Исроф сахийлик эмас, тежаш бахиллик эмас
“Яхшилик ва эҳсонда исроф бўлмаганидек, исрофда ҳам ҳеч қандай яхшилик йўқ”
Имом Аъзам
Инсонга Аллоҳ таоло томонидан берилган неъматларнинг сон-саноғи йўқ. Одамзот унинг шукронасини қилишликка умри ҳам, жисмонан қуввати ҳам етмайди. Аммо берилган неъматларни Аллоҳ таолодан деб эътироф қилиш ва уни исроф қилмасдан, ўзи рози бўладиган жойларга тежаб ишлатишлик билан шукронасини изҳор қилган бўлади. Зероки Неъмат берувчи Зот ўзининг каломида исроф қилувчиларни севмаслигини очиқ-ойдин эълон қилди: “Енглар ва ичинглар (лекин) исроф қилманглар. Чунки У (Аллоҳ) исроф қилувчиларни севмас.” (Аъроф - 31)
Пайғамбаримиз Муҳаммад соллалоҳу алайҳи васаллам ҳадиси муборакларида: “Аллоҳнинг нозу-неъматларидан енглар, ичинглар, хайру-эҳсон қилинглар, кийиниб ясанинглар, лекин исрофгарчилик ва манманликка йўл қўйманглар” - деб марҳамат қилдилар.
Юртимизда диний ва миллий урф-одатларимизга кўра марака - маросимларимиз кўп. Сахийликни яхши кўрадиган халқимиз топган тутганини қариндош-уруғлар, дўсту ёрлар билан баҳам кўришади. Лекин бугунги кунимизга келиб, марака-маросимлардаги саховатлар риёкорлик ва манманликдан бошқа нарса бўлмаяпти. Тўй ва маракаларимиздаги зиёфатлар, янгича урф-одатлар на диний ва на миллий урф-одатларимизга тўғри келаяпти. Айниқса, никоҳ тўйларида ёш келин – кувларимиз диний ва миллий қадриятларимизга тўғри келмайдиган одатларни қилиб, одобу – ахлоқ, шарму ҳаёда бутун дунёга юксак намуна бўлган халқимизнинг юзига оёқ қўймоқдалар. “Бир марта тўй бўламан, қилсам ўзимнинг пулимга қиламан” деб ҳаттойинки қарзга олиб бўлса ҳам қилинаётган исрофгарчилик, риёкорликлар оқибатида тўйдан кейин эр – хотин, қайнона – келин ўртасида келишмовчиликлар келиб чиқишига асосий сабаб бўлмоқда.
Тўйга қадар иккила қуда томон ҳамда бўлғуси келин – куёвлар ҳам ўзларида бўлмаган яхши сифатларни, бўлмаган бойликларини намоён қилишликка ҳаракат қилиб риёкорлик қиладилар. Оқибатда тўйдан кейин ҳақиқий ҳолат бундай эмаслиги кўрингандан кейин, ўртада юз берадиган нохуш воқеаларни тасаввур қилаверинг.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай деди: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг ва исрофгарчиликка мутлақо йўл қўйманг! Чунки, исрофгарлар шайтонларнинг биродарларидир. Шайтон эса Парвардигорига ўта ношукур эди.” (Исро: 26-27 оятлар)
Мусулмон киши мол-пул сарфлашда доимо мўътадил бўлиши керак. Ҳеч қачон молу дунёни исроф ҳам қилмаслик керак ва ҳаддан ташқари хасис бўлиб, зарур жойга ҳамда керакли миқдорда сарфлашдан бош тортмаслик ҳам керак.
Аллоҳ таоло “Исро” сурасининг бошқа бир оятида “Қўлингни бўйнингга боғлаб олма. Уни бир йўла ёзиб ҳам юборма. Яна, маломат ва ҳасратда ўтириб қолмагин” деган. (Исро: 29 оят)
Аллоҳ таоло ушбу оятда инсонга қарата қўлингни бўйнингга боғлаб бахил ҳам бўлма, уни бир йўла ёзиб, бор-будингни бошқаларга бериб тугатиб ҳам қўйма деб ажойиб бир ўхшатиш билан васф қилмоқда. Исломда ҳар бир нарсани меъёрида қилиш тавсия этилади. Бир нарсани жуда ошириб ҳам юборилмайди ёки аксинча, жуда йўқ даражага ҳам тушириб қўйилмайди, балки ўрта ҳолда адо этилади.
Пайғамбаримиз алайҳиссалом муборак ҳадисларида: “Хоҳ бойликда, хоҳ фақирликда, хоҳ ибодатда бўлсин, ўртаҳол бўлиш қандай ҳам чиройли; Ишнинг кўзини билиш тирикчилик илмининг ярмига тенгдир” - деб марҳамат қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа ҳадисларида “Тежамкор одам камбағал бўлмайди” деганларю (Аҳмад ривояти)
Доно халқимизда бир нақл бор: “Олдингдан оқар сувнинг қадри йўқ” дейишади. Ҳа, азиз юртдошлар, Аллоҳ таоло бизларга қанча неъматларини бериб қўйибди, ваҳоланки дунё халқларининг кўпи бундан бебаҳра, бу неъматларнинг қадрига етайлик, уларни асраб, авайлаб, тежаб, исроф қилмасдан шукроналик билан сарф қилайлик.
“Шоҳ – Аҳсавий” жомеъ
масжиди имом – хатиби
Ҳ.Ширинов
«орқага