Исломда аёлларга ҳурмат ва эътибор
08 март 2016 й.
4041 марта ўқилди.

 Исломда аёлларга ҳурмат ва эътибор

 
          Аёлларга ислом динида юксак ҳурмат ва эътибор билан қаралади. Ислом динининг муқаддас манбаси Қуръони каримнинг 35 та сура ва 102 та оятида аёл сўзининг ишлатилиши суралардан бири айнан “Нисо” яъни “Аёллар” деб номланиши аёл мавқеи, унинг ҳаётдаги ўрни  ҳақ ҳуқуқлари батафсил баён этилиши аёлларга бўлган эътиборнинг ёрқин ифодасидир. Хусусан ўзбек аёлининг шаклу шамойили, сийрати, маънавий оламининг шаклланишида ислом динининг таъсири беқиёс. Оила бошлиғи бўлган эркакка ҳурмат, шарм ҳаё андиша, итоаткорлик, сабр ва матонат барча даврларда ўзбек аёлининг муҳим хислати саналган. Ислом дини таълимотларида аёлларни эъзозлаш, уларга эҳтиром кўрсатиш, ҳуқуқларини поймол этмаслик тамойиллари белгиланган.    
       Ҳадиси шарифларда аёллар хусусида шундай дейилади “Аллоҳ таоло аёлларга яхши муомала қилишларингизни тавсия этади, чунки улар оналарингиз, қизларингиз, холаларингиздир”. (Табораний ривояти). Бошқа ҳадисда:  “Жаннат оналар аёғи остидадир”. (ибни Можа ривояти)
     Бошқа бир ҳадисдаРасули Акрам “Аллоҳнинг наздида бандаларни энг яхшиси ўз аҳли аёлига фойдаси кўпроқ  тегадиган кишидир”. (Аҳмад ривояти). Хотиннинг эрдаги ҳақлари эр уни овқатлантириши, ўзи янги кийим кийса, хотинига ҳам янги кийим олиб бериши, юзига урмаслиги, ҳақорат қилиб сўкмаслиги, аразлаганда узоққа кетиб эмас, фақат бўлак ётишидир.
    Имом Муслим ривоятида: Аёллар хусусида Аллоҳдан қўрқингиз зеро сиз уларни Аллоҳдан омонат ўлароқ олгансиз”, дейилади.
   Юртбошимиз  Ислом Каримов оила мустаҳкамлигини таъкидлаб шундай дейдилар: “Қачон оила бахтли бўлади: Қачонки аёл бахтли бўлса. Қачон аёл бахтли бўлади: Аввалам бор унинг болалари оила аъзолари, турмуш ўртоғи соғ омон бўлса. Қачон аёл ҳаётдан рози бўлади: Қачонки оиласи тинч, рўзғори фаровон бўлса, эртанги кундан кўнгли тўқ бўлса. Одамнинг қалбида неки олийжаноб туйғулар мавжуд бўлса улар аввало онадандир”.
      Дунёда неча-неча подшохлар, пайғамбарлар, авлиёлар, уламолар, олимларни барчасини тўққиз ой қийинчилик машаққат ила бу дунёга келишига сабабчи бўлган зот бу мўътабар муштипар оналаримиздир. 
      Шунингдек, ислом таълимоти аёл кишининг эл-юрт, турмуш ўртоғи, фарзандлари олдидаги хизмати ва саъй-ҳаракатини савоб даражасини эркак ҳиссаси билан тенг қилиб берган. 
   Аёлларнинг ишлашлари, касб-ҳунар билан шуғулланишлари исломда ман этилмаган, балки пайғамбаримиз даврларида ҳам аёлларнинг эркаклар билан ишлаганлари ҳақида ривоятлар мавжуд. Масалан: Ҳазрат Али ва аёллари пайғамбаримизни қизлари Фотима билан биргаликда ўз ризқларини топиш мақсадида ишлаганлари ҳақида ривоятлар келган.  Ҳадисда: “Дунё ўзи матодир манашу матоларни энг гўзали бу аёлдир”. 
 Ривоятларда келишича, Мусо алайҳиссалом ўзига жаннатда ким қўшни бўлишини билишини сўраб Аллоҳ таолога илтижо қилдилар. Бир куни шундай нидо келди: “Эй Мусо, фалон ерда яшовчи қассоб сенинг жаннатдаги қўшнинг ва дўстинг бўлади...”
