Ихлос ибодатнинг руҳи ва амал зийнатидир
29 апрел 2016 й.
3007 марта ўқилди.

 Ихлос ибодатнинг руҳи ва амал зийнатидир

Роббимиз бизларга бу ҳаётда истиқомат қилишлигимиз, ўзига ибодатда бўлиб солиҳ ва маъруф ишларга бошқаларни чақиришимиз учун ихлосни энг олий даражага кўтаргандир. Жамийки гўзал ва матлуб амалларга хоҳ дунёвий, хоҳ ухровий бўлсин, ихлос шарт қилингандир. Ибодатда унинг қабул бўлиши ва гўзал бўлиши учун қанчалик нозик шартлар қўйилган бўлса, уларнинг энг аввалидан ихлос ўрин олган. Аллоҳ таоло ихлосни мўъмин бандаларига ато қилган улкан неъматидир. Бу неъматни фаҳмлаган инсон қадрига етади ва қалбида асрайди. Исломда оддий саналган ишни банда ихлос билан амалга оширса, роббиси унинг ажру ҳасанотларини номаи аъмолига зиёда қилиб битади. Ихлос Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам умматларига берилган улкан насибалардан биридир. Эру хотин ўрталаридаги ҳақ ҳуқуқлар, ўзаро муомалаларида  мухаббат, раҳм шавқат асосида бўлишлиги, иккалалари масъулиятларини ҳар қандай ҳолатда чин эътиқод билан амалга оширишлари учун ҳам ихлос керак бўлади. Зеро бир бирларига ихлос ва мухлис бўлмаганларида оила қурмаган бўлур эдилар. Фарзанднинг ота онасига яхшилик қилиши, инсон ўз касбини гўзал адо этиши, дехқон уруғини ерга экиши, сахий муҳтожга эҳсон қилиши, бой закотини ихлос билан бериши, ибодатчи банда тунлари туриб таҳажжуд намозини ихлос билан ўқиши, меҳмон келса унинг қалбига сурур олиб келадиган даражада ҳурмат иззат кўриши, тожир харидор билан олди берди қилишида ва ҳоказо амалларда ихлос лозимдир.   Ана шунда шаксиз амаллар қабул бўлади. Сезилган бўлса юқорида зикр этилган ишлар барчаси ҳалол ва тўғри ишлардир. Демак яхши, ҳалол ва иймонли амал ва шахсларга ихлос қилинар экан. Хўш, нопок, ҳаром иш  ва шахсларга ҳам ихлос қилиш мумкинми? Аллоҳнинг розилигини топаман деган ниятда, зиёфатларда ҳаром егулик ва ичкиликларни тақдим этиш, аёлу эркак, қизу жувон, ёшу қарининг аррофга (фолбин)га қатнаб, ҳожати раво бўлиш орзусида унга ихлос қилиш оқибатида сиғиниб қолишлари, бемор роббиси берган дардга ҳаром нарсалардан даво излаши, икки севишган қиз ва йигитлар бу ўткинчи нарса туфайли, ҳеч нарсадан тап тортмай  ширкий ишларга қўл уриши, хотин эрини ўзига қаратиб оламан деб, манфур нарсаларга ихлос билан ёндашиши айнан ихлос қилинаётган нарсаларнинг ўзи ҳалол ва саҳеҳ эмаслиги улкан адашиш ва разолатдир. Бундай ҳолатлар содир бўлаверса, оила бузилади, барака кетади, иймон эътиқодга ихлоснинг асари ҳам қолмайди, шайтон барча яхшиликларни унуттиради. Робимимиз шундай мархамат қилади:
 
 } وَاذْكُرْ عِبَادَنَا إبْرَاهِيمَ وَإِسْحَقَ وَيَعْقُوبَ أُوْلِي الْأَيْدِي وَالْأَبْصَارِ {ص/45} إِنَّا أَخْلَصْنَاهُم بِخَالِصَةٍ ذِكْرَى الدَّارِ {ص/46}  
 
