Ислом ва ватанпарварлик тарбияси
13 январ 2026 й.
269 марта ўқилди.
Ислом ва ватанпарварлик тарбияси
Ватанпарварлик — инсоннинг ўз юртига, халқига ва қадриятларига бўлган чуқур муҳаббати ва масъулиятидир. Ислом таълимотида ҳам Ватанни севиш, унинг тинчлиги ва равнақи учун хизмат қилиш улуғ фазилат сифатида қаралади. Чунки Ватан тинч бўлса, инсон эътиқодида эркин амал қилади, илм олади ва жамиятга фойда келтиради.
Ислом дини инсонни фақат шахсий ибодат билан чеклаб қўймайди. У жамият олдидаги бурчни англашга, юрт равнақига ҳисса қўшишга даъват этади. Ана шу жиҳатдан ватанпарварлик тарбияси исломий ахлоқнинг муҳим таркибий қисми ҳисобланади.
Инсон туғилиб ўсган заминни севиши фитрий ҳолдир. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз ватани Маккани жуда севганлар. Ҳижрат вақтида у зотнинг юртга бўлган меҳри исломда Ватанга муҳаббат қандай юксак қадрланишини кўрсатади.
Ислом уламолари Ватанни асраш ва унинг манфаатларини ҳимоя қилишни маънавий бурч сифатида таъкидлаб келганлар. Чунки Ватан — дин, тил, урф-одат ва миллий қадриятлар сақланадиган маскандир.
Исломда тарбия инсон қалбини поклаш, ахлоқни гўзаллаштириш ва жамиятга фойдали шахсни шакллантиришга қаратилган. Ватанпарварлик тарбияси эса ана шу мақсадларнинг амалий ифодасидир. Ватанни севган инсон уни обод қилишга, тинчлигини сақлашга интиллади.
Ота-она, устоз ва жамоатчилик ёшларга Ватанга садоқатни сўз билан эмас, амал билан ўргатиши лозим. Қонунларга риоя қилиш, ҳалол меҳнат қилиш, жамият мулкини асраш ҳам ватанпарварликнинг муҳим кўринишларидандир.
Бугунги кунда ёшлар онгига турли ёт ғоялар таъсир ўтказишга урилаётган бир пайтда, исломий ватанпарварлик тарбияси алоҳида аҳамият касб этмоқда. Ислом инсонни мутаносиб фикрлашга, бағрикенгликка ва сабр-тоқатга ўргатади. Бу эса ёшларда маънавий иммунитетни мустаҳкамлайди.
Ватанпарвар ёш — билимли, масъулиятли ва фидойи бўлади. У ўз юрти манфаатини шахсий манфаатидан устун қўяди. Ислом таълимоти айнан ана шундай комил инсонни тарбиялашни кўзлайди.
Кўпинча ватанпарварлик фақат ҳарбий хизмат билан боғлаб талқин қилинади. Аслида эса юрт равнақи учун қилинган ҳар бир ҳалол меҳнат ҳам Ватанга хизматдир. Илм-фан, таълим, тиббиёт, тадбиркорлик ва ижтимоий соҳадаги фаоллик ҳам ватанпарварликнинг замонавий кўринишларидир.
Исломда жамият манфаати учун қилинган ҳар бир эзгу амал садақа сифатида баҳоланади. Демак, Ватан тараққиёти йўлида қилинган саъй-ҳаракат ҳам маънавий савоб манбаидир.
Ислом ва ватанпарварлик тарбияси бир-бирига уйғун тушунчалардир. Ислом инсонни ўз юртини севишга, унинг тинчлиги ва барқарорлиги учун масъул бўлишга ундайди. Ватанпарварлик тарбияси эса ёш авлодни маънан етук, фидойи ва жамиятга фойдали этиб вояга етказишга хизмат қилади.
Юртни севиш — уни асраш, обод қилиш ва келажак авлодга тинч ва фаровон ҳолда топшириш демакдир. Ана шу улуғ мақсад Ислом таълимотининг ҳам, умуминсоний қадриятларнинг ҳам асосида туради.
Яхё домла Жумаев,
Шофиркон тумани “Мирзоқул” масжиди имом-хатиби
«орқага