   Мусо алайҳиссалом қизиқиб, қассобнинг қайси ибодати учун бунга муносиб кўрилганини билиш ниятида йўлга чиқдилар. Бориб қассобни ахтариб топдилар. Қассоб хазрати Мусонинг ҳақ пайғамбар эканини билган ва бунга имон келтирган, лекин  пайғамбарнинг ўзини кўрмаган эди, шунинг учун танимади. 
   Кечқурун қассоб ҳазрати Мусони уйига олиб кетди. Таом тайёрлаб, дастурхон тузади. Овқатланишга киришишдан олдин у деворга осиқлиқ бир саватни ерга туширди ва ундан қимирлашга мадори қолмаган бир қари кампирни чиқарди. Худди гўдакни овқатлантиргандек уни едирди, ичирди ва яна саватга солиб, деворга илиб қўйди. Шунда кампир нималардир деб пичирлади. Унинг нима деяётганини тушунмаган Мусо алайҳиссалом қассобдан сўради: “Бу кампир кимингиз бўлади?” “Бу аёл менинг онам. Ўтириб-туришга, еб-ичишга мадорлари етмайди. Шунинг учун ўзим овқатлантираман, сув ичираман, тозаликларига қарайман. Қўлимдан келганича хурсанд қилишга уринаман”, -деди қассоб. “Ҳозиргина нимадир деб пичирлаганди, шунда нима деди?” дея сўрадилар ҳазрати Мусо. “Парвардигорим, мен ўғлимдан розиман, Сен ҳам ундан рози бўл! Жаннатда уни ҳазрати Мусога қўшни қил, деб дуо ўқиди”.
Шунда Мусо алайҳиссалом ўзини танитиш вақти келганини тушунди ва: “Мен Аллоҳнинг пайғамбари Мусоман. Аллоҳдан жаннатдаги қўшним ким бўлишини билдиришини сўраб илтижо қилган эдим. Жаноби Ҳақ сен эканингни маълум қилди. Сенга хушхабар бўлсин, онангга қилган хизматларинг эвазига Аллоҳ сендан рози бўлди. Онанг дуосини қабул айлади ва сени жаннатда менга қўшни қилди”, дедилар. Муҳтарам азизлар! Шарқда қадим-қадимда оила муқаддас даргоҳ саналган. Агар оила соғлом ва мустаҳкам бўлса, маҳаллада тинчлик ва ҳамжиҳатликка эришилади. Зеро, оила  фаровонлиги – миллий фаровонлик асосидир. Оила ҳақида сўз юритар эканмиз, аввало кўз ўнгимизда Она сиймоси шаклланади. Нима деганда оила муқаддаслигини таъминловчи биринчи омил – Она, аҳли аёлнинг покизалиги, оқилалиги, меҳру муруввати, садоқати ва вафодорлигидир. 
   Оилада аёл кишининг ўрни деганда фахр билан айтамизки, бугунги кунда ҳам ўзбек оилалари, хусусан оналаримиз, аёлларимиз оиланинг соғлом иқлими, оила бағрида фарзандларини эл-юртининг муносиб ўғил-қизлари, Ватаннинг ҳақиқий содиқ фуқароси бўлиб вояга етишларида жон куйдирмоқдалар.
     Аёлларимиз моҳир уй бекаси жонкуяр она бўлишлари билан бир қаторда юртимиздаги ижтимоий, маданий ва маърифий жабҳаларда эркаклар билан тенгма-тенг туриб фидокорона меҳнат қилишмоқда.
     Шунинг учун ҳам аёллар эркаклар қатори илм олишга, касб-ҳунар ўрганиб, меҳнат қилишга ҳақлидир.        
     
 
«Хокимулломир» жомеь масжиди 
                               имом хатиби: Ғ.Муродов.
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:45
Куёш: 05:35
Пешин: 13:10
Аср: 18:25
Шом: 20:10
Хуфтон: 21:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram