Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий
20 май 2020 й.
1221 марта ўқилди.
Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий
Имом Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий муҳаддислар имоми, ҳадис илми олимларининг устозидир, Ул зот хижрий 194-йилда (милодий 810) Бухорода туғилганлар. Имом Бухорий ёшликларида оталаридан етим қолганлар, оталари жуда бой одам бўлиб, ўз даврининг олимлари билан бир даврада ўтириб, илм мажлисларида қатнашиб, юрган тақводор инсон бўладилар. Оталари оғирлашиб қолганларида, дўстлари зиёратларига келадилар. Шунда оталари айтадиларки: “Менинг тўплаган мол-дунёмнинг орасидан бир танга ҳам шубҳалисини топа олмайсиз, Аллоҳнинг ҳузурида шу билан юзим ёруғлиги ила мамнунман”,-дедилар. Имом Бухорий онаси тарбиясида улғаядилар, ёшликларида бир фалокат сабаб бўлиб, кўзлари кўрмай қолади, оналари тинимсиз йиғлаб дуо қиладилар, оналарининг дуоси туфайли Аллоҳ таоло ул зотниг кўзларига нур ато этади, 7-8 ёшликларидан Қуръонни тўлиқ ёд оладилар, ҳадис эшитишни яхши кўриб вояга етгунга қадар, етмиш минг ҳадиснинг ровийлари, тарихи билан ёд олган эдилар. 16 ёшга кирганларида оналари ва акалари Аҳмад билан ҳаж сафарига борадилар. Ҳаж ибодатини адо этгандан сўнг, оналари билан акалари ватанларига қайтадилар. Имом Бухорий ҳадис ўрганиш мақсадида Макка шаҳрида қоладилар. Сўнг илм талабида Шом, Миср, Жазира ва Ҳижоз ўлкалари, Басра, Боғдод, Куфа каби шаҳарларга борадилар. Алий ибн ал-Мадиний, Аҳмад ибн Ҳанбал Исҳоқ ибн Рахови ва бошқа кўплаб олим-у шайхлардан таълим оладилар. Имом Бухорий 20 дан зиёд илмий асарлар ёзадилар. Буюк муҳаддиснинг энг машҳур асарлар тўплами "Ал Жомеъ ас- саҳиҳ" ҳадислар тўплами "Саҳиҳул-Бухорий" номи билан ҳам машҳур. Имом Бухорий жами 600 минг ҳадис тўплаб шундан 100 минг саҳиҳ, 200 минг заиф ҳадис ёд олганлар, бу ҳадисларни тўплашда мингдан ортиқ шоҳ ва олимларнинг ҳузурида бўлганлар "Саҳиҳул Бухорий" ҳадислар тўпламини 16 йил мобайнида ёзганлар, "Саҳиҳул Бухорий" ҳадислар тўплами 97 китоб 3881 бобдан иборат бўлган, ундаги барча ҳадисларни такрори билан кўшиб ҳисоблаганда 7563 тани ташкил этади. Имом Бухорий мен "Саҳиҳул Бухорийга қайси ҳадисни ёзган бўлсам, ундан аввал ғусл қилиб, икки ракат намоз ўқирдим таважжеҳ қилиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ишора бўлгандан кейингина ёзганлар "Саҳиҳул Бухорий" ана шундай қилиб яратилган "Саҳиҳул Бухорий" Ислом уламолари наздида Қуръондан кейин асосий манба ҳисобланади. Имом Бухорийга берилган тарифлар Имом Аҳмад ибн Ҳанбал "Бизга Хуросонда Муҳаммад ибн Исмоилдек киши келмади", - дейдилар. Ибн Хожар аскалони эса ул зотни илмлари соҳилсиз денгиз эди деб тарифлайдилар.
Бутун дунёга машҳур аллома ҳижрий 256 (мелодий 870) йилда рамазон ҳайити кечаси вафот этиб, шу кун ҳайит кунида дафин қилинадилар.
Муҳтарам азизлар бу зотниг бу даражада улуғ бўлишликларига асосий сабаб солиҳа аёл, яни авлиё сифат онанинг дуоси ва оталарининг рўзғорларига озгина бўлсада шубҳалик ризқ олиб келмаганликлари экан. Муҳтарам азизлар мана ҳозир карантин кунларида турган эканмиз фарзандларимизни ёнимизга олиб, солиҳларимизнинг тарихларини ўргатиб, ўғилларимизни тақводор, қизларимизни солиҳа қилиб тарбияласак, Инша Аллаҳ қиёматгача бизнинг юртимиздан "Имом Бухорий" лар, авлиёлар ва солиҳа дуоси қабул оналар чиқаверади. Инша Аллаҳ.
Шофиркон туман “Мирзоқул” жомеъ масжид
имом - хатиби Жумаев Яхё
«орқага