Эй, (Муҳаммад), қувват ва фаросат эгалари бўлган бандаларимиз – Иброхим, Исхоқ ва Яъқубларни эсланг! Биз уларни охиратни эслаб турувчи мухлис бандаларимиздан қилиб қўйдик”.( Сод,45-46 оят).
 Роббимиз ўтган пайғамбарларни бизларга мисол қилиб, охиратни эсловчи бандалар  Ўзининг мухлис бандалари эканига ишора қиляпти. 
- Кимки махлуқларнинг сўзидан ошиб, Аллоҳ азза ва жалланинг сўзига рағбат қилмаса, унинг амали камайибди, қалби ва умри зойе бўлибди, -дейди Молик ибн Динор. 
Ҳар бир амалга яқинлаштирадиган нарса бу - ихлос. Ихлос “тозалаш”, “тўғрилаш” маъноларида  келар экан, бандада содир бўладиган разил ишлардан халос этиб, унинг муножотини эшитувчи Роббисига юзлантирувчи, кир қалбни тозаловчи, қороғуликдан нурларга олиб чиқувчи гўзал неъмат, Аллоҳнинг бандаларига тортиқ қилган ҳадяси, мукофотидир. Гўзал ният ва ихлос мўъмин банданинг зийнати унинг тақвоси мукаммаллилига далолатдир.  
Макҳул роҳматуллоҳи  алайҳи: “Банда қирқ кун ихлос қилса, албатта унинг қалбидан ва тилидан ҳикмат булоқлари отилиб чиқади, -деган. Мухлис банда ҳар қандай васвасаларга алданмайди, унинг йўли аниқ ва равон, тиканли йўлакларни ҳатлаб ўтиб кетаверади ва кўзлаган мақсадига эришади. Чунки у тўқсон тўққиз гўзал исмли Зотга ихлос қилган ва унга таслим бўлган, У зот айтган ишни қилади, У зот билан хоҳлаган вақтда ихлос билан мулоқот қилади. Чунки у ихлос қилиб турган зот - Аллоҳ азза ва жалла. Роббиси унинг қалбига ўрнашиб бўлган. Банда ҳар бир амалини Аллоҳ йўлида қилади, натижасини Унинг ўзидан  кутади ва албатта  Роббиси уни рози қилади. 
Бугун баъзи инсонларимиз ўзга миллат вакилларининг урф одат ва маданиятларига киришиб, қизиқиб кетишлари, моддиюнча фикр билан яшаш исломдаги жиддийликни йўқотмоқда. Ёлғон ва фаҳш ишларга берилиш, ихлос нотўғри нарсаларга қўйилганлигидан дарак бермоқда. Шунинг учун ихлосни ҳалол ва тўғри амалларга ишлатмоғимиз шарт экан. Агар номақбул ва жирканч ишларга ихлос қилсак, иймонимизга дарз кетади. Насиҳатни эшитиб, дардимизга дармон бўладиган шифокорни қўйиб, касалимизни зиёда қилувчи “вирус”ларга  ихлос қилсак, унинг охири олов ва исёндир. Роббимизнинг  бизларга берган улуғ неъматига хиёнатдир.  У зот ўзининг каломига “ихлос ”сўзини  ўттиз бир оятда зикр қилганлиги, бу неъмат банда учун нақадар керакли эканлигига далолат қилади. Шунинг учун ихлос ибодатнинг рухи, дуою ибодатларни қабул бўлиши учун асосдир. Банда Аллоҳу акбар деб қулоқ қоқса, унинг ихлоси дунё ишларини унуттиради, бошини эгиб рукуъга борса, Роббисига таслимиятини намоён қилади. Саждага бош қўйса, илоҳий роҳат ва лаззатни хис қилади ва Роббиси учун барча нарсага унинг жисми ҳам руҳи ҳам  тайёр туради, ихлоси, мухаббати, соф иймони туфайли мана шундай бандаликка эришади. Саҳобаи киромларнинг ҳар бир ишлари ва амалларида ихлоснинг хушбўй ҳидини ҳидлаймиз ва роҳатланамиз. Улар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан нимани сўрасалар ихлос билан сўрар ва амалларнинг энг яхшисини айтишларини хоҳлар эдилар. Агар бирон хато иш қилиб қўйсалар, дунёларини  кечишга тайёр турар эдилар. Уларнинг ихлослари отасию, боласидан ва барча одамлардан севимли бўлган ҳабиб пайғамбарга чексиз, чегарасиз  эди.  Эй Аллоҳнинг росули мени жаннатга киритадиган энг яхши ва афзал амални айтинг, - деб сўраганларида, Расулимиз, “Аллохдан ўзга илоҳ йўқ, Муҳаммад Аллоҳнинг элчиси, деб гувоҳлик бериш, намозни тўкис адо қилиш, закот бериш, ҳаж килиш ва Рамазон рўзасини тутиш”, -деган насиҳатларини эшитганларида, дунё хаётларида шу насиҳатга умр бўйи амал қилдилар ва адашмадилар. Қаранг ихлоснинг самараси саҳобаларни доимо эзгуликка эриштирди. Бу умматнинг бахтиёрлиги ва йўли аниқ эканлиги шундаки, унинг йўлбошчиси, жаннатга етакловчиси, Роббисини танитишга ундовчи ва шафоатчи набийси бор. Росулининг буйруғига итоат қилса, ютуқ шу умматникидир. Ибн Қойюм розияллоҳу анҳунинг ажойиб ҳикматларини келтириш билан мақоламизга хотима ясаймиз: "Ихлос ва иқтидосиз амал худди қопини қумга тўлдириб олиб кетаётган ва фойда олмаётган мусофирга  ўхшайди". Ашҳаду ан лаа илаҳа илла анта ва настағфирука ва натувбу илайк. 
 
 Бухоро тумани бош имом хатиби
 Ж.Панжиев  
 
«орқага

Бухоро -
Бомдод: 07:00
Куёш: 07:56
Пешин: 13:10
Аср: 16:25
Шом: 18:00
Хуфтон: 19:40
Тўлиқ тақвим »
ТАСАВВУФ » Маърифий ислом »
Сайтдан излаш
Telegram