Исломда поклик
18 феврал 2024 й.
712 марта ўқилди.

Исломда поклик

Исломда поклик иймондан ҳисобланади. Ислом поклик ва покланиш ишларига ўта жиддий қарайди. Дунёда Исломдан бошқа ҳеч бир дин, тузум ёки фалсафа покликни ва озодаликни иймонга тегишли даражага кўтармаган.
Бир вақтлар Оврупада масиҳий дини ҳукмронлик қилган пайтда поклик гуноҳ ҳисобланган. Кишилар ўзига, кийим-бошига узоқ вақт сув теккизмаганлари билан фахрланганлар. Ҳозирда ҳам кўпчилик назарида поклик тиббий ёхуд шахсий озодалик иши ҳисобланади.
Исломда эса бу иймон иши бўлиши билан бирга, поклик бўлмаса, банданинг ибодати ҳам қабул бўлмайди. Исломда барча ибодатларнинг қабул бўлиши учун аввало, банданинг қалби, нияти пок бўлиши керак.
Қолаверса, ибодатларнинг қабул бўлиши учун инсоннинг бутун танаси, кийим-боши ва ҳатто ибодат жойи ҳам пок бўлиши шарт. Пок бўлганда ҳам каттаю кичик, кўзга кўринадигану кўринмайдиган барча нопокликлардан холи бўлиши керак. Ана шундоқ покликка эга бўлмаган банда Аллоҳга ибодат қила олмайди. Яъни, намоз ҳам ўқий олмайди, Қуръон ҳам ушлай олмайди.
Исломда ибодатларнинг қабул бўлиши – поклик асосида адо этилишига боғлиқ. Бизда поклик йўлида қилинган ҳар бир иш юқори баҳоланади ва уни қилган кишига улкан ажр-савоблар, олий мартабалар бор.
Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Унда покланишни яхши кўрадиган эрлар бор. Аллоҳ покланувчиларни яхши кўради», деган. (Тавба сураси, 108-оят).
Демак, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ушбу ояти каримада покликни ва пок кишиларни мадҳ этмоқда. Пок кишиларни яхши кўришини эълон қилмоқда. Бу эса, Аллоҳ таоло томонидан покликка қанчалик эътибор берилишини кўрсатиб турибди. Бу ояти кариманинг ўзи барча инсонлар поклик учун интилиб, бутун дунё покланиш сари юз тутиши учун етарли.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, умматим қиёмат куни таҳоратнинг асаридан пешоналари оппоқ ва оёқ-қўлларидан нур таралиб турган ҳолларида чақирилурлар. Бас, сиздан ким ўз пешонасидаги қашқасини узайтиришга қодир бўлса, шуни қилсин», дедилар».  Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам юқоридаги ҳадиси шарифларида таҳоратнинг фазилати қиёмат куни қай тарзда намоён бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар.
Қиёматнинг даҳшатлари, у куннинг зулматлари ва тўс-тўполонларида биров-бировни таний олмайди. Кўпларнинг юзи қорайган, уларнинг бетларини ғубор қоплаган бўлади. Аммо бир гуруҳ одамлар юзларидан ва қўл-оёқларидан кишининг ҳавасини келтирадиган даражада нур таралиб, гўзал ҳолатда ажралиб турадилар. Бу бахтиёр инсонлар Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматларидир, умр бўйи таҳорат қилиб, намоз ўқиб ўтган мусулмонлардир.
Шундай экан биз мусулмонлар нафакат ички дунёмиз, калбимиз, ниятимиз, балки вужудимиз, кийимимиз, яшаётган ховли-жойларимиз, махаллаларимиз, ишхоналаримизни хам тозалиги ва озодалигига диккат ва ахамият бериб, унинг чиройига сабаб бўладиган мевали ёки манзарали гул кўчатлар эксак, юксак ажр-савобларга эга бўламиз.

Ғиждувон туман «Соктари» жомеъ масжид

имом-хатиби Жасурбек Латипов 

«орқага

Бухоро -
Бомдод: 05:45
Куёш: 06:32
Пешин: 13:10
Аср: 17:30
Шом: 19:10
Хуфтон: 20:45
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram