимиз зарур. Мақсадлари фақат бойлик бўлганлар унутмасинларким, Сулаймон Алайхиссаломга илм, мол ва мулкдан бирини танлашлик таклиф қилинганда ул зот илмни танладилар ва унинг шарафатидан молга ҳам, мулкка ҳам эга бўлдилар. Илм инсонларга дунё ва охиратда энг тўғри йўл кўрсатувчидир.Имом Бухорий айтганларидай, “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”.
Қай миллат олам аро улуғликни истабди, Юсуф Хос Ҳожиб Ҳазратларининг ўгитларига амал қилсин:
“Ўқув қайда бўлса, улуғлик бўлар, билим кимда бўлса, буюклик олар.”
Бухоро вилояти Пешку тумани “Ҳалим Полвон” жомеъ масжиди имом хатиби Ҳамроев Рустам
«орқага