Ислом динида бағрикенглик ва бошқа дин вакилларига ислом дининингнинг адолати.
08 октябр 2019 й.
1451 марта ўқилди.

 

Ислом динида бағрикенглик ва бошқа дин вакилларига ислом дининингнинг адолати.

Инсоният тарихида инсонлар орасидаги тенг ҳуқуқликнинг бузулишига сабаб бўлган омиллардан бири бир дин вакилларининг бошқа бир дин вакилларига диний айримчилик асосида қарашидир. Ўз динига бўлган тарафкашлик туйғуси, ўзга диндаги кишиларга бошқача назар билан қарашга олиб борган. Бу омилдан эса сиёсатчилар доимо ўз манфаатлари йўлида фойдаланиб келганлар. Қайси бир урушни олиб кўрсак ҳам унинг келиб чиқишида асосий айб сиёсатчиларда бўлиб, ўша сиёсатчилар ким бўлишидан қатъий назар, ҳатто ўзи динсиз бўлса ҳам ўз мақсадига эришиш учун кишилардаги диний омилни яхшилаб ишга солиш пайидан бўлганлар. Сиртдан эса, бир дин билан иккинчи дин уришган, диний уруш деб номланган урушлар бўлиб кўринган.
Ҳозирги кунимизда эса, инсонлар динлари қандоқ бўлишидан қатъий назар тенг ҳуқуқли эканликлари шиори олдинга сурилмоқда. Ўз-ўзидан Ислом бу масалага қандоқ қараган, деган савол пайдо бўлади. Баъзи кишилар, саволга ўрин йўқ, ҳамма нарса маълумку, дейиши мумкин. Нима маълум? десангиз, Ислом мусулмонларга ғайри динларни ўлдиришни фарз қилган, жиҳод фарз, мусулмон одам қаерда ғайри динни кўрса ўлдириши керак, ҳозирги тинч-тотув яшаш ҳақидаги гаплар замоннинг зайли билан айтилаётган гаплар холос, дейишади.
Ҳақиқатдан шундоқми? Келинг, бир холисона ўрганиб чиқайлик. Инсоният тарихида бошқа дин вакиллари билан қандоқ қилиб тинч тотув яшаш мумкин, деган савол Исломгача ташланган эмас. Тарихда биринчи бўлиб Ислом дини турли динга эътиқод ва амал қилувчилар биргаликда, бир жамиятда яшашлари мумкинлиги фикрини олдинга сурди ва бу фикрни ҳаётда татбиқ қилди. 
Агар Исломдан олдин бу масалани кўтарган, унга амал қилган дин ёки тузум бўлса, унинг исботи бўлса биладиган кишилар раддия қилсинлар, марҳамат!
Ислом эса самовий динларнинг барчасини асли бир, ҳаммаси Аллоҳдан деб эълон қилди. 
Аллоҳ таоло «Шўро» сурасида: «У зот сизга диндан Нуҳга тавсия қилган нарсани ва Сенга (эй Муҳаммад) ваҳий қилган нарсани, Иброҳимга, Мусо ва Ийсога тавсия қилган нарсамизни шарият қилиб: «Динни барпо қилинглар ва унда тафриқага тушманглар, дедик», дейди. (13 оят)
Демак, Нуҳ, Иброҳим, Мусо ва Ийсо алайҳиссаломларга дин юборган Аллоҳ, Муҳаммад алайҳиссаломга ҳам дин юборган. Уларни пайғамбар қилиб танлаб олган. Шу билан бирга Аллоҳ томонидан юборилган мазкур пайғамбарларга Аллоҳ томонидан бир хил фармон ҳам бўлган. У фармон, «Динни барпо қилинглар, унда тафриқага тушманглар», деган амри илоҳийдан иборат бўлган. 
Албатта, бу эълон дунё динлари тарихида янги саҳифа эди. Бу маънони Исломгача бирор дин ёки тузум эълон қила олмаган эди. Ушбу қоидага биноан мусулмонларга барча самовий динларга Исломга иймон келтиргандек иймон келтириш фарз қилинган. Агар мусулмон киши мазкур динлардан бирортасини инкор қилса, уларга ҳурматсизлик назари билан қараса, диндан чиқади.
Шунингдек, мусулмон инсон Аллоҳ таоло томонидан юборилган пайғамбарларнинг барчасига, уларга нозил қилинган китоб ва саҳифаларга бирдек иймон келтирмоғи, улардан бирортасини фарқлаб четга чиқариб қўймаслиги лозимлиги қаттиқ таъйинланган. 
Аллоҳ таоло бу ҳақда мусулмонларга хитоб қилиб «Бақара» сурасида: «Аллоҳга ва бизга туширилган нарсага, Иброҳим, Исмоил, Исҳоқ, Ёқуб, Асботларга туширилган нарсага, Мусо ва Ийсога берилган нарсага ва пайғамбарларга Роббиларидан берилган нарсага иймон келтирдик. Уларнинг орасидан биронтасини фарқламаймиз ва биз унга мусулмонлармиз», деб айтинглар». (136 оят)
Лекин Ислом мазкур масалада фақат ақийда масаласидаги кенгбағирлик билан кифояланиб қолмади. Балки, ҳаётнинг барча соҳаларида ҳам турли дин вакиллари бир жамиятда, биргаликда яшашлари учун керак бўлган қонун қоидаларини йўлга қўйди. 
Мисол учун энг нозик масалалардан бўлмиш оила ва озиқ-овқат масаласини олиб кўрайлик. Ҳамма динлар, ҳамма тузумлар бу икки масалага алоҳида эътибор берадилар. Ислом эса, бу икки нарсага ҳаммасидан ҳам кўра нозик иш сифатида қарайди. Шундоқ бўлса ҳам турли дин вакиллари бирга яшашлари, бир-бирларига кўнгил қўйишлари, бир бирларини меҳмон қилишларини ҳисобга олиб мусулмонларга бошқа диндаги аёллар билан турмуш қуриш ва улар сўйган ҳалол ҳайвонлар гўштини тановул қилишни ҳалол қилди. 
Аллоҳ таоло бу ҳақда «Моида» сурасида: «Бугунги кунда сизга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлмиш афийфа аёллар ҳам (ҳалолдир)» (5-оят).
Ислом давлати соясида яшашни хоҳлаган бошқа дин вакиллари «Аҳли зимма» деб номланадилар. Яъни, мусулмон жамияти кафолатидаги кишилар, деганидир. Аҳли зимма учун шахсий ҳуррият, фикр эркинлиги, ақийда эркинлиги, жон мол, обрў ва бошқа нарсалар дахилсизлиги тўлиқ кафолатланади. Бу маънодаги умумий қоида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:«Уларга бизга бўлган имтиёзлар бор ва уларга бизга қўйилган мажбуриятлар бор», деганларидир. Демак, Ислом давлати соясида бошқа дин вакиллари ҳам худди мусулмонлар эга бўлган имтиёзларга эга бўлади ва уларга юклатилган мажбуриятлар олдида масъул ҳам бўлади. Фақат Арабистон ярим оролида яшовчи араб мушрикларигина аҳли зимма бўла олмайдилар. Улардан Исломдан бошқа нарса қабул қилинмайди. Бу ўзи алоҳида бир масала. Лекин шу масалани Ислом душманлари нотўғри талқин қилиб умумлаштириб юборганларини айтиб ўтишимиз лозим. 
Бошқа мушриклар, яъни, аҳли китоб бўлмаганлар ҳақида эса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Уларга аҳли китобга қилинган суннатни қилинглар. Фақат аёлларига уйланманг ва сўйишларини емаган ҳолда», деганлар.
Демак, самовий бўлмаган, кишилар ўзларича эътиқод қилиб юрган дин вакиллари ҳам тўлиқ ҳақ-ҳуқуқларга эгадирлар. Ушбу маъноларни Ислом ўн тўрт аср илгари, дунёда биринчи бўлиб жорий қилган. 
 
Азизхўжа Иноятов Бухоро туман
“Чаҳор Бакр” жомеъ масжиди имом хатиби
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 06:45
Куёш: 07:40
Пешин: 13:10
Аср: 16:40
Шом: 18:20
Хуфтон: 19:55
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram