Исломда миллатчилик йўқ
19 декабр 2022 й.
Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” масжид
«орқага
565 марта ўқилди.
Исломда миллатчилик йўқ
Бисмиллаҳир роҳманир роҳим
Узоқ тарихга назар соладиган бӯлсак, қайси бир жамиятда яхшилик, аҳиллик, биродарлик, ўзаро ҳам жиҳатлик жорий бўлса, ӯша маконда тараққиёт, равнақ, эл осойишталиги халқ фаровонлигини кӯришимиз мумкин. Қайси бир жамиятда муросасизлик, ўзаро хусумат кучайса, бундай жамият ва маконларда уруш ва можаролар авж олганига гувоҳ бӯламиз.
Тинчлик бӯлмаган юрт вайрон, аҳолиси пароканда бўлади. Маълумки Исломда миллат ажратиш йўқ. Кишиларнинг миллатига қараб ажратиш жоҳиллик ва илмсизлик ҳисобланади. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаи киромлари ораларида ҳам турли миллатга мансуб зотлар бор эдилар.
Масалан, машҳур саҳобаи киромлардан Салмони Форсий розияллоҳу анҳу форс, Билол Ҳабаший розияллоҳу анҳу ҳабаш миллатига мансуб бўлганлар. Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу эса, румлик бўлганлар. Исломда барча миллат ва элатларнинг тенг ҳуқуқлилиги, мукаррамлик фақат тақвода экани ҳақида Қуръони каримда шундай марҳамат қилинади: "Эй инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам ) ва бир аёл (Ҳавво )дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) ҳалқлар ва қабилалар (элатлар)лар қилиб қўйдик." Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир" (Ҳужурот сураси, 13оят). Демак, биз қайси миллат ва элат вакили бўлишимиздан қатъий назар бир ота-онанинг фарзандлари эканмиз. Биз доимо мана шу нарсани эсдан чиқармаслигиз лозим. Аллоҳ ҳар доим барча мусулмонларни бир- бирига меҳр-оқибатли бӯлишларини насиб айласин.
Бухоро шаҳар “Сайфиддин Бохарзий” масжид
имом-хатиби Камолов Равшан