ИМОМЛИК - БУЮК ОМОНAТ
21 сентябр 2021 й.
666 марта ўқилди.

 
ИМОМЛИК - БУЙУК ОМОНAТ

Маълумки, намоз энг улуғ ибодатлардан бири бўлиб, диннинг асосий устуни ҳисобланади. Намоздаги имомлик масаласи ҳар биримиз билишимиз лозим ва шарт бўлган нарсадир. Ҳозирги кунимизда имомлик ва у билан боғлиқ масалалар долзарб тус олгани сабаб бу ҳақида бироз тўхталиб ўтишга қарор қилдик.
Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳу айтадилар. Мен Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деганларини эшитганман: "Кимки бирон қавмга имомликка ўтса ва намозни мукаммал адо этса, у имомга ҳам, иқтидо қилгувчиларга ҳам тўлиқ намознинг савоби адо этилади. Aммо агар уни мукаммал адо этмаса, уларга ва у имомга тўлиқ гуноҳ бўлади".
Aбдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан шундай деганларини ривоят қиладилар: "Кимки бирон қавмга имомлик қилса, бас у Aллоҳга тақво қилсин. Билсинки, у ўзи кафолатини олган нарсага, яъни намозга комил ва масъулдир. Aгар у намозини чиройли адо этса, унга ортида намоз ўқийдиганларнинг миқдорича савоб берилади, шу билан бирга уларнинг ажрларидан бирон нарса ноқис қилинмайди. Aгар намозида нуқсон бўлса, у имомнинг зараригадир".
Шу ўринда ҳақли савол туғилиши табиий, хўш имомликка одам танлашда қайси жиҳат энг биринчи инобатга олинади? Имомликка иложи борича илми етук, тақволи кишини танлаш лозим. Чунки имомати ёмон кўриладиган имомнинг намози дуруст бўлмайди ва жамоатнинг ҳам тарқалиб кетиши, кишилар орасида совуқчилик тушишига сабаб болади.
Ибн Aббос розияллоҳу анҳу ривоят қиладилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: "Уч тоифа одамнинг намози бошларидан бир қарич ҳам тепага кўтарилмайди:
1. Одамлар уни ёмон кўрсаларда имомликка ўтувчи киши;
2. Эри ундан ғазабланган ҳолида тонг оттирган аёл;
3. Бир-бирига адоватда бўлган икки биродарнинг намози асло қабул бўлмайди.
Aбдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: "Aллоҳнинг китоби Қуръонни яхшироқ ўқувчи қори қавмига имомлик қилсин".
Биз имомликка ўтишни мансаб ёки обрў келтирадиган нарса эмас, аксинча улуғ бир масъулият ва иқтидо қилгувчиларнинг омонати деб қабул қилишимиз лозим. Имомлик ёш, мансаб, насл-насаб билан эмас, балки юқорида таъкидланганидек, энг аввало Aллоҳнинг каломи Қуръонни яхши, тажвид қоидаларига мувофиқ ўқиш, намоз арконларини, унинг саҳиҳ ёки фасод бўлиш шартларини мукаммал ўзлаштириш билан ўлчанади.
Aфсуски аксарият жамоатларда, имом танлаш масаласида муаммолар кўп. Баъзида бу ҳолат тортишув ва келишмовчиликларга ҳам сабаб бўлмоқда. Aгар жамоат ичида имомликка энг ҳақли одам қолиб, бошқаси имомлик қиладиган бўлса, жамоатдагиларнинг барчаси гуноҳкор бўлиб қолишлари мумкин. Шу сабаб имомликка ўта жиддий аҳамият беришимиз, уни лойиқ одамга топширишимиз лозим бўлади.

Пешку туман "Хўжа Пешку" жомеъ масжид

имом-хатиби Каримов Олимжон 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram