Исломда энг нозик масала
20 ноябр 2016 й.
2735 марта ўқилди.

 Исломда энг нозик масала

 
Исломда энг нозик масала, эътиқод масаласидир. Динимизнинг асоси эътиқоддир. Ислом ақоидининг ўзаги эса Аллоҳ таолонинг борлигига ва Унинг бирлигига иймон келтириш ҳисобланади. Агар эътиқодий асослар қалбда ўрнашмаган бўлса, ислом шариати ҳукмларидан бирортасини ҳаётга татбиқ қилиш имкони йўқ.
“Ақийда” сўзи арабча “ақада” феълидан олинган бўлиб “бир нарсани иккинчисига маҳкам боғлаш” маъносини англатади. Ислом ақийдаси мусулмон инсонни маълум бир нарсалар билан маҳкам боғлаб турадиган эътиқодлар мажмуаъси. Мазҳаббошимиз  Абу Ҳанифа раҳматуллоҳи алайҳнинг бу илм борасидаги энг мўътабар  китоблари  “Фиқҳул Акбар” асарига Мулла Алий Қори раҳимаҳуллоҳнинг ёзган шарҳида бу илм  ҳақида қисқача, бироқ сермазмун таъриф келтирилган: “У бир илмки, унда эътиқод қилиш лозим бўлган нарсалар ҳақида баҳс  қилинади”.
 
Ақоид илми ҳижрий иккинчи аср бошларида баъзи эътиқодий масалалар тўғрисида баҳс-мунозаралар бошлангач вужудга кела бошлади. Бу баҳслар дастлаб саноқли масалалар атрофида бўлган. Мусулмонлар орасидаги ақидавий баҳс мунозаралар янги босқичга кўтарилган. Масалалар ҳақида баҳс қилинадиган махсус давралар пайдо бўла бошлади. Бу давраларнинг етакчилари, уларга эргашувчилар ҳамда бир-биридан фарқли ақидавий қарашлар яққол кўрина бошлаган. Буларнинг самараси ўлароқ турли номлар билан аталадиган фирқалар шакллана борган. Ажралиб чиқаётган бу фирқаларни аҳли суннадагилар  ё етакчиларининг исми билан, ё қилаётган асосий даъволари билан, ё ажралиб турадиган бирор сифатлари билан номлашган.
Ривожланиш ва фалсафа билан аралашиш босқичи ҳижрий тўртинчи асрдан тўққизинчи аср охирларигача бўлган даврлар. Бу даврларда ақийдавий баёнотларнинг оралари ажратилиб тартибли равишда ёзишга ўтилган. Шунингдек ислом ақийдасига хилоф бўлган фалсафий қарашларга раддиялар ҳам қилинган. Натижада ақида китоблари ичига фалсафий қарашлар ҳам аралашиб борган. 
 
Булар орасини фарқлаб берган, Имом Ғаззолий фалсафа ва мантиқга оид бир қанча китоблар ёзиб қолдирди. “Такаафуъул адиллати ала қидамил олами ва ҳудусиҳи –(оламнинг қадимлиги ёки кейин пайдо бўлганлиги ҳақидаги далилларнинг тенглиги)” номли баҳсларида ёрқин ақлий таҳлил ва инкор қилиб бўлмайдиган далилу ҳужжат ила исботлаб берадилар.
Қадимдан файласуфлар бу масалада иккига бўлиниб баъзилари олам азалий қадим деса бошқалари олам ҳодис яъни кейин пайдо бўлган деган.
Бунга жавобан имом Ғаззолий Юнон файласуфларидан олдингиларининг ва кейин келган файласулар далилини бирма бир баён қилади.
“Имом Ғаззолий бу тортишув қиёматгача давом этаверади аммо ундан одамларга заррача фойда бўлмайди.”дейдилар.
Имом Ғаззолийнинг фикрича мазкур файласуфларнинг тортишуви охирига етиш мумкин эмас. Чунки улар ўзларидан мутлақ ғайбдаги нарсалар ҳақида тортишмоқдалар. Ўзлари ичида турган оламнинг асли ҳақида тортишувни уларга ким қўйибди! Бирор нарса ҳақида баҳо бериш учун унинг ташқарисида бўлиш керак. Оламнинг ичида бўлган одам унинг азалий ёки янги пайдо бўлганини қайдан билсин.
Унинг ўрнига инсон қўл остидаги нарсаларни ўрганишга ҳаркат қилиши керак, дейдилар. Имом Ғаззолий мисол учун нимага темирни оловга тутса куймайди-ю, пахтани тутса куяди? Манашу масалани ўйлаб кўриш керак. Пахта ўзи куйишга қобилияти борлиги учун куймоқдами ёки оловдаги кўйдириш қобилияти ила кўймоқдами?
Имом Ғаззолий мусулмонларда тажрибий илимларни келиб чиқишига туртки бўлдилар. Мусулмон инсонга ўзидаги ақл ва заковатни ўзининг имкони даражасида, ўзига ва жамиятга фойда берадиган тарзда ишлатишни таклиф қиладилар.
Ислом ақийдасининг асоси ҳисобланган, имонинг рукни бўлган, Аллоҳ таолога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръони Каримга, Қиёмат кунига, фаришталарга, Қазои қадарга ва бошқа шунга ўхшаш «Диндан деб билишлик зарур ҳисобланган», иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб кофир бўладиган нарсаларнинг собит бўлиши учун илми яқиний лозим экан. Бу эса Қуръони Карим кучидаги далилни тақозо қилади. Дарҳақиқат мазкур нарсалар Қуръони Карим ила собит бўлган. Бунда ҳеч ким хилоф қилмайди.
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг орқаларидан эшакка мингашиб кетаётган эдим. У киши: «Эй Муоз! Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи ва бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи нима эканини биласанми?»-дедилар. Мен: «Аллоҳ ва Унинг Расули билувчироқ»-дедим. У зот: «Аллоҳнинг бандаларидаги ҳаққи – Унга ибодат қилмоқлари ва ширк келтирмасликларидир. Бандаларнинг Аллоҳдаги ҳаққи эса, Унга ҳеч нарсани ширк келтирмаган кимсани азобламасликдир»-дедилар. Мен: «Эй Аллоҳнинг Расули одамларга бунинг башоратини берайми?»-дедим. У киши: «Уларга башорат берма, яна суяниб қолмасинлар»-дедилар.
Демак, ушбу ҳадиси шарифдаги гап кўринганга айтилаверадиган гап эмас экан. Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ўхшаш тушунган билган одамга айтса бўлар экан. Аммо кўпчиликка айтилса баъзилар нотўғри тушуниб, амал қилишни тарк этишлари, ушбу гапга суяниб қолиб, хато қилишлари мумкин экан. Ёки аксинча умуман айтиш мумкинмас бўлганида Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам бу гапни Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳуга ҳам айтмас эдилар. Бу маълум савиядаги одамлар билиб, маълум савиядагиларнинг билиши шарт бўлмаган гаплардан эди. Шунинг учун ҳам Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳу гуноҳдан қўрқиб бу ҳадисни ўлимларидан олдин ҳузурларидаги кишиларга айтганлар. Бунга ўхшаш ҳодисалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бошқа саҳобаларнинг ораларида, жумладан, Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан ҳам бўлиб ўтган. Бу эса даъватчи, олим, уламо ва имом хатибларга ўрганиш лозим бўлган муҳим сабоқдир.
Ҳозир ана шу гапни тутиб олиб, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқарадиганлар кўпайиб кетган. Баъзи бир ҳадиси шарифларда, маълум гапларни айтган ёки ишларни қилганларга куфр ёҳуд ширк нисбати бериладиган бўлиб қолди. Ўша ҳадислар саҳиҳ бўлиши мумкин. Лекин ҳаммаси оҳод ҳадислар. Уламолар ҳатто мутавотир ҳадис билан ҳам инсонни диндан чиқди, деб ҳукм қилиш мумкин эмас, деб иттифоқ қилганлар. Мазкур оҳод ҳадислардаги куфр ва ширк эса, одамни иймонидан бутунлай жудо қиладиган куфру ширк эмас, балки, кичик куфр ва кичик ширк ҳисобланади. Яъни, куфр ва ширкка оид бир иш қилган ҳисобланади. Уларни қилган хатокор инсон тавба қилмоғи лозим бўлади.
Имом Бухорий қилган ривоятда ҳазрати Али розияллоҳу анҳу: «Одамларга билган нарсаларини гапиринглар. Ёки Аллоҳ ва Унинг Расули ёлғончи қилинишини суясизларми?»-деганлар. Яъни, одамларга улар билмаган, ақли етмайдиган нарсаларни гапириб, бошларини айлантирманглар. Агар шундоқ қилсангиз, сиз айтган оят ва ҳадисларни билмай нотўғри таъвил қилиб Аллоҳ таоло ва Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиб юборишлари мумкин, деганларидир.
Имом Муслим қилган ривоятда эса ҳазрати Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Агар сен бир қавмга ақллари етмайдиган гапни гапирувчи бўлсанг, албатта улардан баъзилари фитнага учрайди»-деганлар.
Ваъзхон тингловчиларнинг савиясини эътиборга олмай, уларнинг ақллари етмайдиган нарсаларни айтса, эшитувчилар нотўғри тушунишлари, тескари хулоса чиқаришлари мумкин. Оқибатда йўлдан адашиб, фитнага учрайдилар. Фалончи олим бундоқ деган, деб ҳамманинг бошини айлантириб юрадилар.
Буюк имомлардан Имом Молик эса, Аллоҳ таолонинг сифатлари ҳақидаги ҳадислардан баҳс қилишни макруҳ кўрганлар. Бир киши имом Молик раҳматуллоҳи алайҳининг ҳузурларига келиб, Аллоҳнинг аршга тенглашиши қандоқ бўлади? деб сўраганда: «Тенглашиш маълум, қандоқ бўлиши номаълум, у ҳақида сўраш эса бидъат! Ҳайданглар, буни менинг ҳузуримдан!!!»-деганлар.
Бугунги кундаги баъзи келишмовчиликлар ҳам юқорида зикр қилинган қоидага амал қилмасликдан келиб чиқаётган бўлса ажаб эмас. Ким нима гапни топса, кўпчиликнинг ичига чиқиб гапираверади. Унинг гапини эшитган одамлар ҳамма томонга тарқалади. Бошқа бир саводхон эшитса, бу хато, бу ундоқ, бу бундоқ, деб кўпчиликнинг ичида гапиради. Натижада икки томон адоватлашади, жанжал-тўполонлар чиқади. Олим одам бировнинг хатосини топса, одоб билан ўзига айтиши керак. Эҳтимол, уники эмас, биринчи одамники тўғридир? Балки биринчи одам бирор нарсанинг мулоҳазасини қилгандир? Яна бошқа сабаблари бўлиши мумкин. Хулоса қилиб айтганда, мазкур ишларда Ақида борасида жуда ҳам эҳтиёт бўлиш керак. Роббим барча мўмин-мусулмонларни ақида борасидаги хатоларидан ўз паноҳинга асра! Амин.!
 
 
Азизжон Жамолов – Шофиркон тумани
“Шайҳи Дарвеш” жоме масжиди имом-хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 04:40
Куёш: 05:25
Пешин: 13:10
Аср: 18:15
Шом: 19:55
Хуфтон: 21:30
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram