Исломда никоҳга бўлган муносабат.
19 март 2021 й.
992 марта ўқилди.
Исломда никоҳга бўлган муносабат.
Шариъатда уйланишнинг ҳукми, кишининг жисмоний қуввати, оила масъулиятини уддалаши, уйланмаса нотўғри йўлга кириб қолиш хавфига қараб беш хил бўлади:
1. Уйланиши фарз (қилиш қатъий талаб қилинган, қилинмаса катта гуноҳкор бўладиган иш) бўлган киши. Уйланмаса зино (нотўғри жинсий алоқа) га кетиши аниқ. Уйланиш оилани бошқаришга қодир ва хотинга зулм қилмайдиганлар учундир. Бундайлар уйланмасалар катта гуноҳкор бўладилар.
2. Уйланиш вожиб (қилиши талаб қилинган, қилмаса гуноҳкор бўладиган иш) бўлган киши. Уйланмаса, зинога кетиб қолиш хавфи бор, уйланса хотинини боқа олади, унга зулм қилмайди. Бундай кишилар уйланмасалар гуноҳкор бўладилар.
3. Уйланиш суннат (қилса савоб, қилмаса суннатга хилоф бўладиган иш) бўладиган иш. Уйланмаса ҳам ўзини зинодан сақлай олади. Уйланса хотинини бошқага ва унга зулм қилмасликка қодир. Бундай кишилар уйлансалар савоб, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларига амал қилган бўлиб, мабода уйланмаса гуноҳкор бўлмайди. Ушбу ҳолат аслдир. Шунга кўра, уламолар уйланиш суннатдир деб иттифоқ қилганлар.
Уйланиш ҳаром (қилмаслик қатъий талаб қилинган иш) бўлган иш.
4. Уйланса хотинни боқа олмайди, унга зулм қилиши аниқ. Жинсий алоқага қодир эмас. Бундай кишиларнинг уйланиши ҳаром. Агар жинсий алоқага қодир бўлса, уйланишга маблағи бўлмаган кишиларга жаноб пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам маблағ топгунга қадар рўза тутиши тавсия этганлар. Зеро, рўза кишининг шаҳватини кесади.
5. Уйланиш макруҳ (қилса гуноҳкор бўлиши мумкин бўлган иш) бўлган киши. Уйланса хотинни бошқа олмаслик ёки жинсий алоқага ярамасликка эҳтимоли кўпроқ бўлган кишилардир.
Ислом шариатида уйланишдан кўзланган асосий ва улуғ мақсад ҳалол йўл ила инсон наслини сақлаб қолишдир, жинсий хоҳишни қондириш эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Уйланиш биз, пайғамбарларнинг суннатимиздир”, - деганлар. (Имом Аҳмад ва Имом Термизий ривояти).
Уйланиш оила қуришнинг биринчи устунидир. Оила эса жамиятнинг кичик бир бўлаги ҳисобланади. Инсон яратилишга кўра ёлғиз яшай олмайди, доим у бошқаларнинг ёрдамига муҳтож. Шунинг учун, Ислом дини уйланишга ва ўзидан насл қолдиришга тарғиб қилиб келган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Сизлардан қайси бирингиз уйланишга қодир бўлса, уйлансин. Уйланишлик кўзни ва фаржни (ҳаромдан) сақлайди. Кимки уйланишга қодир бўлмаса. Рўза тутсин. Рўза у учун (нотўғри йўлдан сақловчи) қўрғондир”, - деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Бўлажак оиланинг осойишта ва давомли бўлиши учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларида: “Фарзанларингга она бўладиган аёлни яхшилаб танлаб олинглар”.
Яна бошқа ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Аёллар моли, жамоли, насаби, дини сабабидан никоҳга олинади. Сен диёнатлигини ихтиёр этгин”, - деганлар. (Имом Бухорий ва Муслим ривоят қилганлар).
Шундай қилиб, уйланиш, ҳар икки томон учун хотиржамлик ва роҳат бўлиши билан бир қаторда, нотўғри йўлдан, зинодан, ҳаромдан сақловчи ҳамда жамиятни мунтазам ва давомли бўлишга олиб борувчи етакчи омилдир.
Вобкент тумани Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий жомеъ масжид
имом - хатиби Ғ.Очилов.
«орқага