Ислом бағрикенг дин
06 июн 2020 й.
1014 марта ўқилди.

 

 
Ислом бағрикенг дин

Ўзбекистон заминида қадим замондан ислом дини билан бошқа   динлар ёнма-ён яшаб, ривожланиб ва бу жамиятнинг маънавий юксалишига муайян ҳисса қўшиб келган. Ҳозирги кунга келиб, республикамизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари истиқомат қилади.
Ислом динимиз аввал бошданоқ инсониятга асл мурувватни, Ислом аҳлига, ҳатто ғайримуслимларга эҳтиром ҳамда бағрикенглик билан муносабатда бўлишни ўргатиб келган ва келмоқда. Ислом ўзидан аввалги самовий динларни (яҳудийлик, насронийлик) шунчаки ҳурмат қилиш билан чекланмай, ўша дин аҳлларига чексиз мурувватлар кўрсатган.
Инсонлар ўртасидаги ихтилоф хоҳ диний, хоҳ дунёвий ишларда бўлсин, қадимдан давом этиб келаётган ишдир. Ер юзида ҳаёт борки, ихтилофлар бор.
Бу ҳақиқат Қуръони Каримнинг кўплаб оятларида таъкидланган, жумладан Ҳуд сурасининг 118 ва 119 оятларида ҳам бу ҳақда Аллоҳ хабар беради: “Агар Парвардигорингиз ҳоҳлаганида, барча одамларни бир миллат (яъни, бир динга эргашувчи) қилган бўлур эди. (Лекин У зот бундай бўлишини истамади. Шунинг учун) улар (одамлар) мудом ихтилоф қилурлар, магар Парвардигорингиз раҳм қилган кишиларгина (ҳақ йўлда иттифоқ бўлиб яшарлар). Уларни шунинг учун (яъни, бировлари ҳақ йўлда ҳидоят топишлари, бошқалари ноҳақ йўлларда талашиб-тортишиб юришлари учун) яратгандир. Парвардигорингизнинг: «Мен жаҳаннамни (кофир) жин ва кофир одамларнинг барчаси билан тўлдирурман”, - деган сўзи ҳақ бўлди”. Яъни эй Расули карим соллаллоҳу алайҳи васаллам, агар Роббингиз хоҳлаганида ўзи яратган инсонларни иймон-эътиқодлари бир уммат, бир жамоа қилиб қўяр эди ва У зот бу ишга қодир, демоқчи. Зеро, Аллоҳнинг хоҳишига ҳеч ким тўсқинлик қила олмас, лекин Парвардигоримиз буни ҳоҳламади, ёмон ва яхшини бир-биридан ажратиш учун ҳаётни ихтилофли қилди. Дунё шундай турар экан, инсонлар ўз фикрлари, йўналишлари, мақсадлари ва орзу-умидлари борасида ҳар хил бўлишда давом этадилар. Фақат Парвардигорнинг раҳмати тушган бандаларгина бундан мустаснодирлар. Улар ҳақ йўлида ҳидоят топадилар. Улар диннинг асли-асосида ҳеч ҳам ихтилоф қилмагайлар. Балки яхшилик йўлини англаб етиб, бу йўлда бирга бўлгайлар.
Қуйидаги ояти каримада шундай дейилади: “Агар сенга уларнинг юз ўгиришлари оғир ботаётган бўлса, қодир бўлсанг, ер остидан йўл қилиб ёки осмонга нарвон қўйиб, уларга оят-мўъжиза келтир. Агар Аллоҳ хоҳлаганда, албатта, уларни ҳидоят устида бирлаштирган бўлур эди-ку! Бас, ҳаргиз жоҳиллардан бўлманг!”. (Анъом сураси, 35-оят).
Ояти каримада Пайғамбаримизга, агар қодир бўлсалар, мушрикларни ишонтириш, иймонга келтиришга ярайдиган оят-мўъжизани ерни кавлаб кириб бўлса ҳам, осмонга шоти қўйиб чиқиб бўлса ҳам, келтириш таклиф этиляпти. Аммо кофирлар оят-мўъжизалар йўқлигидан иймондан юз ўгираётгани йўқ. Улар нафсларининг бузуқлиги, ҳасад ва саркашликлари оқибатида куфр йўлини ихтиёр қиляптилар. Аллоҳ таоло одамларни ҳар хил табиатли ва айри истеъдод соҳиби қилиб яратгандир. Баъзиси ўз-ўзидан ҳидоят йўлига кириб қолади. Баъзилари даъватга, тушунтиришга муҳтож бўладилар. Бошқалари эса, бир оз қўрқитишга, яна бирлари тарғибот ишларига эҳтиёж сезади. Аммо яна бир тоифа борки, уларга ҳеч нарса таъсир қилмайди. Улар ҳар қанча даъват қилинмасинлар, шу қадар баҳона топаверадилар.

Ромитан тумани "Хокимулломир"
жомеъ масжиди имом - хатиби Ғолиб Муротов 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:47
Пешин: 13:10
Аср: 16:00
Шом: 17:25
Хуфтон: 19:00
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram