Исломда биродарлик ришталари
17 декабр 2022 й.
«орқага
775 марта ўқилди.
Исломда биродарлик ришталари
Ер юзидаги барча инсонлар бир ота ва бир онадан яъни, Одам ато ва Момо ҳаводан таралган. Миллати, қабиласи, ранги қандай бўлишидан қатъий назар одамлар ака-ука, опа-сингилдирлар. Аллоҳ таоло инсонларга бу ҳақиқатни Каломи орқали баён этиб жумладан шундай марҳамат қилади:
قال الله تعالى: يَا أَيُّهَا النَّاسُ اتَّقُوا رَبَّكُمُ الَّذِي خَلَقَكُمْ مِنْ نَفْسٍ وَاحِدَةٍ وَخَلَقَ مِنْهَا زَوْجَهَا وَبَثَّ مِنْهُمَا رِجَالًا كَثِيرًا وَنِسَاءً...
“Эй, одамлар! Сизларни бир жон (Одам)дан яратган ва ундан жуфти (Ҳавво)ни яратган ҳамда иккисидан кўп эркак ва аёлларни таратган Раббингиздан қўрқингиз...”, (Нисо сураси; 1- оят) Яна бир ояти каримада:
قال الله تعالى: يَا أَيُّهَا النَّاسُ إِنَّا خَلَقْنَاكُمْ مِنْ ذَكَرٍ وَأُنْثَى وَجَعَلْنَاكُمْ شُعُوبًا وَقَبَائِلَ لِتَعَارَفُوا إِنَّ أَكْرَمَكُمْ عِنْدَ اللَّهِ أَتْقَاكُمْ إِنَّ اللَّهَ عَلِيمٌ خَبِيرٌ
Яъни: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир”, деб эслатади. Аллоҳ таолонинг наздида инсоннинг қадр-қиймати бойлиги, насл-насаби, чиройи каби бирор бир дунёвий нарсалар билан ўлчанмайди. Балки оятда келгани каби бандалар тақво билан мукаррам саналадилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари орасида қуллар, фақирлар, қора танлилар билан бирга, бойлар, насл насаб жиҳатдан улуғлари ҳам бор эди. Лекин уларни иймон неъмати бирлаштирар эди. Инсоният тарихида ҳали саҳобаи киром розияллоҳу анҳумлардек мустаҳкам, самий дўстлик мисолини ҳеч ким кўрсата олмаган. Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васаллам қурайшлик Ҳамза, ҳабаший Билол, румлик Суҳайб, ғиффорлик Абу Зарларрларни бирлаштирган эдилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинада узоқ даврлардан буён қонли урушлар қилиб келган Авс ва Ҳазраж қабилалари ўртасидаги адоватга барҳам бериб уларни бирлаштирдилар. Умматга ўзаро муомалаларда ҳасад, гина ва адоватдан холи бўлиб яшашни ўргатдилар. Пайғамбаримиз алайҳиссалом мусулмонларга хитоб қилиб бир ҳадисларида айтадиларки: “Бир-бирингизга ҳасад қилманглар, таножуш қилманглар (яъни, сотиб олиш қасди бўлмаган ҳолда бошқа бировни қизиқтириш учун бирингиз бошқа бирингизнинг молини ошиқ нархда сўрамасин), бир-бирингизга адоват қилманглар, бир-бирингиздан юз ўгирманглар, бирингиз бирингизнинг савдоси устига савдо қилмасин, ўзаро биродар бўлинг, эй Аллоҳнинг бандалари! Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. Унга зулм қилмайди, уни ёрдамсиз қўймайди, уни камситмайди. Тақво мана бу ерда – муборак қалбларига ишора қилиб, уч марта шундай дедилар. Мусулмон биродарини камситиши кишининг ёмонлигига кифоядир. Ҳар бир мусулмоннинг қони, моли ва номуси мусулмонга ҳаромдир” (Имом Муслим ривоятлари).
Ислом таълимоти мусулмонларни бирлик ва ҳамжиҳатликка чорлайди. Мўмин мусулмонларнинг бирлигига зарар етказадига барча иллатлардан қайтаради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага ҳижрат қилган пайтларида илк қилган ишлари маккалик муҳожирларни, мадиналик муҳожирлар билан ака-ука сифатида тутинтириш эдилар. Улар орасидаги меҳр-муҳаббат ришталарини боғладилар. Ислом динида Аллоҳ таолонинг розилигини истаб ўзаро холис биродарлик қилувчи кишиларга улуғ ажрлар ваъда қилинади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ солаллоҳу айлайҳи васаллам: “Фақат Аллоҳнинг сояси бўладиган кунда етти тоифа инсонларни Аллоҳ таоло ўз соясига олади”, қуйдаги одамларни ҳам санадилар: “Икки одам Аллоҳ йўлида бир-бирини дўст тутади. Ва дўстлиги туфайли бир бири билан учрашади. Шу ўзаро дўстликда бир-бири билан хайрлашади”. Ҳадиси шарифдан мусулмон мусулмон биродарига нисбаттан самимий ва холис дўстлик қилса, биродарини гўзал хулқ соҳиби, иймонли ва диёнатли эканлиги учун яхши кўрса, қиёматда Аллоҳнинг паноҳида бўлиши маълум бўляпти. Шунинг учун Аллоҳ йўлида биродарлик иймоннинг ажралмас қисмига айлангандир.
Самимий чин дўст зиммасидаги биродарининг ҳақларини адо этиб яшайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам биродарлик ҳақларини ҳадиси шарифлари орқали бирма-бир билдирганлар. Бу ҳақларни адо этишга имкони бўлиб адо этган мусулмон кўплаб ажрларни қўлга киритиб дунё ва охиратини обод қилади. Мусулмон киши биродари бирор нарсага муҳтож бўлиб қолса, унга ёрдам бериши, насиҳатга муҳтож бўлса чин дилдан холис наҳсиҳат қилиши, дўстини билиб билмай қилган саҳв хатоларини тузатиш учун тўғри йўлга бошлаши, биродарининг айбини яшириши, хатосини кечириш, бемор бўлса ҳолидан хабар олиши биродарлик ҳақларидан эканлиги динимизда билдирилган.
Ҳаётимиз давомида динимиз кўрсатмаларига мувофиқ атрофимиздаги дўстларимизга нисбаттан кечиримлилик, олийжаноблик, саховат ва ҳожатбарорлик каби фазилатлар ила муомала қилсак, худбинлик, ҳасад, кибр, қизғанчиқлик каби тубан хислатлардан ўзимизни асрасак чин мўмин хос йўл тутган бўламиз. Ҳаётимиз гўзал, биз қурган жамият эса мустакам бўлади.
Бухоро шаҳар “Абу Бакр Ас-сиддиқ” жоме масжиди
имом хатиби Орифжон Тўқсанов
имом хатиби Орифжон Тўқсанов