ИСРОФГАРЧИЛИК ВА ТЎЙ-МАРАКАЛАРНИ КАМХАРЖ ЎТКАЗИШ МАДАНИЯТИ
13 апрел 2026 й.
474 марта ўқилди.
ИСРОФГАРЧИЛИК ВА ТЎЙ-МАРАКАЛАРНИ КАМХАРЖ ЎТКАЗИШ МАДАНИЯТИ
Бугунги кунда юртимизда тўй ва турли оилавий маросимларда ортиқча харажат қилиш, керагидан зиёд сарф-суммалар йўқотиш ҳолатлари учраб турибди. Бу эса жамиятда исрофгарчиликни кучайтиради, айрим оилаларни қарзга ботиради, бошқаларни эса ўз имкониятидан ортиқча иш тутишга ундайди. Аслида эса ҳар бир инсон сарф-харажатда меъёрни билиши, маблағни тўғри йўналтириши лозим.
Ислом таълимотида исрофгарчилик қораланиб, меъёрли, камхарж ва мақбул сарф-харажат тартиби афзал экани таъкидланган. Қуръони каримда шундай дейилади:
«Қариндошнинг ҳаққини адо эт, мискин ва йўловчи мусофирларга ҳам (мурувват кўрсат). Лекин исроф қилма. Зеро, исроф қилувчилар шайтоннинг биродарларидир» (“Исро” сураси, 26-оят).
Демак, силаи раҳм, хайр-эҳсон ва садақаларни адо этишда ҳам меъёрдан ошиш, исрофгарчиликка йўл қўйиш ман этилган.
Шунингдек, тўй ва бошқа маросимларда «эл нима дейди», «қўшнилар кўз-кўз қилади» каби ижтимоий босимлар сабаб сарф-харажатни ортиқча ошириш ҳолатлари кузатилмоқда. Ваҳоланки, диний жиҳатдан тўйнинг асосий мақсади — никоҳланиш, яъни оила қуришдир. Ундаги харажатлар мақтанчоқлик ёки жамоатчилик босими учун эмас, балки маънавий ва умумий фойдага қаратилган бўлиши лозим.
Афсуски, айрим тўйларда «эл нима дейди» деган ўй билан ортиқча дабдаба ва зоҳирбозликка йўл қўйилади. Бу эса на диний, на маънавий жиҳатдан маъқул. Ҳақиқий бахт тантананинг катталигида эмас, балки меҳр-муҳаббат, ўзаро ҳурмат ва аҳилликдадир.
Давлатимиз раҳбари ҳам сўнгги йилларда ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларида тўй ва маросимларни камхарж, ихчам ва тартибли ўтказиш зарурлигини таъкидлаб, бу орқали халқнинг иқтисодий юки енгиллашиши ва жамиятда маънавий муҳит соғломлашишини қайд этган. Шу асосда мамлакатимизда тўй ва маросимларни тартибга солувчи қоидалар ҳам қабул қилинди. Уларнинг асосий мақсади — фуқароларни чеклаш эмас, балки ортиқча исроф ва кераксиз харажатлардан асрашдир.
Бугунги кунда кўплаб оилаларда янги анъана шаклланмоқда — тўйларни содда ва самимий тарзда ўтказиш. Бундай маросимлар кўпчилик учун ибрат бўлмоқда. Уларда меҳмонлар сони меъёрда, дастурхон камтарона, муҳит эса самимий бўлади.
Исрофгарчиликка қарши курашиш нафақат иқтисодий, балки маънавий вазифа ҳамдир. Ҳар бир инсон тежамкорликни ҳаётининг ажралмас қисмига айлантирса, бу нафақат ўзига, балки оиласи ва жамиятига ҳам катта фойда келтиради.
Хулоса ўрнида айтадиган бўлсак, ҳар биримиз ҳаётимизда камтарлик ва тежамкорлик маданиятини шакллантиришимиз, ортиқча исрофдан сақланишимиз зарур. Ана шундагина жамиятда барқарорлик, аҳиллик ва барака қарор топади.
Вобкент туман бош имом-хатибининг
хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси
Назира Хамроева
«орқага















