ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК!
20 март 2020 й.
«орқага
1041 марта ўқилди.
ИНСОФ ҚИЛАЙЛИК!
Ўзбекистонда коронавирус касаллиги кенг тарқалиб кетишининг олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 16 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши томонидан қабул қилинган фатвонинг 8-бандида “Бундай вазиятларда озиқ-овқат, дори-дармон ва бошқа зарур воситаларининг нархини ошириш, сунъий равишда тақчилликни юзага келтириш ҳамда аҳоли ўртасида турли ваҳимали хабарларни тарқатиш шаръан ҳаром” эканлиги белгилаб ўтилди.
Дарҳақиқат, баъзи ҳанафий уламолар озиқ-овқат сотувчилар нарх-наволарни ҳаддан ташқари ошириб юборганларида ҳукумат томонидан нархларни чеклашни жоиз санайдилар. Чунончи, бу масала Ибн Нужаймнинг “Баҳрур роиқ” китоби (Абул Баракот Ҳофизуддин ан-Насафийнинг
“Канзуд-дақоиқ” китобига шарҳ)нинг 1-жилд, 28-бетида зикр қилинган. Уламоларимиз бундай ҳолатда нархларни сунъий кўтаришни Исломда таъқиқланган иҳтикор (яъни, озиқ-овқат монополияси) масаласига қиёс қилишган. Зеро, саҳобалардан Маъмар ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (с.а.в) لا يحتكر الا خاطىء “Фақатгина гуноҳкор эҳтикор билан шуғулланади”, дея марҳамат қилганлар. Ушбу ҳадиснинг биз ўрганаётган масалага далолати шундан иборатки, эҳтикор мўмин-мусулмонлар орасидаги молиявий муносабатларда халал етказгани учун Пайғамбар (с.а.в) уни ҳаром қилдилар.
Эҳтикорнинг ҳаром қилиниш иллати инсонлардан умумий зарарни ва зулмни бартараф қилишдир. Демак, молиявий муносабатлар орқали инсонларга зарар етказувчи, уларга зулм қилишга сабаб бўлган ҳар бир иш шаръан ман қилинган эҳтикорнинг ҳукмини олади ва шаръан ҳаром ҳисобланади.
Инсонийлик нуқтаи-назаридан қараганимизда ҳам бу ишларда бошқа мўмин-мусулмонларга зарарни раво кўриш бор.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ (с.а.в)дан “Ким ўзининг биродаридан дунё машаққатларидан бирини кетказса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бир машаққатни кетказади. Ким бир мусулмоннинг айбини бекитса, Аллоҳ таоло дунё ва охиратда унинг айбини бекитади. Ким бир қийналганга енгиллик қилса, Аллоҳ таоло унга дунёю охиратда енгиллик қилади. Қайси банда биродарининг ёрдамида бўлар экан Аллоҳ таоло унинг ёрдамида бўлади”.
Шунинг учун мусулмонларнинг бошига мазкур касалликлар каби бало-офатлар келган вақтда, бир-биримизни қўллаб-қувватлаш мусулмонлик бурчимиздир.
ҲУСАЙН ҲАМДАМОВ
Мир Араб олий мадрасаси проректори