Исломда кийиниш одоби
24 март 2022 й.
795 марта ўқилди.

Исломда кийиниш одоби
 
Инсон тирик экан кийим-кечакка эҳтиёж сезади. Кийим  орқали танасини иссиқ-совуқдан, баъзи аъзоларини бегона кўз тушишидан тўсади.  Либос инсон учун нафақат ташқи ҳимоя балки зеб-зийнат воситаси ҳам саналади. Дид билан танланган  покиза кийим инсон инсонга кўрк бағишлайди. Аллоҳ таоло:
قال الله تبارك و تعالى :  يا بَنِي آدَمَ قَدْ أَنزَلْنَا عَلَيْكُمْ لِبَاسًا يُوَارِي سَوْآتِكُمْ وَرِيشًا...
“Эй Одам болалари! Батаҳқиқ сизларга авротингизни тўсадиган либос ва зийнат либосини туширдик...” (Аъроф; 26), деб марҳамат этади.
Ҳар бир нарсанинг ўзига яраша одоби бўлгани каби, динимизда кийинишда ҳам ўзига хос тартиб кўрсатилган. Ислом поклик дини бўлиб,  унда энг аввал покиза либос кийишга тарғиб этилади.  Кийим-кечак борасида ўзимизга талабчан бўлиш билан бирга исроф ва дабдабага ҳам йўл қўймаган ҳолда   маблағ сарфлашимиз керак. Бу борада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тафсияларини Ҳасан розияллоҳу анҳу қуйдагича ифодалайдилар: “У зот бизларга кўлимизда бўлган кийимлардан тоза ва чиройлисини кийиш ва топа олган энг хушбўй нарсамизни суртишни тавсия қилганлар” (Имом Бухорий ривояти).
Либос инсон учун кўз-кўз қилиш, обрў-эътибор орттириш воситасига айланмаслиги керак. Абу Ҳомид  Ғаззолий: “Шайтон инсонни умр бўйи олий нав ва фахрли кийимлар билан зийнатлашга чорлайаб, шу йўл билан ҳам ўзига бўйсундиришга, нафсининг қулига айлантиришга ҳаракат қилади”, деганлар.  Бу борада аёлларимиз одоб билан кийиниб, динимиз кўрсатмаларига мувофиқ кийинишлари алоҳида эътибор талаб этади. Бир неча асрлар давомида момоларимиз, бувиларимиз  асраб-авайлаб келган  диний ва миллий қадриятлиримизга дарз кетмаслиги муҳим саналади. Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллоллоҳу алайҳи васаллам: “Кимки кийинишга қодир бўла туриб, Аллоҳга тавозуъ қилган ҳолда (олий навли) либос кийишни тарк қилса, Аллоҳ таоло қиёмат кунида халойиқнинг бошига чақириб, мўмин (жаннатда) киядиган либоснинг хоҳлаганини танлаш ҳуқуқини беради”, дедилар. (Имом Термизий ривояти). Бу ҳадисдан кийинишда тавозуъли бўлиш, кўз-кўз, дабдабадан сақланишнинг қай даражада мўмин киши учун  аҳамиятли ва фазилатли амал эканлигини билиб олсак бўлади. Лекин имкони бўла туриб,   кийинишиги эътибор бермай,  ўзини фақирликка солиб, молини ўз  кийинишига сарфлашга хасислик қилиш ҳам жоиз эмас. Чунки Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳақида: “Албатта Аллоҳ таоло бандаси устида, берган неъмати асари кўринмоғини яхши кўради”, дедилар (Термизий ривояти).  Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган  бир  ҳадисда Сарвари коинот солаллоҳу алайҳи васаллам  Умар розияллоҳу анҳунинг эгниларда бир кийим кўриб: “Бу янгими ёки ювилганми?”, дедилар. Умар розияллоҳу анҳу эса: “Ювилган”, дедилар. Шунда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
فقال النبيُّ ﷺ: البس جديدًا، وعِشْ حميدًا، ومتْ شهيدًا
“Янгисини кийгин, мақтовли яша, шаҳид бўлиб дунёдан ўт”, дедилар.(Имом Ибн Можа ривояти)
Либос кийганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам махсус дуолар ўқиганлар. Муоз ибн Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: 
 قال رسول الله صلي الله عليه وسلم: ومَنْ لَبسَ ثوبًا فقالَ :   الحمدُ للهِ الَّذي كَسَانِي هذا ورزقنِيِه مِن غيرِ حولٍ منِّي ولا قوَّةٍ  ؛ غُفِرَ لهُ ما تقدَّمَ مِنْ ذَنبِهِ . . .
“Ким бирор кийим кийиб: “Алҳамдулиллаҳиллазий касаний ҳаза ва розақанийҳи мин ғойри ҳавлин минний ва ла қувваҳ”, яъни: “Ўзгартирмасдан, қувватимни кеткизмасдан, менга ризқ берган ва мени кийинтирган Аллоҳга ҳамд бўлсин”, деса, Аллоҳ унинг олдинги гуноҳларини гуноҳларини кечиради”, дедилар.( Имом ибн Сунний ривояти)
Кийим, пойабзал, иштон ва шунга ўхшаш енгли, почали либосларни ўнг томондан кийиб, чап томондан ечиш мустаҳаб саналади. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
ان رسول الله صلى الله عليه وسلم قال‏:‏  إذا لبستم،وإذا توضأتم، فابدؤا بأيمانكم    ‏
“Агар либос кийсангиз ёки таҳорат қилсангиз, ўнг томондан бошланглар”, деб айтганлар. (Имом Термизий ривояти).
Кийимнинг ранги хақида ҳам кўплаб ривоятлар мавжуд. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, саҳаобалар ҳам турли рангли кийимлар кийганларини кўрамиз. Шу ранглар орасида оқ ва яшил рангли кийимлар афзал кўрилгани ҳам ҳақиқат. Ким имкон топиб шу рангдаги кийимлар кийса маҳбуб амал. Лекин бошқа рангда кийим кийганларни маломат қилинмайди.
Кийинишга доир ҳужжат-далилларни ўрганган уламолар бу масаладаги   ҳукмларини баён этиб қуйдагиларини билдирганлар: 
Биринчиси- Фарз бўлиб, авротни беркитадиган, иссиқ-совуқдан тўсадиган, ўта нафис бўлмаган кийим.
Иккинчиси- Мустаҳаб даражадаги кийим бўлиб,  у авротни тўсадиган, зийнатни зоҳир қиладиган ҳолатдадир.
Учинчиси- Мубоҳ даражасидаги кийим. У Жума, Ҳайит ва одамлар жамланадиган кунлари ясаниш учун кийиладиган чиройли кийимлардир.
Тўртинчиси- Макруҳ. Такаббурлик ва манманлик учун кийиладиган кийим.
Бешинчиси- Ҳаром . Авротни тўсмайдиган ҳамда эркаклар учун шойи-ипак кийимлар. Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ипак кийманглар. Ким уни дунё ҳаётида кийса, охиратда кия олмади”, дедилар. (Муттуфақун алайҳ).
Ҳар бир миллат ва динга мансуб кишиларнинг ўз кийиниш маданияти бор.  Мусулмон эканмиз динимиз ва миллатимиз урф-одатларига хос  кийиниб, бу борада ўзга маданиятлар таъсирига тушмаган ҳолда,  ўзлигимизни унутмаслигимиз керак. Баъзи ёшларимиз “модда” деб жамоат жойларда шортик кийишлари, тор шим,   ялдир-юлдир кўйлаклар, турли тилларда ёзилган ёзувли кийимлар кийишлари юқорида эслатилган одобларга мутлаққо зиддир.  
 


Бухоро шаҳар “Абу Бакр Ас-сиддиқ” жомеъ масжиди
имом-хатиби Орифжон Тўқсанов
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:55
Куёш: 06:29
Пешин: 13:10
Аср: 17:10
Шом: 18:55
Хуфтон: 20:25
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram