"ИЛМУ ИРФОН ИНСОНИЯТ КАМОЛОТИДИР"
27 апрел 2021 й.
835 марта ўқилди.
"ИЛМУ ИРФОН ИНСОНИЯТ КАМОЛОТИДИР"
Маълумки, динимиз инсонларни илм олишга тарғиб қилувчи диндир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга нозил қилинган дастлабки оятларда илм олишга ундаш маъноси борлигининг ўзи ҳам Ислом илму маърифат дини эканлигининг ёрқин далилидир. Илм ўрганишда биз ўтган аждодларимиздан ибрат олсак арзийди. Улар ўлим тўшагида ётган вақтларида ҳам илм талабидан тўхтамаганлар.
Фақиҳ Абдул Ҳасан Али Ибн Ийсо ва Валвалижий шундай гапириб берган: Абу Райҳоннинг ёнига вафот этиши арафасида кирганман. У зўрға нафас олиб, юраги сиқилиб ётганди. У етмиш саккиз ёшда эди. У шу ҳолатида менга қараб: бугун менга она томонидан бўладиган момоларнинг меросидаги улуши ҳақида нима дейсан? – дейди. Мен унга раҳмим келганидан: шундай ҳолатда хам – а? - дедим. У: эй менга қара! Менинг дунёдан масалани билиб кетганим уни билмасдан кетганимдан яхшироқ эмасми? –деди.
Мен унга ўша масалани айтиб бердим. У бу масалани ёдлаб олди ва ёдлаганларини менга айтиб берди. Мен унинг ҳузуридан чиқиб кўчага етган ҳам эдимки, унинг вафот этгани учун йиғлаганларини эшитдим.
Айрим кишилар илм деганда фақат диний илмларни назарда тутиб мусулмончиликда дунёвий фанларни ўрни йўқ деган нотўғри эътиқодда бўладилар. Аслида эса диний илмлар ҳам дунёвий илмлар ҳам Аллоҳнинг илми бўлиб уларни бир биридан ажратиш мумкин эмас.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир муслим ва муслима илм олиши фарз эканини таъкидлаганлар.
Аммо ёлғиз илм олиш билан мақсад ҳосил бўлмайди. Илм билан бирга бандада тақво бўлиши лозим.
Халил ибн Аҳмад розияллоҳу анҳу шундай деганлар: “Одамлар тўрт хил бўлади:
1. Биладиган ва билишини ҳам биладиган киши. У олимдур, унга эргашинглар.
2. Билади, лекин билишини билмайдиган киши. У уйқудадир, уни уйғотиб қўйинглар.
3. Билмайдиган ва билмаслигини биладиган киши. У йўл қидирувчидир, уни йўлга солинглар.
4. Билмайдиган ва билмаслигини ҳам билмайдиган киши. У жохилдир, ундан қочинглар”.
Ибн Муборак розияллоҳу анҳу айтадилар: “Киши модомики илм излаб юрган экан, у олимдур. Қачон ўзини олим бўлдим деб ўйласа, жоҳил бўлиб қолади”.
Юқоридагилардан хулоса қилиб айтадиган бўлсак, илм инсонни жоҳиллик зулматидан ҳидоят нурига чиқарадиган, дунёда азизликка, охиратда шарафга етказадиган воситадир.
Шундай экан, ёшларимиз илм излашдан чарчамасликлари керак.
Бугун ёшларимиз учун давлатимиз тарафидан кенг имкониятлар ва шароитлар яратилган бўлиб, бундай шароитлардан унумли фойдаланиб, келажакда ватанимиз равнақига катта ҳисса қўшадиган, аждодларимиз каби дунё тан оладиган буюк инсонлар бўлиб етишмоқлари лозим.
Ромитан тумани Хокимулломир жомеъ масжид
имом - хатиби Ғолиб Муротов.
«орқага